Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:17

АҚШ Покистонни террорчиларга ҳомийликда айбламоқда


АҚШ ҳарбий штаблар бошлиқлари қўшма кенгаши раиси Адмирал Майк Маллен.
АҚШ ҳарбий штаблар бошлиқлари қўшма кенгаши раиси Адмирал Майк Маллен.

АҚШнинг энг юқори лавозимли ҳарбийси Покистонни Афғонистонга зўравон экстремизмни “экспорт қилаётганлик”да айблади. АҚШ ҳарбий штаблар бошлиқлари қўшма кенгаши раиси Адмирал Майк Малленнинг бундай кескин чиқишидан аввал АҚШ Сенати Покистонга берилаётган ҳар қандай ёрдам унинг экстремист гуруҳларига қарши кўраётган чораларига боғлиқ бўлиши лозимлиги ҳақида қарор қабул қилди. Вашингтон Исломободдан Толибонга алоқадор Ҳаққоний тармоғи номли гуруҳ билан ҳар қандай алоқаларни узишни талаб қилмоқда.


Пайшанба куни АҚШ Адмирали Майк Малленнинг Сенат аъзолари олдида қилган чиқиши кескинлиги билан мисли кўрилмаган бўлди. Штаб бошлиқлари кенгаши раиси лавозимини жорий ойда тарк этадиган адмирал Покистон махфий хизмати – Идоралараро разведка бошқармасини Афғонистондаги АҚШ кучларига қарши ҳужумлар амалга ошириб келаётган Ҳаққоний тармоғини қўллаб-қувватлаётганликда айблади.

Ҳаққоний тармоғи, деди Маллен, Покистон махфий идорасининг “ажралмас қаноти” сифатида амал қилади. АҚШ ҳарбий қўмондонининг разведка маълумотларига таяниб айтган сўзларига қараганда, Ҳаққоний тармоғи 13 сентябр куни Коблудаги АҚШ элчихонасига қилган ҳуружи ҳамда 10 сентябр куни юк машинасига ўрнатилган кучли бомба билан НАТО базасига қилган хамласида айнан Покистон разведка хизмати фаол ёрдам кўрсатган.

- Зўравон экстремиздан сиёсат усули сифатида фойдаланётган Покистон ҳукумати ва, айниқса Покистон армияси ва разведка хизмати нафақат стратегик ҳамкорлигимизни, балки Покистоннинг минтақада қонуний нуфузи бўлган давлат сифатида ҳурматга эга бўлиш микониятларини ҳам таҳлика остига қўяди, деди Маллен.

Агар Покистон “зўравон экстремизмни экспорт қилиш” орқали ўзининг нуфузини оширишни ният қилган бўлса, у адашади, чунки бундай йўл Покистоннинг ўзида хавфсизликка жиддий путур етказади, дея қўшимча қилди АҚШ ҳарбий штаблар бошлиқлари қўшма кенгаши раиси адмирал Майк Маллен. Адмирал Маллен жорий ойда ўз лаозимини тарк этди.

У билан бирга Сенатда ҳисобот берган АҚШ Мудофаа вазири Леон Панетта “Ўз қўшинларимизни ҳимоя қилиш учун барча воситаларни ишга соламиз”, дея баён қилди. Лекин айнан қандай амалий чоралар кўрилиши тўғрисида изоҳ беришдан бош тортди.

Айни пайтда Панетта, Покистон вакиллари “биз кўришимиз мумкин бўлган чоралардан ҳайрон бўлмасликлари” аниқ, дея қўшимча қилди.

"The Washington Post" газетасининг исми келтирилмаган АҚШ мулозимига таяниб хабар қилишича, Покистон Ҳаққоний тармоғига қарши чора кўришга қодир бўлмаса, ёхуд буни истамаса, Пентагон бу мамлакат ҳудудида пилотсиз учқичлар ёрдамида амалга оширилаётган ҳужумлар кўламини ошириш масаласини кўриб чиқиши мумкин.

Маллен ва Панеттанинг баёнотларидан бир кун аввал АҚШ Сенати қўмитаси Покистонга берилаётган иқтисодий ва хавфсизлик соҳасидаги ҳар қандай ёрдамни Исломободнинг жанггари гуруҳлар, жумладан Ҳаққоний тармоғига қарши курашда қанчалик ҳамкорлик қилишига боғлаб қўйиш тўғрисида қарор чиқарди.

Қўмита маъқуллаган қарор қонун кучигша кириши учун уни сенатнинг барча аъзолари ҳамда вакиллар палатаси маъқуллаши лозим.

Айни пайтда Кобулда нуфузли афғон мулозимлари сешанба куни Афғонистон собиқ президенти Бурҳониддин Раббонийнинг ўлдирилишида Покистон разведка хизматининг қўли бор демоқда.

Раббоний Кобул номидан Толибон билан тинчлик музокараларнини олиб бораётган кенгашга раҳбарлик қилиб келаётган эди. Толибон ҳаракати Раббонийнинг ўлдирилишини изоҳлаганича йўқ.

Лекин Покистон Ички ишлар вазири Раҳмон Малик Ҳаққони тармоғи гуруҳининг Покистон ҳудудида ҳаракат қилаётганига оид иддаоларни рад этди.

Чоршанба куни Исломободда АҚШ Федерал қидирув бюроси директори Роберт Мюллер билан учрашувдан кейин мухбирлар билан мулоқоти чоғида Малик Покистон “террорчиликка қарши курашнинг энг олди жабҳаларда тургани” ва Покистон ҳудудининг террорчилик мақсадларида фойдаланилишига ҳукумат йўл қўймаслигини таъкидлади.

- Ҳаққонийлар ҳақида гапирадиган бўлсак, бунга доир бир нечта масалани муҳокама қилдик. Ҳа, бу асабга тегувчи масаладир ва уни биргаликда ҳал этмоқдамиз. Биласиз, Ҳаққонийлар Совет Иттифоқи ва Афғон уруши маҳсулидир, у пайтларда биз ҳамкор бўлганмиз ва улар бу юртнинг ўғилларидир. Лекин мен ФҚБ директори Мюллерга улар Покистонда эмаслигини ишонч билан айтдим. Лекин АҚШ бунга доир бирор разведка маълумотларини тақдим этса, ўшанда албатта тегишли чора кўрамиз.

Лекин, орадан бир кун ўтиб Малик ўзининг бу масалага доир қарашлари ўзгартирди. Пайшанба куни Рейтрсга берган интервьюсида Покистон ички ишлар вазири Ҳаққоний тармоғининг баъзи элементлари Покистоннинг Жанубий Вазиристон минтақасида жойлашганини тан олди.

Кузатувчиларга кўра мазкур жанггари гуруҳида 10 мингдан 15 мингача жангчиси бўлиши мумкин.

Малик ўз интервьюсида “Бу минтақада уларга қарши чора кўриш имкониятларимиз чекланган. Бизга ахборот беринг, тегишли тергов ўтказайлик ва эҳтиёж бўладиган бўлса, операция амалга оширайлик”, деди.
XS
SM
MD
LG