Линклар


21 сентябр куни “Эзгулик” жамияти эълон қилган Тошкент вилояти бўйича диний эркинликларга оид 33 саҳифадан иборат ҳисоботда вилоятдаги турли дин вакилларига нисбатан чекловлар, тақиблар борасида гапирилади.

Ушбу ҳисобот “Эзгулик”нинг Тошкент шаҳридаги офисида Германия, Франция, Италия, Литва каби давлатларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари вакиллари иштирокидаги тадбирда тақдим қилинди.

“Эзгулик” фаолига кўра, ушбу ҳисоботнинг аввалгиларидан фарқи шундаки, унда вилоятдаги барча дин вакилларига оид вазият қамраб олинган.

Ҳисоботда айтилишича, сўнгги бир йил давомида вилоятда мусулмонлардан ташқари бошқа дин вакиллари, масалан, “Иегова гувоҳлари” , “Кришна шуури” каби ташкилот вакилларига нисбатан ҳам тақиблар кузатилди. Сўнгги икки йил давомида Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги Баптистлар уюшмасининг рўйхатга олиш ҳақидаги сўровлари жавобсиз қолаяпти.

Ҳисоботда мусулмонларнинг Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ каби туманларидаги масжидларида намозхонлар ҳуқуқ тартибот идораларининг кузатувлари остида бўлгани айтилади. Шунингдек, жума намозларига борган мактаб ўқувчилари тутиб кетилгани, Бектемир туманида ҳижобли қиз-жувонларга мактаб ва маҳаллалар фаолларининг босими кузатилгани ҳақида гапирилади ҳисоботда.

"Эзгулик"ка маълум бўлишича, жорий йилда мамлакат қамоқхоналаридан Тошкент вилоятида яшовчи тўққиз диндорнинг жасади келган.

Ҳисобот ҳақида Озодликка гапирган “Эзгулик” вакилига кўра, Тошкент вилоятида мамлакат бўйича энг кўп қамоқхоналар жойлашган бўлиб, қийноқлар қўлланилиши бўйича вилоят қамоқхоналари “Жаслиқ”дан кейинги ўринда туради.
XS
SM
MD
LG