Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:45

Фуадга марсия


Фуад Рустамхўжаев ЎХХнинг Берилн Қурултойида.
Фуад Рустамхўжаев ЎХХнинг Берилн Қурултойида.

24 сентябр куни Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Россия бўлими раҳбари Фуад Рустамхўжаев Ивановодаги уйи олдида отиб кетилди. Қотиллар таксида унинг уйи олдигача келган ва Рустамхўжаев билан ўзбек тилида қаттиқ-қаттиқ сўзлашишган. Сўнгра эса у ердан отишма овозлари эшитилган.


Фуад билан бундан роппа-роса бир йил олдин Истанбулда Муҳаммад Солиҳнинг уйида учрашган эдим.

Хоразмдан келтирилган авангард гуручга фарғонача ош қилган эди раҳматлик.

Журналист касби одамни беписанд ва скептик қилиб қўяди. Аммо илк суҳбатданоқ Фуад Рустамхўжаев бургут каби ўткир нигоҳи, закий тафаккури билан мени ўзига тортди.

Фуад Ўзбекистон режимига қарши тура оладиган кенг қамровли халқ ҳаракатини Россиядаги меҳнат мигрантлари ичида шакллантириш керак, деган фикрни ўшанда айтган эди.

Сал вақт ўтиб Ўзбекистон Халқ Ҳаракати тузилди.

Берлиндаги қурултойни ëритиш учун йўлга чиқарканман, қурултой ташкилотчиларига қўнғироқ қилдим.

Телефон гўшагини Фуад кўтарди. Мени танигач, ошиғич самимият билан сўрашди.

Дадиллик, ўз мақсадига эришишига мутлақ ишонган одамнинг собитлик бор эди раҳматликнинг овозида.

Берлин қурултойи мухолифатга 20 йилдан бери ëпишган хасталиклардан ҳоли эмас эди.

Асосий масала қолиб, мингинчи даражадаги масалаларни ëтиб олиб талашадиганлар қурултойга ажратилган вақтни қурт каби кемира бошлаганига чидай олмаган Фуад ғоз ўрнидан туриб мажлис аҳлига хитоб қилди.

Мажлис тугаганидан кейин Фуад Германия Бундестаги депутати Виола Крамер хоним билан суҳбатлашди.

Ана шундан кейин Фуад билан хайрлашдик.

Йўл йўлакай ўзбек халқи дунëни ҳашорат каби мардикорлар билан эмас, балки Фуад каби марди-майдонлар билан тўлдира бошлаганидан қаноат ҳиссини туйиб мағрурландим.

Ҳеч бўлмаса бепоëн Россияда битта Фуад борлигининг ўзи ҳам ҳафсаласи доимо пир мен каби журналист учун катта гап эди.

24 сентябр куни Фуад Рустамхўжаевнинг отиб ўлдирилгани хабари етиб келди.

Лондондаги журналист дўстим Фуадга таъриф берар экан, раҳматликда Абдулқуддус Мирзаевнинг диний илми ва Алишер Сойиповнинг жасорати мужассам эди, дея таъкидлади.

Бу гапларни ëзаëтганим 26 сентябр куни Ивановада аср номозидан сўнг Фуаднинг жасади тупроққа берилди.

Алишер Сойипов, Абдулқуддус Мирзаев ортидан Фуад Рустамхўжаев ҳам бақо шаҳрига кетди...

Биз тирикларга эса битмаган иш, ғалабасини 20 йилдан бери кутаëтган кураш жабҳаси қолди.
XS
SM
MD
LG