Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:09

Ғаниев баёнотига Бишкекда турлича муносабатда бўлмоқдалар


Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев Ўш қирғинининг асосий айбдорлари ҳали-ҳамон қўлга олинмаганидан таассуф изҳор қилди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев Ўш қирғинининг асосий айбдорлари ҳали-ҳамон қўлга олинмаганидан таассуф изҳор қилди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниевнинг Ню Йоркда Ўш воқеалари юзасидан айтганлари қирғиз сиёсатчиларини бефарқ қолдирмади.

Элёр Ғаниев БМТда сўзлаган нутқида орадан бир йил ўтиб ҳам Ўш қирғинининг асосий айбдорлари қўлга олинмаганидан афсус билдирди.

- Қонли ҳодисалардан бир йилдан ортиқроқ вақт ўтди. Лекин шу кунгача ўша жиноятни содир этган кучлар ва конкрет шахслар, жиноят ташкилотчилари, буюртмачилари ҳамда ижрочиларига нисбатан на сиёсий ва на юридик ҳукмлар чиқарилди. Тергов охиригача олиб борилмас ва жиноятчилар муносиб жазога тортилмас экан, ўзбек ва қирғиз жамоалари ўртасида ўзаро ишончни тиклаш қийин бўлади,- деди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев БМТда сўзлаган нутқида.

Қирғизистонлик бир қатор сиёсатчилар Ўзбекистон расмийсининг бу баёнотига нисбатан турлича муносабат билдирдилар.

Қирғизистон парламентидаги ўзбек депутати Анвар Ортиқов Озодлик радиосига бу масалада жуда қисқа жавоб берди.

- Элёр Ғаниевнинг гапларида жон бор, асос бор. Мен ҳам Қирғизистон куч ишлатар тузилмалари воқеа айбдорларини топиш ва жазолаш учун етарли даражада ҳаракат қилмаяптилар, деб ҳисоблайман, - деди Анвар Ортиқов.

Ўш воқеалари пайтида Қирғизистон муваққат ҳукуматининг жанубий вилоятлар бўйича вакили ва Қирғизистон мудофаа вазири бўлган Исмаил Исақов эса Элёр Ғаниевнинг мазкур баёнотига ўта кескин муносабат билдирди.

- Ўзбекистон вазирининг Қирғизистон ички ишларига аралашишига ҳаққи йўқ. мен бу баёнотни Қирғизистон ички ишларига аралашиш сифатида баҳолайман. Қирғизистон ҳукумати Ўш воқеаси айбдорларини топиб, жазолаш учун барча имкониятларни ишга солаяпти. Бу ишнинг қанчалик профессионал даражада амалга оширилаётгани эса иккинчи масала. Албатта, тергов жараёнларида камчиликлар бор, қочқинликда юрган Ўш қирғини айбдорларини излашда камчиликлар бор, - деди Исмаил Исақов.

Сиёсатчи айни пайтда Ўш қирғининг асосий айбдорлари деб гумонланаётган шахсларнинг қўлга олинмай, жазоланмай қолинаётганида Ўзбекистоннинг ҳам ҳиссаси бор, деб ҳисоблайди.

- Биз бу баёнотни берган вазирнинг мамлакатида Ўшда одамларни ўлдирганлар яшириниб юрганини биламиз. Шунинг учун гапиргандан кўра амалий ишга ўтиб, қотилларни бизларга топширсалар, яхши бўлар эди, - деди Исмаил Исақов.

Парламентнинг яна бир депутати Ширин Айтматова эса Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг Ўш воқеалари юзасидан айтганлари қирғиз сиёсатчиларига бироз кескинроқ туюлганини, аммо ўзи бу борада кескин танқидий фикр билдиришдан тийилишини айтди:

- Мен провокацияга сабаб бўлувчи фикр билдирмоқчи эмасман, чунки Қирғизистон жанубида яшаган аҳоли билан бўлган учрашувим чоғида, фуқароларимиз “Ўзбекистон билан чегараларни бизга очиб беринглар, Ўзбекистон чегараси ёпиқлиги учун тирикчилигимиз ўтмай қолди, нарх-наволар кўтарилиб кетди”, деб талаб қўйишаяпти. Мен Ўшда бўлгани каби миллатлараро тўқнашувда ким айбдор эканини, ким ташкилотчи эканини аниқлаш жуда қийин кечишини яхши тушунаман. Шунинг учун ҳозир ҳеч ким Ўш қирғинида мана бу одам айбдор, деб айтишга ҳақли эмас, - дейди Ширин Айтматова.
XS
SM
MD
LG