Линклар

БМТдаги чиқишида Э.Ғаниев бир йил ўтиб ҳам жиноят буюртмачилари жазоланмаганидан афсус билдирди.


- Қонли ҳодисалардан бир йилдан ортиқроқ вақт ўтди. Лекин шу кунгача ўша жиноятни содир этган кучлар ва конкрет шахслар, жиноят ташкилотчилари, буюртмачилари ҳамда ижрочиларига нисбатан на сиёсий ва на юридик ҳукмлар чиқарилди. Тергов охиригача олиб борилмас ва жиноятчилар муносиб жазога тортилмас экан, ўзбек ва қирғиз жамоалари ўртасида ўзаро ишончни тиклаш қийин бўлади,- деди Элёр Ғаниев.

Ўз нутқида ўзбек дипломати шунингдек Марказий Осиё минтақаси учун долзарб бўлган бошқа масалалар, жумладан, Афғонистон уруши, Қирғизистонда рўй берган воқеалар, минтақадаги сув заҳираларидан фойдаланиш билан боғлиқ можаро ва бошқа масалаларга тўхталди.

Афғонистон масаласига тўхталган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири бу муаммони ҳарбий йўл билан ҳал этиб бўлмаслигини таъкидлади.

- Бизнингча, афғон ҳалқи ўз мамлакати муаммосини ўзлари ҳал қилиши керак,- деди ўзбек дипломати.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири минтақадаги сув заҳираларидан фойдаланиш билан боғлиқ можарога тўхталар экан, Амударё ва Сирдарё юқори қисмида улкан гидроиншоотлар қурилишининг хатарли оқибатлари ҳақида огоҳлантирди.

- Трансчегаравий дарёлар оқимидан фойдаланишда бу дарёлар ўзанида жойлашган барча мамлакатлар манфаати эътиборга олиниши керак,- деди Элёр Ғаниев.

Ғаниев Ўзбекистон ички масалалари ҳақида гапирар экан, жаҳон молиявий бўҳронига қарамасдан, мамлакат иқтисоди изчил ўсишда давом этаётганини таъкидлади.

- Мустақиллигининг 20 йили мобайнида Ўзбекистон иқтисоди 3,5 баробар, аҳоли ялпи даромади эса 20 баробар ошди, жаҳон молиявий бўхронининг салбий таъсирига қарамай, ички ялпи маҳсулотдаги ўсиш сўнгги беш йил давомида ўртача 8,5 фоизни ташкил этди ва эришилган бу ўсиш жорий сақланиб қолиши кутилмоқда,- деди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири.

Ғаниев, шунингдек, ўз чиқишида демократлаштириш соҳасида ҳам мамлакатда ютуқларга эришилганини айтиб ўтди.

- Мамлакатимизда жамиятни демократлаштириш борасида ислоҳотлар тадрижий ва ҳеч қачон ортга қайтмайдиган, изчил тус олмоқда,- деди Элёр Ғаниев.

Ўзбекистон расмийси ўз мамлакати ривожланаётгани ҳақида гапирар экан, ҳукумат таълим масалаларига алоҳида эътибор қаратаётгани, ҳар йили мамлакат бюджетининг таҳминан 60 фоизи таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда бошқа ижтимоий соҳаларга сарфланаётганини қайд этди.

Бироқ мамлакат вилоятларида ўқув юртлари ёпилиб, талаба ва ўқувчилар оммавий тарзда пахта далаларига ҳайдалгани жаноб Ғаниев нутқида акс этмади.

Маҳаллий ва халқаро иқтисодчилар Ўзбекистон расмийлари бераётган маълумотларни шубҳа остига олиб келади.

АҚШдаги инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ҳамда Ўзбекистон халқ ҳаракати фаоллари 28 сентябр куни Вашингтонда Ўзбек-Америка бизнес форуми ўтажак бино олдида норозилик намойишини уюштиришга тайёрланмоқда.

- Ўзбек расмийлари айтаётган рақамлар тўғри бўлса, миллионлаб ўзбек муҳожирлари Россия, Қозоғистонда иш излаб, дайдиб юрмаган, оиласини бағрида ўтирган бўлар эди. Агар ҳукумат таълим соҳасига эътибор қаратишни чиндан ҳам истаса, болажонларни пахта далаларига ҳайдамаган бўлар эди,- дейди Ўзбекистон халқ ҳаракатининг АҚШ бўйича раҳбари Исломиддин Долимов.

Форум Америка-Ўзбекистон Савдо ишлаб чиқариш палатаси томонидан ташкиллаштирилиб, унда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниевнинг иштирок этиши кутилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG