Линклар

Путин Россия президенти бўлса хурсанд бўласизми?

  • Ҳасанжон

Россия президенти Д .Медведев ва Бош вазир В. Путин. Горький резиденцияси, 2011 йил 11 июн.

Россия президенти Д .Медведев ва Бош вазир В. Путин. Горький резиденцияси, 2011 йил 11 июн.

Россия Президенти Дмитрий Медведев 24 сентябр куни иқтидордаги "Единая Россия" партиясининг йиллик қурултойида қилган чиқишида бош вазир Владимир Путинни 2012 йил март ойида ўтказиладиган президент сайловига номзод деб кўрсатишни таклиф қилди. Делегатлар Медведевнинг таклифини бир овоздан маъқуллади.


Бош вазир Владимир Путин қурултойда иштирок этаётган 11 мингга яқин делегатга миннатдорчилик билдирди ва Медведев таклифини ўзи учун “улкан шараф”, дея қабул қилди.

Ҳафта саволи рукнининг навбатдаги сонида “Путин Россия президенти бўлса хурсанд бўласизми?” деган саволни қўйдик.


Искандар Худойберганов, Демократик ташаббуслар маркази раҳбари:

- Йўқ, менимча Россия Путин даврида орқага силжияпти. Бу яхши натижа бермайди келажакда. Мен қандоқ хурсанд бўламан агар демократия тисланса, агарда Россияда миллатчилик авж олса, бизларга хавф туғдирилса, мен албатта хурсанд бўлишим мумкин эмас.


Вячеслав Охунов, рассом:

- Бу мени хурсанд қилгани йўқ. Россия раҳбарларининг бундай сиёсати ҳафсаламни пир қилди. Мен ҳокимиятни деярли ўз қўлига олган Путин Қаддафий каби якка ўзи диктаторга айланди деб ўйлайман. У ҳам сиёсий ҳам иқтисодий маънода Россия тараққиётини ортга сурмоқда. Путиннинг президентликка номзод бўлиши эълон қилинганидан кейин катта миқдордаги инвестиция Россиядан чиқиб кетади. 90-йилларга таққослаганда бу улкан “регресс”. Бу Ўзбекистон билан бевосита боғлиқ. Чунки Путин ҳокимиятдан мосуво бўлишни хоҳламаган диктатор салоҳиятни қандай қилиб ўз қўлда сақлаб қолиши хусусида намуна кўрсатмоқда.


Ўз исмини айтишни истамагн ўзбекистонлик ҳарбий:

Энди Путин "грамотний" одам. Ҳамма ëқни тушунади ўзи. Катта-катта жойларда ишлаган. Яхши бўларди қайта. Лекин Медведев ҳам ëмон олиб бораëтгани йўқ ишни. Мен ўйлайман, бу ҳаммаси ижобий ҳал бўлади. Яхши бўлади, лекин ëмон бўлмайди. Путининг Ўзбекистонга муносабати бошқача биласизми. Ўзбекистонни қандайдир ўзига яқин кўради. Бу гапларни у (Ўзбекистон) президент(и) билан учрашганда ҳам гапирган бир неча марта.


Елена Ким, Ўзбекнефтегаз матбуот хизмати раҳбари:

Аввал сайловлар ўтказилсин, кейин кўрамиз.


Бек Тошмуҳамедов, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги:

Гап шундаки, аслида Владимир Путин жуда мураккаб одам. Нима бўлганда ҳам у демократ эмас. Шунинг учун бу (президентликка даъвогар бўлиши) одамни хурсанд қилмайди. Мен Россияда ҳозирча Европадаги каби ҳақиқий демократия йўқ деб ўйлайман. Чунки ҳокимият Ельциндан Путинга, Путиндан Медведевга ва Медведевдан яна Путинга ўтмоқда. Умуман олганда бу демократик сайловлар эмас. Юзага келган вазият тўғрисида ҳозир шуни айтишим мумкин холос.


Асадулло Ҳолиқов, Сирдарё наволари дастаси раҳбари:

Биз хурсанд бўламиз Путин (президент) бўлса. Путин Россияга президент бўлса яхшида. Биладику ҳамма нарсани. Олдиндан тайëрлаган, ўзи билади. Жуда ҳам яхши бўлади. Ўзбекистон билан жуда яхши бўлган, алоқаларни жуда тиклаган. Бизга дўст одамда. Ўзбекистонга дўст одам. Ўзбекистонга қанчалик дўст бўлса, биз ҳам шунчалик қўллаб-қувватлаймиз. Маданий алоқлалар бундан ҳам зўр бўлади. Ҳозир ҳам яхши.


