Линклар

Чеченистонга Муҳаммад пайғамбарнинг косаси келтирилди


Чечен президенти пайғамбарнинг косасини аэропортдан шахсан ўзи Грозний Жоме масжидига олиб келди.

Чечен президенти пайғамбарнинг косасини аэропортдан шахсан ўзи Грозний Жоме масжидига олиб келди.

Чечен президентининг ваъда қилишича¸ яқин келажакда бу косани истаган одам бориб кўриши мумкин.


21 сентябр куни Чеченистон пойтахти Грозний аэропортига махсус авиарейс билан келиб қўнган самолётда Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в.) ишлатган идиш келтирилди.

Махсус қутига солинган косани учоқдан Чеченистон президенти Рамзан Қодировнинг ўзи олиб чиқди ва усти очиқ машинада Аҳмад ҳожи Қодиров Жоме масжидига олиб борди, дейди Озодлик Радиосига Чеченистон Мусулмонлар диний бошқармаси раиси муовини Муса Дадаев.

- Косани Лондондан тадбиркор Руслан Байсаров кузатиб келди, аэропортда эса уни Рамзан Қодировнинг ўзи қабул қилиб олди. Бу коса ҳозир Центорройда - Қодировнинг ота юртида, деб эшитдик. У энди тоабад Чеченистонда қолади, Мавлуднинг 12 кунига олиб чиқиб мусулмонларга кўрсатилади, ундан хоҳлаган мусулмон сув ичади – Рамзан Қодиров шундай деди. Унинг кейинги тақдири ҳозирча номаълум, жамоатчилки ва раҳбарларимиз бу масалани муҳокама қилмоқдалар, балким музейга ўхшаш жой махсус очилади, деди Чеченистон Мусулмонлар диний бошқармаси расмийси Муса Дадаев.

Унинг гувоҳлигича, Пайғамбарнинг (с.а.в.) косаларини олиб келаётган автомобил кортежини Грозний кўчалари бўйлаб бир неча километрга тизилган минглаб чеченистонликлар қарши олди. “Кўпларининг кўзларида ёш эди”, дейди оқсоқол Муса Дадаев.

Бу ноёб буюмнинг ўтмиши ва келгуси тарихини, бу воқеанинг мусулмонлар учун қанчалик аҳамиятли эканини Чеченистон Президенти матбуот котиби Алви Каримов гапириб берди.

- Россия ҳудудига биринчи маротаба Пайғамбар (с.а.в.) ишлатган буюм келтирилди ва бу факт ҳеч қачон ва ҳеч ким томонидан инкор этилмаган. Яъни у киши бу идишдан ҳақиқатан еганлар,ичганлар. Пайғамбаримиз вафот этганларидан кейин уни амакиваччалари Али ибн Абутолиб сақлаганлар. Ундан кейин коса қизлари Фотима ва у кишининг ўғиллари Ҳасан ва Ҳусанга теккан. Шу тариқа коса Пайғамбаримиз авлодлари томонидан қўлдан қўлга ўтиб келган. Ваҳҳобийлар босими остида Маккаю Мадинадан чиқиб кетган авлод вакиллари уни Лондонга олиб чиққан, дейди Алви Каримов.

Чечен Президенти матбуот котибининг сўзларига кўра, 1400 йиллик бу косадан ташқари Грознийга Пайғамбар қабрларига ёпинчиқ сифатида ишлатилган яна иккита қадимий гилам ҳам келтирилган.

Журналистлар олдида қилган чиқишида Алви Каримов бу ҳодисани “буюмга бўлган сиғиниш сифатида эмас, балки шу буюмни ишлатган буюк зотга бўлган ҳурмат сифатида” талқин этишни сўради.

- Айрим журналистлар мендан “Бу буюмларнинг нархи қанча?”, деб сўради. Булар бебаҳо! На миллиард, на триллион доллар туради улар! Энг асосийси, истаган россиялик истаган вақтида Чеченистон Республикасига келиб¸ бу нарсаларни кўриб кетиши мумкин. Бу идиш 14 аср давомида одамлар томонидан сақлаб келинди. Биз, оддий мусулмонлар, шундай нодир нарсаларнинг бизга келтирилганидан жуда хурсандмиз, деди Алви Каримов.

Маълум бўлишича, бу идиш Англияда шахсий коллекциялардан бирида сақланиб келинган ва Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в.)га тегишли бўлган саноқли буюмлардан бири ҳисобга киради.

Буюмларни Чеченистонга олиб келишда чеченистонлик тадбиркор (машҳур россиялик қўшиқчи Кристина Орбакайтенинг собиқ эри) Руслан Байсаровнинг ҳиссаси катталигини Грозний Жоме масжидига йиғилганлар олдида Президент Рамзан Қодиров маълум қилди.
“Халқимиз ва барча Россия мусулмонларига қилган бебаҳо совға учун унга катта раҳмат айтамиз”, деди Рамзан Қодиров.

Айрим матбуот хабарларига кўра, бу косага Саудия Арабистони ва Иордания эгалик қилиш ниятида бўлган¸ лекин Пайғамбар авлодлари уни Чеченистонга топширган.

Пайғамбар (с.а.в.)га тегишли косадан ташқари Россияда халифа Усмон ибн Аффон (р.а.)нинг қони саҳифаларига тўкилгани айтилаётган Қуръоннинг асл нусхаси (халифа Усмон мусҳафи) ҳам бўлган.

1868 йилда Самарқандни истило қилган генерал фон Кауфман томонидан мусодара этилиб Санкт-Петербургдаги императорлик жамоат кутубхонасига топширилган бу муқаддас китоб 1923 йилда махсус поездда Тошкентга қайтариб келтирилган ва 1989 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идорасига топширилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG