Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:21

МХХ: Ўзбекистон исломий ҳаракати таназзулда


Тоҳир Йўлдош ўлимидан сўнг ЎИҲ га унинг куëви Усмон Одил бош бўлган.
Тоҳир Йўлдош ўлимидан сўнг ЎИҲ га унинг куëви Усмон Одил бош бўлган.

Тоҳир Йўлдош ўлимидан сўнг бу ҳаракат ҳам бошқарув¸ ҳам молиявий жиҳатдан инқирозга юз тутган¸ дейди ўзбекистонлик айрим таҳлилчилар.


CentralAsiaOnline интернет нашри Ўзбекистон исломий ҳаракатида кучли лидерлар йўқлиги боис¸ ҳаракат ўлган террорчилар мурожаатларидан фойдаланаётганини маълум қилди.

Марказий Осиёдаги хавфсизлик муаммолари бўйича ўзбекистонлик мутахассис Марат Шербутовнинг CentralAsiaOnline нашрига айтишича, ЎИҲ лидери Тоҳир Йўлдош 2009 йил августида амалга оширилган ракета ҳужуми оқибатида ўлганидан кейин ҳаракатга бошчилик қила оладиган шахс топилмай, “вакуум” ҳолати пайдо бўлган.

Тоҳир Йўлдош АҚШнинг Покистондаги ҳарбий амалиëтлари чоғида 2009 йил сентябрида ўлдирилган эди.

Янги “амир” этиб тайинланган Усмон Одил эса Тоҳир Йўлдош каби етакчилик қобилиятига эга эмас¸ деб таъкидлайди ўзбекистонлик таҳлилчи..

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг терроризмга қарши бўлими таҳлилчиси Д.Расул айтганига асосланиб интернет нашрининг яна билдиришича, Ўзбекистон исломий ҳаракатининг янги раҳбарлари ҳеч қандай салоҳиятга эга эмас.

Шу боис сўнгги бир йил давомида ЎИҲ ўз ичида кичик гуруҳларга бўлиниб кетган.

Айни пайтда, араб террорчиларининг ЎИҲга молиявий ёрдам кўрсатиши тўхтаган.

Хориж билан алоқаси бўлмаган Усмон Одилнинг ҳаракат аъзолари ичида мавқеи ва таъсири йўқ ва бундай вазият шу кунгача давом этиб келмоқда¸ деб таъкидлайди Ўзбекистон МХХ си эксперти.

Шунга яқин фикрларни Озодликка покистонлик журналист¸ ЎИҲ ҳақидаги китоблар муаллифи Аҳмад Рашид ҳам билдирган эди. Аҳмад Рашид ЎИҲ бугун ягона ташкилот, деб кўрилмаслиги лозим¸ зотан у бошқа жанггари гуруҳлар билан қоришиб кетган ва олдига қўйган мақсадлари ҳам каттароқдир¸ деган фикрда.

- Афтидан бир нечта ходиса рўй берди. Биринчидан ЎИҲ бир неча гуруҳга бўлиниб кетди. Ҳозирда минтақада ЎИҲдан ажралиб чиққан бир нечта гуруҳ, жумладан Исломий Жиҳод Иттифоқи ва Марказий Осиё Толиблари каби гуруҳлар ҳаракат қилаётганини кўриш мумкин. Бу гуруҳлар нега ажраб чиққанини аниқ айтиш қийин, лекин буни Ал-Қоида мазкур гуруҳларни назорат қилиш мақсадида ташкил қилганини тахмин қилиш мумкин, дейди журналист.

ЎИҲ ёки унга алоқадор гуруҳлар Ўзбекистон ёки ҳорижда рўй берган бир нечта ҳужумларда айбланди.

Шу йилнинг ёзида ЎИҲ ўз етакчиси Тоҳир Йўлдош ўтган йили АҚШ амалга оширган ҳаво ҳужумида ўлдирилганини тан олди. Унинг ўрнига куёви Усмон Одил ҳаракат етакчиси, этиб тайинлангани айтилди, бироқ ҳаракат узоқ вақт Тоҳир Йўлдош ўлимини тан олмасдан¸ унинг эски аудиобаëнотларини янги сана билан эълон қилишни давом эттириб келди.

Ҳам Ўзбекистон¸ ҳам халқаро майдонда Ал-Қоида тармоғига алоқадор террор гуруҳлари рўйхатига киритилган Ўзбекистон исломий ҳаракати сафида қанча аъзо борлигига оид аниқ маълумот йўқ.
XS
SM
MD
LG