Баҳодир Мусаев, мустақил социолог:

Мен Путиннинг ҳокимиятга қайтишини бир пайтлар Анна Политковская ёзганидек “Путиннинг Россияси” деб бахолайман. Бу сўзларда ҳаммаси мужассам. Политковская Путин юритаётган сиёсат ва Россияда нималар қилаётгани тўғрисида ҳақиқатни айтгани учун ўлдирилган деб ўйлайман. Путин ҳақида яна нима ҳам дейиш мумкин?


Ўзбекистон экологик ҳаракати марказий кенгаши вакили:

Сиëсат билан шуғулланмаймиз ака биз. Жамоатчилик ташкилоти бўлса бу. Экология масалаларику бизларни қизиқтирадиган. Бизларни умуман сиëсат қизиқтирмайди. Бизларни фақат экологик масалалар қизиқтиради.


Сафар Бекжон, ёзувчи, Халқаро ПЕН клуби аъзоси:

Йўқ, ҳеч хурсанд эмасман. Чунки Путин олиб борган сиëсати Россия халқи учун балки манфаатли бўлган бўлиши мумкин, аммо атрофдаги халқлар учун зарарли. Путин иқтидорга келгандан бери бир неча урушлар келиб чиқди. Бир неча давлатларда давлат тўнтаришлари бўлди. Бу атрофдаги бутун халқлар учун зарарли. Ҳатто ўзининг халқини миллиятлаштириш яъни рус шовинизми кучайиб кетишига сабаб бўлаяпти ва шовинистик ташкилотларни таъқиб қилаëтгани йўқ, уларни тўхтатиб қолаëтгани йўқ. Аксинча уларга моддий ва сиëсий ëрдам бериб унақа ташкилотларни Россияда доимий равишда бошқа миллатларга қарши фаолият кўрсатиш учун йўл-йўриқ кўрсатаяпти. Путин яна бир марта келиб Россия дунë иқтисодида олға кетадиган бўлса, жуда кўп катта хатоликлар, инсоний жабр-зулмларга олиб келиши мумкин.


Албина Аҳмаджонова, Россия билан ҳамкорлик қиладиган ширкат менежери.

Ҳа, у (Владимир Путин) шахс ва инсон сифатида менга ёқади. Мен уни кучли шахс деб биламан. Холбуки Дмитрий Медведев ҳам ундан кам эмас. Аммо у ўзини етарлича кўрсата олмади. Балки унга вақт етмагандир. Балки бошқа сабаблар бордир. Агар мен россиялик бўлганимда ва олдимда танлов бўлганида мен Путинга овоз берган бўлардим.


Дилором Исҳоқова, Бирдамлик ҳаракати аъзоси:

Йўқ, Путин менга президент бўлганда ҳам ëқмасди, Бош вазир бўлганда ҳам қилган ишлари умуман ëқмайди. Мен Путинни нима учундир жуда ëвуз инсон деб биламан. Шунинг учун албатта мен хурсанд эмасман Россияда яшамасам ҳам. Путин (иқтидорга) келишининг Ўзбекистонга албатта таъсири бор. Путин Россияда диктатурани борган сари кучайтириб боради. Путин демократиядан йироқ, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан йироқ бўлган бир сиëсатчи...

Ўзбекистонга таъсири шундан иборат бўладики, Ўзбекистонда бўлаëтган ҳамма нарсани Путин қўллаб-қувватлайди. Режимни жуда қаттиқ қўллайди ва жуда катта бир давлат сифатида ҳатто биздаги режимга қарши бўлган давлатларга ҳам ўз таъсирини ўтказиб боради. Ўйлайманки, Россия Путин даврида иқтисодий эмас кўпроқ ҳарбий жиҳатдан кучаяди ва Путинда имперский нима бор. Ана шу нарса ривожланади. Ўзбекистондаги нодемократик нимаики бўлса, Путин лаббай, деб жавоб бериб ҳамиша қўллаб-қувватлаб туради деб ўйлайман.


Расул, Санкт Петерберг шаҳридаги ўзбекистонлик меҳнат мухожири:

Менинг фикрим яхши. Путиннинг иш юритиш услуби яхши бошқа президентларга нисбатан. Энди ҳар ҳолда Путин президент бўлса, ëмон эмас. Нимагаки битта биз учун эмас рус халқи учун ҳам яхши Путиннинг президент бўлиши. Янги келиб ўтириб иш бошлаган одамдан шу соҳани кишиси бўлган одамга иш юритиш осон деб ўйлайман.

Агар шунақа бўлса, Путин бизга (ўзбекистонлик мардикорларга) кўп имконият яратиб бердида. Иш томонидан муаммо бўлмайди менинг ўйлашимча. Медведев ҳам бу ҳақда бизга ëмон фикр билдиргани йўқ. Келиб документ қилиб ишлашга имкониятимиз бор. Бошқа президент бўлса билмадим қанақа бўлади. У ëғини вақт кўрсатади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG