Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:29

Кудриннинг "ўзгача позицияси" Россия сиёсий саҳнасидаги томошага мос келмади


Владимир Путиннинг 2012 йил президент сайловида қатнашиши ва, албатта, сайловда ғалаба қозонганидан кейин Дмитрий Медведев бош вазир лавозимига ўтиши эълон қилиниши биланоқ кўп йиллардан бери Россия молия вазири лавозимини эгаллаб келаётган нуфузли фигуралардан бири Алексей Кудрин Медведев ҳукуматида вазир бўлиб ишламаслигини эълон қилди. Путинга яқин шахслардан бирининг бундай демарши кўпчилик учун кутилмаган бўлди ва Путиннинг президентлик курсисини силлиққина қайтариб олиш уринишларига бироз кўнгилғашлик қўшди.


Алексей Кудрин шанба кунги баёнотидан кейин президент Дмитирий Медведев билан илк учрашуви ҳам некбин ўтди, деб бўлмайди.

Медведевнинг “президент сиёсатидан норози бўлсангиз, марҳамат қилиб истеъфо беринг”, деган таклифига Кудрин “бу ҳақда бош вазир Путин билан маслаҳатлашиб, қарор бераман”, дея жавоб берди. Ўз навбатида Медведев “ҳозирча президент” экани ва бундай қарорни ўзи қабул қила олишини эслатди.

Президент Дмитрий Медведев ва бош вазир Владимир Путинларнинг ўзаро рокировкаси ҳақидаги янгилик пайдо бўлиши биланоқ бу ҳодисага кутилмаган муносабат Вашингтондан келди.

АҚШ пойтахтида молиявий масалалар бўйича халқаро кенгашда қатнашаётган Россия Молия вазири Алексей Кудрин журналистлар билан мулоқоти чоғида Медведев ҳукуматида вазир лавозимида ишлаш нияти йўқлигини таъкидлади.

“Мен ўзимни янги ҳукумат сафида кўра олмайман, бу ерда гап янги ҳукуматга қўшилиш таклифини олмаганимдагина эмас”, деди Кудрин 24 сентябр куни РИА Новостига берган интервьюсида. Будай таклиф бўладиган тақдирда ҳам, уни қабул қилишга “ўзаро келишмовчиликлар” тўсқинлик қилишини қўшимча қилди у.

Катта Саккизлик давлатлари орасида энг узоқ муддат молия вазири курсисини эгаллаб келаётган Кудриннинг Путинга яқин доирадаги нуфузли шахслардан бири экани айтилади. Ғарбда у Путиннинг икки муддат президентлик қилган даврда принципиал, молия масалаларида консерватив ва, хусусан, Россия иқтисодини мувоффақиятли тарзда бошқарган вазир сифатида ҳурмат қозонган.

Унинг истиқболдаги бош вазир Медведев кабинетига қўшилмаслигини эълон қилиши Путин президент бўладиган тақдирда Кудрин бош вазир бўлиши эҳтимолларига оид гап-сўзлар кенг тарқалган пайтга тўғри келди. Москвалик таҳлилчи Владимир Прибловский Россиядаги либераллар ҳам 2012 йилдаги президент сайловидан Кудриндан умид қилишаётган эди, дейди.

- Кейинги бир йил давомида Медведевнинг президентликда қолишига ҳараката қилаётган клан ва гуруҳлар анча заифлашиб қолди ва уларнинг бир қисми Кудриндан умид қила бошлади. Улар эҳтимолий ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг асосий ташкилотчиси ва консерватив гуруҳларни четлатиш ташаббускори айнан Кудрин бўла олишига ишонаётган эди. Улар ўйлаган ғояга кўра, Путин президент, Кудрин бош вазир, Медведев эса ҳеч ким, жилла қурса, конституциявий суд раиси бўлиши керак эди,- дейди таҳлилчи.

Кудрин билан Медведев ўртасидаги келишмовчиликлар сабабларидан бири Кремл раҳбарининг келаси уч йил ичида ҳарбий ҳаражатларни 65 миллиард АҚШ долларига ошириш қарори экани айтилади.

Президентдан фарқли ўлароқ, Кудрин жаҳон бозорида энергия воситалари арзонлашаётган шароитда, сайлов мавсумидан кейин Россия давлат ҳаражатларини қисқартириб, солиқларни оширишига тўғри келиши лозим бўлади, деб келаётган эди.

Россиялик қатор иқтисодчи ва таҳлилчилар Путин билан Медведевнинг президентлик йиллари даврида Россия эришган кўплаб иқтисодий ютуқларга Кудрин сабабчидир, деган фикрни илгари суради. У Медведев ҳукуматида ишлашдан бош тортаётгани Кудрин ҳукмрон элитани тарк этади, дегани эмас, дейди Озодлик билан суҳбатда собиқ бош вазир ва ПАРНАС ҳаракати етакчиси Михаил Касьянов.

- У 11 йилдан бери молия вазири лавозимида ишлаб қўйди. У молия вазирликдан чарчаган. Кудрин ё кетиш, ё лавозими кўтарилишини истайди. Табиийки, у бош вазир бўлишни истайди. Менимча, Путин учун бу ёмон вариант бўлмас эди. Лекин бундай бўлиб чиқмади. Шунинг учун Медведев билан ишламаслиги ҳақида эълон қилиш орқали Кудрин Путин олдида келгусида у билан ишлаш шартларини олдиндан белгилаб қўймоқда. Яъни бу шарт де-факто унинг учун ҳеч қандай обрўга эга бўлмаган Медведевга бўйсунмасликдир. Лекин бошқа бир вариант: у четга чиқиб, Марказий банкни бошқариши мумкин. Қолаверса, расман бу мустақил идора ҳисобланади,- дейди Касьянов.

Баъзи кузатувчилар Кудриннинг Путинга нисбатан шахсий садоқати инобатга олинса, унинг бош вазир лавозимини эгаллаши эҳтимоллари ўта юқори, демоқда. “Ҳар қалай уни сиёсий мухолифат сафида кўрамиз, дейиш қийин”, дея киноя қилади Касьянов.

Таҳлилчи Владимир Прибловский ана шундайлардан бири. У Медведевнинг бош вазир лавозимида узоқ ушланиб қолишига шубҳа билдиради.

- Ҳозирча Медведевнинг бош вазир бўлиши аниқ эмас, бўлганда ҳам, қанча муддатга бўлиши савол остида қолмоқда. Ҳаммаси Худонинг қўлида, яъни Владимир Путиннинг қўлида, дейди таҳлилчи Владимир Прибловский.

Шанба куни эълон қилинган янгиликка Кудриннинг муносабати мамлакатдага етакчи сиёсий фигуралар бундай рокировка амалга оширилишидан сўнгги дақиқаларгача бехабар бўлганига яна бир далилдир. Путиннинг таъкидлашича, Медведев билан бу ҳақда “бир неча йил аввал” келишиб олишган.

Президентнинг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Аркадий Дворкович бу хабарни эшитгач, Twitter саҳифасида “ҳа, хурсандчилик қилишга ҳожат йўқ”, деб ёзди.
XS
SM
MD
LG