Линклар

Афғонистон собиқ президенти ва ҳукуматнинг жанггарилар билан тинчлик музокараларидаги бош намояндаси Бурҳониддин Раббоний 23 сентябр куни Кобул шаҳрида дафн қилинди.

Хавфсизлик чоралари кучайтирилган дафн маросимида кўп одам қатнашгани айтилмоқда.

Толиблар етакчилигидаги жанггарилар билан тинчлик музокаралари олиб боришга масъул бўлган Афғонистон Олий тинчлик кенгаши раиси Бурҳониддин Раббоний сешанба куни Кобулдаги уйида ўзини толибларнинг вакили деб таништирган худкуш шахс ҳужумидан ҳалок бўлди.

Дафн маросимида нутқ сўзлаган Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай жанггарилар билан ярашиш йўлидаги уринишларни давом эттиришга ваъда берди.

- Афғонистон тинчлиги ва шарафи йўлида шаҳид бўлганлар қони биздан тинчликка эришиш ва хавфсизликни таъминлаш йўлидаги уринишни давом эттиришни талаб қилади, - дея баёнот берди Афғонистон президенти.

Афғонистон полицияси Раббонийга суиқасд толиблар томонидан уюштирилганини тахмин қилмоқда.

Бироқ толиблар суиқасд учун масъулиятни ўз зиммасига олмади. Тожик миллатига мансуб бўлган 71 яшар Бурҳониддин Раббоний Толибон ҳаракати пойтахт Кобулни босиб олгунига қадар 1992 -1996 йилларда Афғонистон президенти бўлган.
XS
SM
MD
LG