Линклар

logo-print

Атирауда ҳижобда юрган толибалардан ўқув маскани ичига рўмолни ечиб киришни талаб қилмоқдалар.

Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ шўъбасига Атирау тиббиёт коллежи толибалари маълум қилдилар.

- Улар ҳижоб билан ўқув юртининг ҳатто яқинига йўламасликни талаб қилмоқдалар. Онам ўқув бўлими мудираси билан гаплашгани келганди. Мудира унга бу ҳақда муассаса низомида ёзилгани ҳақида айтибди, аммо низомнинг ўзини кўрсатмабди. Мен “ички тартиб-қоидаларга риоя қилмаяпмиз” деб айтолмайман: ичкарида оқ халат ва қалпоқларда юрамиз, - дейди Атирау тиббиёт коллежининг 2-курс толибаси Гулфия Бисенгалиева.

Аълочи толибалардан бўлган бу қиз сентябр ойидан бошлаб ундан “ҳаммага ўхшаб” кийиниш талаб қилинаётганини айтади.

- Вахтеримиз ўқитувчилар топшириғи билан ҳамманинг кўз олдида мени икки марта дарсга қўймади. Мен коллеж дарвозаси ташқарисида кийимимни алмаштиришга мажбур бўлдим. Ҳозир-ку кун илиқ, совуқ тушган пайтда қандай алмаштирамиз кийимимизни? – дейди Гулфия.

Ҳижобли толибалардан яна бири - Айзада Ўнғарқизи мастура талабалар кийим алмаштиришдан бўйин товламаётганларини, бироқ бу ишни коллеж ичида қилишга рухсат сўраётганларини таъкидлайди.

Ўзининг ҳеч қанақа диний оқимларга қўшилмагани ва диний ибодатларини анъанавий Ханафия мазҳабига мувофиқ равишда бажараётганини таъкидлаган Гулфия Бисенгалиевга кўра, коллеж раҳбарияти мини-юбка кийган қизларга танбеҳ беришни ўйлаётгани ҳам йўқ, ҳижобли қизларни эса махсус хизматлар билан қўрқитмоқдалар.

- Коллеж раҳбарияти бизни рўйхатга олиб, бу рўйхатни Миллий хавфсизлик қўмитасига топшириш ва улар бизни текширишлари билан қўрқитаяптилар. Мен “текширса, текшираверсин” деб ўйлаяпман. Мен ҳеч қанақа тартиббузарлик билан шуғулланмаяпман, фақат ўқияпман ва намозимни адо этаяпман, - дейди Гулфия.

Айни пайтда Атирау тиббиёт коллежи толибалари сабабсиз таъқиб қилинаётганлари юзасидан шаҳар прокуратурасига мурожаат қилишиб, ўзларининг ҳижобда юриш ҳуқуқи ҳимояланишини сўрашмоқчи.

Коллеж ўқув бўлими мудираси Гулбарам Абдрахманова эса раҳбарият бундай тадбирларни амалга оширишга мажбур бўлаётганини, бунга Миллий хавфсизлик қўмитаси ва прокуратура томонидан ўтказилаётгани текширувлар сабаб эканини айтади.

- Ўтган ҳафтада биз тўрт боланинг рўйхатини бердик. Улар намоз ўқийдиган талабалар сони, уларнинг қачондан бери намоз ўқишлари ва бу талабалар билан кимлар алоқа қилиши ҳақида маълумотларни сўрашди. Бунгача биз болалари намоз ўқийдиган ота-оналарнинг ҳаммасини чақириб, вазиятни тушунтирдик, - дейди Гулбарам Абдрахманова.

Ўқув бўлими мудираси, агар талабалар олдига қатъий талаб қўйилмаса, коллежда Қуръон ўқийдиган ёшлар кўпайиб кетиши, улар бошқаларни ҳам динга даъват қилишлари мумкинлигидан педагоглар чўчиётганларини қўшимча қилади.

- Ўқув юртида тарбиянинг турли усуллари қўлланилади. Буни мен педагог сифатида айтаяпман. Биз исломий республикада эмас, демократик давлатда яшаймиз. Улар Конституцияни рўкач қилмоқдалар, аммо қомус мамлакат эндигина мустақилликка эришган 1995 йилда ёзилган. Ҳозир “Хабар” телеканали орқали кўплаб қонунларга ўзгартишлар киритилиши ҳақида хабар қилинаяпти, - дейди Гулбарам Абдрахманова.

Ўқув бўлими мудираси ҳижобли толибалар ўзларига иш топишлари ҳам амримаҳол эканини айтади.

- Ўтган йили ҳижобли битирувчини ишга қабул қилмаганларига ўхшаш мисоллар бор. Тиббиёт муассасаларининг бош шифокорлари бизни толибаларга тўғри тарбия бера олмаганликда айблаяптилар, - дер экан Гулбарам Абдрахманова коллеж раҳбарияти қизлардан уйданоқ “талаб қилинганидек” кийиниб келишни сўраётганини қўшимча қилди.

“Демос” ҳуқуқни ҳимоя қилиш жамоатчилик ташкилоти раҳбари Тўғжан Қизатова бу вазиятни дискриминация ўлароқ баҳолайди:

- Ҳижобли қизларнинг диний қарашлари туфайли ўқув юртига киришини таъқиқлаш бу қип-қизил дискриминациядир. Тиббиёт коллежига бошқа исталган кийимда кириш мумкин экану, фақат ҳижоблилар кириши мумкин эмас экан. Ўқув юрти педагоглари улар фақат бошқа ҳақ-ҳуқуқлардангина эмас, Конституция томонидан кафолатланган асосий ҳақлардан бири бўлмиш таълим олиш ҳуқуқдан маҳрум қилмоқдалар, - дейди ҳуқуқ фаоли Тўғжан Қизатова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG