Линклар

Тошкентда янги аэровокзал ишга тушди


Тошкент аэровокзали ташқи кўриниши (УзА сайтидан олинди).

Тошкент аэровокзали ташқи кўриниши (УзА сайтидан олинди).

26 сентябр куни Тошкент шаҳрида маҳаллий йўналишларга хизмат кўрсатувчи янги аэровокзал ишга тушди.


Пойтахтнинг Сирғали туманида жойлашган "Тошкент аэропорти - 3" янги аэровокзали шаҳарнинг Сайфи Олимов (собиқ Полевая) кўчаси билан "Тошкент автомобил айланма йўли" кесишган жойда жойлашган.

Мустақилликнинг 20 йиллик байрамига топширилиши режалаштирилган янги аэровокзал кутилганидан қарйиб бир ой ўтиб ўз фаолиятини бошлади.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкатининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, қурилиш материаллари етишмаганлиги боис аэровокзал белгиланган вақтида ишга туширилмаган.

Ширкат ходимига кўра, 26 сентябрдан бошлаб эски аэровокзал ёпилиб, маҳаллий йўналишдаги барча рейслар Сирғалидаги янги аэровокзалдан уча бошлади.

Миллий меъморчилик анъаналаридан кенг фойдаланилган ҳолда барпо этилгани айтилаётган икки қаватли янги аэровокзал соатига 400 йўловчига хизмат кўрсатиш имконига эга.

Тошкент аэровокзали (УзА сайтидан олинди).
Янги терминалда 10 та самолёт учун перрон бўлиб, аэровокзал
биносида учиш ва келиш заллари, расмий делегацияларга хизмат кўрсатиш зали, она ва бола хонаси, тиббиёт пункти, дорихона, валюта айирбошлаш шохобчаси, ресторан, маълумотхона хизмати мавжуд.

29 август куни аэровокзалга ташриф буюриб, қурилиш жараёни билан танишган президент Ислом Каримов бинодаги хавфсизлик масалалари яхши йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаган эди.

ЎзА агентлигига кўра, янги аэровокзал хавфсизлигини таъминлаш учун замонавий электрон асбоб-ускуналар ва техник воситалар билан жиҳозланган, терминал биноси олдида иккита назорат-ўтиш жойига эга хавфсизлик зонаси ташкил этилган.

Янги аэропортнинг фуқаролар учун ноқулайлик тарафлари ҳам бор. Эндиликда хориждан учиб келган ўзбекистонликлар халқаро аэропортдан янги аэропортгача автобусда 10 дақиқа юришларига тўғри келади.

“Ўзбекистон хаво йўллари” ширкати ходимасига кўра, ҳозирда халқаро аэропортдан янгисига ҳар 10-15 дақиқада махсус автобуслар йўлга қўйилган бўлиб, улар йўловчиларга текин хизмат кўрсатади.

Халқаро авиайўналишлар орқали учиб келган хорижликлар эндиликда расмийлаштириш жараёнларидан ўтгач, аэропорт ҳудудидан чиқмаган ҳолда махсус автобусда янги аэровокзалга етказилади ва Ўзбекистоннинг истаган ҳудудига учиш имконига эга бўладилар.

Дастлаб август ойида, кейинчалик сентябр ойи бошида ишга туширилиши айтилган янги аэропорт қурилишига қарийб 100 миллиард сўм маблағ сарфлангани айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG