Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:38

Бишкек ўзбек газини арзонроқ олади, лекин Тошкентдан эмас


Қозоғистон Ўзбекистон газини Қирғизистонга расмий Тошкент белгилаган баҳодан 115 доллар арзонга берадиган бўлди.

Бу ҳақда Қирғизистон энергетика вазири Асқар Шадиев маълум қилди.

Шадиевнинг билдиришича, Ўзбекистондан 200 миллион куб метр газ сотиб олинар эди. Қозоғистон газини арзон баҳода Қирғизистонга сотишга рози бўлгани учун расмий Бишкек Остона билан 300 миллион куб метр газ сотиб олиш ҳақида шартномани имзолаган.

- Жорий йилда биринчи марта газни Ўзбекистондан эмас, Қозоғистондан сотиб олиш ҳақидаги шартномани имзоладик. Қозоғистон газнинг ҳар минг куб метрини 195 доллардан берадиган бўлди. Ўзбекистон 2011 йилнинг 3-чорагида газни бизга 278 доллардан сотаётган эди. 4-чорак учун эса Ўзбекистон Қирғизистонга газ нархини 310 доллар қилиб белгилаган эди. Шунинг учун биз Ўзбекистондан газ сотиб олишдан бош тортдик, - деди Асқар Шадиев.

Маълум бўлишича, Қозоғистон Қирғизистонга Ўзбекистондан сотиб олинаётган газни сотади.

- Бу газ ҳам Ўзбекистонники. Россия Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган газнининг ҳаммасини сотиб олган. Россия бу газни Қозоғистоннинг жанубий вилоятларига етказиб беради. Унинг ўрнига Қозоғистоннинг шимолида, чегарада яқинида жойлашган газ конларидаги газни “Газпром” Россияга олиб чиқиб кетади, - деди Асқар Шодиев.

Вазирнинг айтишича, Россия Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган газнинг ҳаммасини бирданига сотиб олаётгани учун унга “зангори олов” арзон нархда берилади.

Асқар Шадиев газ нархининг 115 долларга арзонлагани сабабли Қирғизистон шимолида аҳоли учун газ тарифлари ҳам арзонлаштирилишини билдирди. Аммо Қирғизистон жанубидаги Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларида газ нархи арзонламайди. Чунки, вазирга кўра, бу ҳудудлар техник имконият бўлмагани сабабли Ўзбекистондан сотиб олинаётган газ билан таъминланади.

Қирғизистонлик сиёсатчилар Ўзбекистоннинг Россияга газни арзон, Қирғизистонга эса қиммат баҳода сотишини расмий Тошкентнинг Бишкекка сиёсий таъсир кўрсатиш қуроли сифатида талқин этадилар. Бироқ ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов бундай талқин асоссиз эканини айтади:

- Агарда Ўзбекистон мана шу орқали Қирғизистонга сиёсий босим ўткизмоқчи бўлган бўлса, унда “Қандай асосларга кўра, қандай сиёсий ечимларни ёки ҳаракатларни талаб қилмоқда Ўзбекистон Қирғизистондан? Ўзбекистон ультиматив тарзда расмий ёки норасмий равишда “мана бу шартни бажарсанг, нархни пасайтирамиз, бўлмаса 310 доллардан сотамиз” деб қачон ва қаерда айтди?” деган конкрет саволларга жавоб топишимиз зарур бўлади. Бу ҳақда биронта бир сиёсий доираларда, экспертлар ва сиёсатшунослар орасида гап бўлмаган, маълумот ҳам йўқ. шунинг учун ҳам газ нархининг белгиланишида ҳеч қандай сиёсий фитналар кўринмаяпти. Бу ерда у ёки бу бизнес доиралар ва структураларнинг манфаати ётибди, холос, - дейди Фарҳод Толипов.

Айни пайтда Қирғизистонлик иқтисодчи Жанибек Ўрмўнов Қозоғистон билан тузилган газ шартномаси вақтинча кучга эга бўлади, деб ҳисоблайди.

Унинг айтишича, Қирғизистонда газ қувурлари аҳволи ўта ночор ва шунинг учун ҳам йўқотишлар жуда катта. Қозоғистон томони йўқотишларни камайтириш учун Қирғизистондан газ қувурларини янгилашни талаб қилади. Қирғизистоннинг эса бунга маблағи йўқ.
XS
SM
MD
LG