Линклар

Жаслиқда "Ахборот" кўрмоқчи бўлган маҳбус ҳам жазоланмоқда


Қамоқхона ичкарисидаги қийноқлар ҳақида¸ маҳбуслар яқинлари ва собиқ тутқунлар орқали дараклар етиб келмоқда.

Қамоқхона ичкарисидаги қийноқлар ҳақида¸ маҳбуслар яқинлари ва собиқ тутқунлар орқали дараклар етиб келмоқда.

Ҳуқуқ фаолларига кўра¸ режим қамоқдаги диндорларни нима қилиб бўлса-да¸ озодликка чиқармоқчи эмас.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи тарқатган баёнотга кўра, Ўзбекистон конституцион тузумига тажовузда айбланиб, Жаслиқда жазо муддатини ўтаётган 40 нафар маҳкум яқинда ваҳшийларча қийноққа солинган.

Қамоқхона ички тартибини бузишда айбланиб, калтакланган маҳбуслардан бири¸ гуруҳнинг билдиришича¸ 2000 йилда 12 йилга қамалган Алижон Ҳалимовдир.

Тутқуннинг рафиқаси Комила Ҳалимованинг айтишича, эрини Жаслиқ қамоқхонасида қўли ва оёғи кишанланган ҳолда икки кун давомида шифтга осиб қўйишган ва таёқлар билан елкаларига уришган.

Фақат тундагина уни шифтдан олишган ва шу кишанлар билан каровотига занжирбанд қилишган.

-Ўшандан буён ҳануз унинг биқинлари ва елкаси оғрийди, эгила олмайдиган бўлиб қолган, дейди июл ойида Жаслиқ қамоқхонасида турмуш ўртоғини кўриб қайтган Комила Ҳалимова.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, маҳкумлар қамоқхона маъмуриятидан колонияга газеталар келтирилишини ёки озроқ бўлса ҳам “Ахборот” дастурини томоша қилиш имконини яратишни сўраган, лекин уларнинг илтимоси қондирилмай, тартибни бузишда айблашган.

- Атайлабдан қамоқхона тартибини бузди¸ деб туриб, уларни қамоқхонада узоқроқ қолдириш ёки йўқ қилиб юбориш бу ерда мақсад. Буларнинг кўпчилиги қамоқдан чиқиши яқинлашиб қолган маҳбуслар, дейди Суръат Икромов.

Алижон Ҳалимовнинг яқинлари унинг 12 йиллик жазони ўтаб, келаси йил март ойида қамоқдан чиқишини кутишмоқда. Икки фарзанднинг отаси бўлган 38 яшар Ҳалимов Тошкентдаги 1999 йил 16 феврал портлашларига алоқадорлик айби билан қамалган. Аммо қамоқхона ички тартибини бузганлик учун жазоланган маҳбусга янги жазо муддати қўшилгани тахмин қилинмоқда.

Суръат Икромовга кўра, чиқиш муддати яқинлашган маҳбусларни уйдирма айб билан қамоқда яна қолдириш ҳоллари кейинги ойлар ичи кўпайиб бормоқда.

- Буларнинг сони кўп бўлгани учун, улар қамоқдан чиқса қасдини олиш учун қандайдир курашни бошлармиш, қамоқдан чиққанидан сўнг милиция, прокуратура ходимларидан ўч олиши мумкин, деган гумонлар ҳам бор. Шунинг учун уларни чиқариш нияти йўқ. Иложи борича уларни қамоқда сақлаб қолиш мақсад, дейди Сурат Икромов.

Ўзбекистон қамоқхоналари маҳбусларга ноинсоний, шафқатсиз муомала туфайли дунёга танилган давлатдир.

Бир неча йил мобайнида БМТ қаршисида айни масала юзасидан ҳисобот берган Ўзбекистон расмийлари қийноқларни бартараф этиш, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш мақсадида кўп ишлар амалга оширилгани ҳақида гапирганлар.

Аммо инсон ҳуқуқлари фаоллари ва қатор халқаро ташкилотлар вазиятнинг ҳамон ўзгаришсиз қолаётганини айтиб келишади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG