Линклар

UNICEF вакиллари болалар меҳнатига оид иддаоларни текшириш учун Ўзбекистонга таклиф қилинди.

UNICEF ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Жан-Мишел Делмот Ўзбекистон ҳукуматидан шундай таклиф бўлгани ҳақда Регнум агентлигига маълум қилган.

Жаноб Делмотнинг айтишича, Ўзбекистон расмийлари ташкилот ходимларига мамлакатда болалар меҳнати муаммоси юзасидан мониторинг ўтказишларига кўмак беришни ваъда қилган.

Аввалроқ Wikileaks интернет саҳифаси орқали ошкор этилган махфий дипломатик ҳужжатларда UNICEF Ўзбекистондаги мажбурий болалар меҳнати билан боғлиқ муаммо кўламини пасайтириб кўрсатишга урингани фош этилган эди.

“Афтидан, ташкилот Ўзбекистон ҳукумати билан яхши муносабатларни сақлаб қолиш учун шундай қадамга борган”, деб ёзган эди бу ҳақда хабар қилган Eurasianet нашри.

Wikileaks очиқлаган ҳужжатларга UNICEF ташкилотидан муносабат билдирилмади.

Ўзбекистонда пахта терими ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишларига болаларнинг мажбуран жалб этилиши ҳоллари ҳар йили кузатилади.

Тошкентдаги Мустақил инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятида ҳатто бешинчи синф ўқувчилари ҳам пахта теримига ҳайдалгани ҳақида кеча хабар қилди.

- Кундалик норма 80-100 килограмм. Ҳар бир килограмм терилган пахта учун 150 сўм ҳақ тўланмоқда, - деб билдирди ташкилот раҳбари Суръат Икромов.

Тошкент ҳукумати Ўзбекистон пахта териш даврида мониторинг ўтказиш учун Халқаро меҳнат ташкилотининг мустақил мониторинг гуруҳини мамлакатга таклиф қилиш чақириқларини рад этиб келаётир.

Шунингдек, мамлакат ичкарисидаги ҳуқуқ фаолларига ҳам бу борада тўсқинлик қилинади.

Шу ой ўрталарида қашқадарёлик фаоллар Косон туманида болаларни пахта теримига сафарбарлигига оид мониторинг ўтказишаётган пайтда милиция томонидан ушлаб олиб кетилган эди.

Кўплаб халқаро ширкатлар Ўзбекистон ҳукуматини болалар меҳнатидан фойдаланишда айблаб келади.

Сўнгги йилларда ўнлаб ғарб ширкатлари Ўзбекистон ҳукуматини болалар меҳнатидан воз кечишга кўндириш мақсадида ўзбек пахтасини сотиб олишдан бош тортмоқда.

Wall-Mart, Marks&Spencer, Gap, TESCO, Gymbory сингари кийим-кечак билан савдо қилувчи дунёдаги етакчи ширкатлар Ўзбекистонда етиштирилган пахтани бойкот қилганлар.

Ўзбек расмийлари дала ишларида болалар меҳнатидан фойдаланилишини рад этиб келади.
XS
SM
MD
LG