Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:59

Тожикистонда ҳам болалар пахта термоқда


Маълумотларга кўра, Тожикистонда пахтанинг 40 фоизини болалар теради.
Маълумотларга кўра, Тожикистонда пахтанинг 40 фоизини болалар теради.

Тожикистон шимолидаги ўрта мактабларнинг ўқувчилари пахта теримига жалб қилинди.

“Азия плюс” ахборот агентлиги маълумотига кўра, шу кунларда асосан Сўғд вилоятига қарашли Конибодом туманидаги таълим муассасалари ходимлари, студентлар ва 6-11 синф ўқувчилари “ихтиёрий мажбурий пахта териш” компаниясига жалб қилинган.

Хабар агентлиги манбасининг айтишича, пахта теришдан бўйин товлаган студентлар ўқишдан ҳайдалади ёки ҳарбий хизматга юборилади.

Мавзуга ойдинлик киритиш учун Конибодом туман ҳукуматига сим қоқдик. Телефон гўшагини кўтарган, аммо ўзини таништирмаган ходим юқоридаги маълумотларни инкор қилди.

- Туманимиз мактаб ўқувчилари пахтага ҳайдалгани ҳақида сиздан эшитаяпман. Бирорта ҳам мактаб ўқувчиси далада эмас, мактаблар тўла режимда фаолият қилаяпти, - деди Конибодом туман ҳукуматининг ўз исмини айтмаган ходими.

Аммо конибодомлик ота-оналар ва мактаб ўқитувчилари билан суҳбатлардан эса болалар пахта даласида тер тўкаётгани маълум бўлди.
Бироқ, суҳбатдошларимизнинг айтишича, мактаб болалари ўзлари ихтиёрий тарзда пахта йиғим-теримида қатнашмоқда экан.

- Шаҳар мактабларида ўқиётган болалар умуман пахтага чиққанлари йўқ. Қишлоқ мактабларининг талабалари эса ўз ихтиёри билан ота-онасига ёрдам бериш учун, дарсдан кейин бораяпти. Бу ихтиёрий, ота-оналар ҳам қарши эмаслар, - дейди Конибодом тумалик суҳбатдошимиз Мақсуджон ака.

Исми сир қолдирилишини сўраган бошқа бир суҳбатдошимиз эса студент ўғли олийгоҳ томонидан пахта териш учун далага ҳайдалганини айтди. Аёл бу йил ўтган йилдагиларга нисбатан терилган пахта учун яхшигина пул тўланаётганини айтди.

- Ҳа ўғлим пахта теримига чиққан. Энди 50 дирамдан ( 0,10 цент, таҳр,.) бўлгандан кейин пахтага боради-да, болаларимиз. Шаҳарда ўқийди, ҳеч бўлмаса йўлкираси чиқади-ку, - дер экан, аёл студент ўғли энг қимматли дақиқаларини пахта даласида ўтказаётганига қаршилиги йўқлигини қўшимча қилди.

Мавзу юзасидан суҳбатлашганимиз конибодомлик бошқа ота-оналар ҳам Тожикистондаги бугунги ижтимоий ва иқтисодий аҳвол туфайли кўпчилик оилалар фарзандларининг дарсларда қатнашишидан кўра, йилда бир марта келадиган мавсумда оила бюджетига қўшимча даромад қилиб қолишларига зид эмасликларини айтдилар.

Аснода Тожикистон расмийлари олийгоҳ талабалари ва мактаб ўқувчиларини пахта йиғим-теримига жалб қилиш қонунга хилофлигини таъкидлашади.

Тожикистоннинг “Таълим тўғрисидаги қонуни”га кўра, таълим муассасалари ишчилари, аспирантлар, студентлар ва мактаб ўқувчиларини қишлоқ хўжалик ишларига жалб этиш тақиқланиши белгиланган.

Халқаро миграция ташкилотининг Тожикистондаги ваколатхонаси экспертлари ўтган йил кузида бу мамлакатда пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан фойдаланиш бўйича мониторинг ўтказганди.
Натижада республика мактаб ўқувчилари ва студентларининг аксарияти 2010 йилда пахта йиғим-теримига жалб қилингани аниқланган.

Айни пайтда пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланишга оид далилларни яшириш мақсадида тожик расмийлари болалар ва уларнинг ота-оналарига омавий ахборот воситаларининг бунга оид саволларига қандай жавоб бериш борасида кўрсатмалар бергани ҳам айтилган.

Халқаро меҳнат ташкилотининг Тожикистонда болалар меҳнатини тугатиш бўйича дастури координатори Ситора Шокамоловадаги маълумотларга кўра, тожикистонлик болалар ҳар йили пахта ҳосилнинг 40 фоизини териб берадилар.
XS
SM
MD
LG