Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:15

Шейн Бауер: Эрон режими қаттолликларини бошдан кечирдик


Икки йилдан кўпроқ Эронда ҳибсда ушлаб турилган икки америкалик сайёҳ Теҳрон қамоқхонасида кўрган-кечирганларини журналистларга сўзлаб берди.

Ўтган ҳафта Эрон қамоқхонасидан озод бўлиб, АҚШга - оилалари бағрига қайтган 29 ёшли Шейн Бауэр ва Жош Фатталлар якшанба куни Ню Йоркда журналистлар билан учрашди.

Учрашув чоғида сайёҳлар бошидан айбсиз бўлганликлари, Эрон уларни америкалик бўлганлари учунгина қамоққа ташлаганини айтишди.

- Ҳеч бир гуноҳ иш қилганимиз йўқ эди аслида. Ироқ-Эрон чегарасини кесиб ўтганлик шунчаки бир баҳона эди. Америкалик бўлганимиз учун бизни шунча вақт қамоқда ушлаб туришди, - дейди Шейн Бауэр.

Теҳроннинг Эвин қамоқхонасида ўтириб чиққан америкалик сайёҳлардан яна бири Жош Фаттал у ерда маҳбуслар калтаклангани ва қийноққа солингани гувоҳи бўлганини айтади.

- Яқинларимиздан юборилган хатларни олиш учун очлик эълон қилишимизга тўғри келган. Қамоқда бошқа маҳбусларнинг қичқириқ овозлари доим эшитилиб турар эди. Бу қийноққа солинган маҳбусларнинг дод-вой чийқириқлари эди. Биз уларга ёрдам қилолмас эдик, - дейди Эвин қамоқхонасида икки йилдан ортиқроқ вақт ўтирган Жош Фаттал.

Шунингдек, сайёҳлар Эрон қамоқхонасидаги ўта янчли аҳвол ҳақида ҳам журналистларга сўзлаб бердилар.

- Қамоқхона шароитлари ҳақида шикоят қилсак, қўриқчилар Гуантанамо қамоқхонасидаги аҳволни пеш қилишарди, - деб эслайди Шейн Бауер.

Икковлон шу ой бошида ўтказилган маҳкама жараёнида жосусликда айбдор топилиб, саккиз йил қамоқ жазосига ҳукм этилгандилар.

- Бизнинг устимиздан ўтказилган икки маҳкама шу қадар сохта эдики, улар бизга нисбатан кулгили, бўҳтон айбловларни ўйлаб топишарди, бизни гўё Эронга қарши Америка-Исроил фитнасининг иштирокчиси сифатида кўришарди. Хуллас, Сара, Жош ва мен Эрон режими қаттолликларини ўз бошимиздан кечирдик, - дейди Шейн Бауэр.

Бауэр ва Фаттал ҳамда улар билан бирга бўлган яна бир сайёҳ Сара Шоурд 2009 йили Ироқдан Эрон ҳудудига тасодифан ўтишган пайтда ҳибсга олингандилар.

Ўтган йили Сара Шоурд соғлиғи ёмонлашгани туфайли ҳибсдан озод этилганди.

Хабарларга кўра, Шейн Бауэр ва Жош Фаттал ўтган ҳафта 1 миллион АҚШ доллари миқдорида товон пули эвазига озод этилган.

- Гаровга олинганимизни биз бошданоқ англаган эдик, - дейди Жош Фаттал.
XS
SM
MD
LG