Линклар

АҚШ Конгресси Ўзбекистонга ёрдам кўрсатишга қўйилган чекловларни бекор қилгани айтилмоқда. Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг аянчлилиги боис ўрнатилган чекловларни олиб ташлаш масаласи чоршанба куни кўриб чиқилиши лозим эди.

Eurasianet.org сайтининг АҚШ сенатидаги манбага таяниб маълум қилишича, конгресс вакиллари Вашингтоннинг Ўзебкистонга ҳарбий ёрдам кўрсатиши учун йўл очиб берадиган қарорини маъқуллаган.

Айни пайтда, пайшанба куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида АҚШ Ҳарбий флоти котиби Рэй Мэбус бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтгани хабар қилинмоқда. Ташқи ишлар вазирлигидаги манбага таяниб, Регнем агентлиги тарқатган хабарни Тошкентдаги АҚШ элчихонаси тасдиқлаганича йўқ. Маълум бўлишича, учрашувда АҚШ элчиси Жорж Кролл ҳам иштирок этган.

АҚШ ҳарбий мулозимининг Тошкентга ташрифи Конгрессда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти билан боғлиқ чекловларнинг бекор қилиниши пайтга тўғри келгани эътиборлидир.

Мазкур чекловлар АҚШ Конгресси томонидан 2004 йилда, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти аянчли аҳволда бўлгани боис жорий қилинган эди. Яқинда президент Барак Обама маъмурияти Афғонистонга юкларни транзит қилишда кўмаклашаётган Ўзбекистон билан ҳамкорликни ошириш имконини яратиш учун чекловларни бекор қилишни сўраган эди.

Айни пайтда Нью Йоркдан олинган хабарларга кўра, БМТ Бош ассамблеясида қатнашаётган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Элъёр Ғаниевнинг АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон билан кутилган учрашуви бекор қилинган. Eurasianet.org сайтига кўра, бунга АҚШ Давлат департаментининг Ўзбекистонни диний эркинликларни чеклаётган давлатлар қаторига қўшгани сабаб бўлган бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG