Линклар

Минглаб фаластинлик якшанба куни Рамаллоҳда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қароргоҳи Ню Йоркка сафардан қайтиб келган президент Маҳмуд Аббосни олқишлаб кўчага чиқди.

Фаластин мухторияти раҳбари Аббос 23 сентябр куни БМТ Бош Котиби Бан Ки Мун билан учрашган пайтда унга Фаластин мустақиллигини тан олиш ва Фаластинни мустақил давлат сифатида БМТ аъзолигига қабул қилишни сўраб, расман ариза топширган эди.

Рамаллоҳда йиғилган оломонга қарата қилган чиқишида Маҳмуд Аббос буни “Фаластин баҳорининг бошланиши”, деб атади.

- Босиб олинган Фаластин ҳудудларига исроиллик кўчманчиларнинг келиши тўхтатилмас экан, ҳеч қандай тинчлик музокаралари ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас, - деди Аббос.

Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олиниши сўралган ҳужжат БМТ Хавфсизлик кенгашида 26 сентябр куни муҳокама этилиши режаланган.

Фаластинликлар ўзларининг давлати чегаралари 1967 йилги чегаралар асосида барпо этилишини талаб қилмоқдалар.
XS
SM
MD
LG