Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:58

Қирғизистонда сайлов пойгаси бошланди


Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси 25 сентябргача президентликка номзод сифатида 20 кишини рўйхатга олди.

Шу тариқа ўзини ўзи кўрсатган номзодлардан Қубатбек Байбўлов, Марат Султанов, Роман Ўмўров, Ўмурбек Суваналиев, Қурманбек Ўсмўнов, Алмамбет Матубраимов, Марат Иманқулов, Қубаничбек Исабеков, Ақилбек Жапаров, Жумабек Тўқтўғазиев, Сўўрўнбай Дийқанов, Алмаз Каримовлар, сиёсий партиялардан номзоди кўрсатилганлардан эса Қамчибек Ташиев (Ата-Журт), Адахан Мадумаров (Бутун Қирғизистон), Темирбек Асанбеков (Мекен Интимағи), Анарбек Қалматов (Ар-Намис), Шамшибек Медетбеков (Эл бийлиги), Исҳақ Масалиев (Қирғизистон коммунистлари партияси), Арстанбек Абдилдаев (Эл учун), Алмазбек Атамбаев (Қирғизистон социал-демократик партияси) 29 октябргача ўз фойдасига сайлов ташвиқотини юритиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.

100 000 сўм (2200 АҚШ долларидан кўпроқ) миқдорида сайлов гаров пули қўйган, ўз номзодини қўллайдиган 30 минг сайловчининг имзосини тўплаган ва Тил комиссияси (қирғиз тили) имтиҳонидан ўтган бу номзодларнинг 35 кун ичида сайловолди ташвиқоти учун сарфлайдиган пули 50 миллион сўмдан (1,11 миллион АҚШ долларидан кўпроқ) ошмаслиги керак.

Даставвал Қирғизистон Марказий сайлов комиссиясига президентликка номзод сифатида 83 киши ҳужжат топширганди. Улардан 63 нафари турли сабабларга кўра сайловдан четлатилди. Масалан, Қирғизистоннинг парламент республикасига айланишидаги ислоҳотлар бошида турган Ўмурбек Текебаев куни кеча ўз номзодини олиб ташланишини сўраб МСКга мурожаат қилган.

Кеча номзоди олиб ташланган “ЭрК” партияси лидери Турсунбай Бакир уулу, “Асаба” партияси лидери Салмўўрбек Дийқанов ва вақтинча ишсиз Тўрўбай Кўлубаевнинг сайловчилардан етарлича имзо йиғолмагани иддао қилинмоқда.

- Булар йиққан имзо 30 мингга етмай қолди. Норози бўлганлар судга мурожаат қилиб, ўша ерда масаласини ҳал қилиб олишлари мумкин, - деди Марказий сайлов комиссияси аъзоси Жарқин Бапанова.

Аммо аввалги сайловларда ҳам бир неча марта президентликка номзоди кўрсатилган Турсунбай Бакир уулу ўзининг сайловдан четлатилишини сиёсий буюртма сифатида баҳоламоқда.

- Ақаев, Бакиев даврида улардан кейин энг кўп имзо йиққан одам мен бўлганман. Ўша пайтларда 200-300 мингдан кўпроқ имзо топширгандим. Шу сабабли имзо йиғишда тажрибам бор. МСК чиқарган қарор сиёсий буюртма бўлган. Чунки мен ва Салмўўр Дийқанов 22 сентябр куни давлат тили бўйича имтиҳондан ўтганмиз. Агар имзо йиғиш пайтида хатога йўл қўйган бўлсак, у ҳолда Нариман Тулеев, Тўқтайим Уметалиева каби имтиҳонга киргизилмаслигимиз керак эди. Эндиликда мен МСК қарори бўйича судга мурожаат қиламан. Иккинчидан, жой-жойларда одамлар “бош кўтарамиз” деяпти, мен уларни тўхтатмайман, - деди Турсунбай Бакир уулу Озодлик радиосининг қирғиз шўъбасига берган интервюсида.

Агар сайлов пойгасидан четлатилган шахсларнинг МСК қарорига қарши даъволари қондирилса, номзодлар рўйхати яна узайиши мумкин.

Қирғизистоннинг 2010 йилда қабул қилинган конституциясига мувофиқ, бу мамлакатда президент 6 йилга сайланади. Янги қомусда “бир шахс икки марта президент бўлиб сайланиши мумкин эмас”лиги белгилаб қўйилган.

Президентлик лавозимига хорижий давлат фуқаролигига эга бўлмаган, 35 ёшдан кичик ва 70 ёшдан катта бўлмаган, давлат тилини биладиган ва республика ҳудудида 15 йилдан кам яшамаган Қирғизистон фуқароси сайланиши мумкин.
XS
SM
MD
LG