Линклар

logo-print

Ф. Рустамхўжаевнинг укаси: Акам ноҳақликлар ҳақида ўз фикрини айта олган!


Фуад Рустамхўжаев. Берлин, 30 май 2011 йил.

Фуад Рустамхўжаев. Берлин, 30 май 2011 йил.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Россиядаги етакчиси, ўтган шанба куни Ивановодаги уйи олдида отиб кетилган Фуад Рустамхўжаев 26 сентябр куни Иваново шаҳри Богородское мусулмонлар қабристонига дафн этилди. Марҳумнинг укаси Баҳодир Рустамхўжаев Озодлик билан суҳбатида акасини хотирлади.


- Кеча маҳаллий вақт билан соат 2 ларда майитни беришди. Яқинлари, хусусан, мен ювдим акамни... Ивановодан сал четроқда Богородское деган қишлоқда мусулмонлар учун ажратилган қисмида жой беришди, қўйдик. Жуда ҳам катта жамоа қатнашди. Аср намозига маҳаллий вақт билан бешда жанозасини ўзим имом бўлиб ўқидим. Жуда кўз ёшлар билан турли миллат вакиллари – ўзбеклар, қирғизлар, туркманлар, Кавказ миллатлари ва ҳоказо – акамни билган ҳаммалари ҳамдардлик билдиришди. Яхши танишар экан. Охиратларини обод қилсин акамни!

Озодлик: Баҳодир бу ҳодиса ортидаги сабаблар ҳақида бирор нарса дея оласизми?

- Мен охирги пайтларда Қозонда истиқомат қилар эдим. Иваново шаҳрига келиб тураману, лекин фирмаси борлигини биламан. Ўзимиздан Ўзбекистондан хом-ашё – пряжа, бўялмаган бўз каби нарсаларни олиб келиб бизнес қиларди. Конфликт ёки маҳаллий келишмовчилик тўғрисида акамга қарши бўлганлар ҳақида акам мен билан ҳеч гаплашмаган. Менга шунақа таҳдид бўляпти ё бошқа, деб ҳеч гапирмаган.

Акам билан орамизда 4 ёш фарқ бору, лекин жудаям иноқ эдик. Шахсан мен билан бу ҳақда бўлишмаган-да. Дадамиз ҳам келган эдилар, Оллоҳга шукур, яхшиям келган эканлар¸ кўришиб қолган эдик. Ҳеч ким хаёлига келтирмаган эди, биласизми... Акам бизда бўлаётган ноҳақликлар ва ҳоказолар ҳақида ўз фикрини айта олган. Россиядаги хоҳлаган гастарбайтердан ҳам сўрасангиз, ўша ҳам (Ўзбекистондаги аҳволдан) норози. Шу ерларга келиб, мусофир бўлиб юрадими?! Кимдир ичида сақлайди, кимдир бу нарсани ташқарига чиқаради. Акам шу масалада очиқ фикр билдира олган.



Озодлик: Фарзандлари неча ëшда?

- Оиласи шу Ивановода. Дадам билан ёнидамиз. Дадамга кўпроқ сабр берсин, отага қийин бўлар экан, албатта. Ҳозирча шу Ивановода, чунки жияним бу ерда ўқийди мактабда, яхши баҳоларга. Катта жияним 5 синфга боради боради, кичкинаси 14 ойлик бўлди энди. Келинойим ҳомиладор эди... Насиб бўлса шу йил охирларига фарзанд кўришади. Буни ким қилгани, қандай миллатга мансуб бўлганидан қатъий назар биз уни лаънатлаймиз! Хусусан дадамга “Болам!”, дейиш жуда қийин экан. Менга ҳам жуда қийин бўлди: яқин акам, иним, дўстимдан айрилдим. Лекин бу айрилиш вақтинчалик айрилиш, чунки бу нарсани биз Оллоҳдан деб биламиз ва Роббимиздан биз розимиз, қилганлар зиён кўргувчи...

Озодлик: Баҳодиржон, таксида келганлар ўзбек тилида гапирган, дейишяпти. Шу гап ростми?

- Энди бу ерда версиялар жуда кўп бўляпти. Биз ҳам марҳумнинг яқинлари бўлганимиз учун бевосита қатнашиб турибмиз: сўроқ саволга чақиришяпти, “Ёрдам беринглар, учи чиқиб қолса ҳам далда бўлади”, дейишяпти. Бу нарсани шу қўшнилардан бири айтган, биз кўрганимиз йўқ. Ўша аёл гувоҳлигича, қора таксида келган, қора кепкали, бўйлари узун, “нерусской внешности”, яъни рус бўлмаган. У “Улар ўзбек тилида гаплашди”, демаган, “Рус тилида гаплашмади улар”, деган. Овозлар бири бирига кўтарилган ва 6-7 марта узлуксиз ўқ овози эшитилган... Мен акамни ўзим ювдим, танасидаги жароҳатларни кўрдим, жуда ҳам вахшиёна ўлдирилган.

Баҳодир Рустамхўжаев билан тўлиқ суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин:

Баҳодир Рустамхўжаев билан суҳбат
XS
SM
MD
LG