Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:21

Ўқувчиларга 5000 сўмдан темир солиғи солинаяпти


Бу ҳақда маълум қилган китоблик ўқитувчи мазкур "солиқ" 20 килограмм металлолом топширолмаган ўқувчилар зиммасига юклатилаётганини айтади.


“Ўқувчига темир солиғи, ўқитувчига мустақиллик китоби солиғи”

Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидан қўнғироқ қилиб, исми сир қолишини сўраган ўқитувчи уларга солинаётган турли-туман солиқлардан тинкалари қуриб бораётгани ҳақида гапирди.

- Гап айтадиган бўлсак, кеча педсовет бўлди мактабда. Ҳар бир ўқувчидан 5000 сўмдан йиғиб, металлоломга топшириш керак. 5000 сўмдан, биласизми, Ўзбекистон бўйича қанча пул бўлиб кетади? Қаерга кетади бу пуллар - билмадим.

Озодлик: Металлолом нечанчи синфларга?

- 2-синфдан 9-синфгача. Ҳар йили шундай бу.

Озодлик: Ҳар бир ўқувчи қанча пул олиб келиши керак ëки қанча металлолом олиб келиши керак?

- 20 кило металлолом ëки 5000 сўм. Яна айтаяптики, мустақилликнинг 20 йиллигига қанақадир китоб чиқибди. Ҳар битта мактабга мажбурий. 106 минг турар экан. Номини эслаб қололмадим китобнинг. Мажбурий оласизлар, дебди.

Озодлик: Президентнинг китобими?

- Билмадим, шу мустақилликнинг 20 йиллигига аталган китобда. Ҳар бир ўқитувчига мажбуран 60 мингдан обуна бўласизлар, дейди. Ихтиëрингизга қўйса-да, хоҳлаган газетангизга обуна бўлсангиз. Булар “Халқ сўзи”, “Маърифат” дейди-да, - дейди китоблик ўқитувчи.


“Тешик қозон”

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидан қўнғироқ қилган тингловчи тумандаги қишлоқ хўжалиги коллежи талабаларининг пахта теримидаги оғир аҳволи ҳақида гапирар экан, талабалар қозонининг ҳам бутун эмаслигидан ҳайрон қолади.

- Туманимизда қишлоқ хўжалик коллежи бор. Ўша коллежнинг болаларини пахтага олиб кетган. Болаларни кўргани бордик "хабарлашиб келайлик" деб. Дала шийпонда ëтишибди. Шийпон захлаб кетган энди. Умуман шароит йўқ. Энг ëмони, битта қизиқ нарсага дуч келдикки, овқат пиширадиган катта дошқозон тагида тешик қолган. Овқат пишгунча ўчоққа оқиб турибди. Коллеж директорининг тўртта енгил машинаси бор. Ласетти, Нексия, Матиз, тўртта енгил машинаси бор. Битта қозон олиб берса бўлмайдими?

Озодлик: Ëтадиган жойлари зах, деяпсиз. Улар ерда ëтишадими ëки каравотдами?

- Зах ерда ëтишибди-да. Умуман яшаш шароити йўқ, - дейди яккабоғлик суҳбатдош.


“Ўзбек божхоначилари қозоқ ҳамкасбларидан ўрнак олсин”

дейди айнан шу тингловчи Ўзбекистоннинг Қоплонбек божхона постидаги аҳволни ўз кўзи билан кўриб қайтганидан сўнг.

- Муаммо тўлиб кетган. Яқинда зиëрат мақсадида Қозоғистонга ўтиб келдим. Ўзбекистон таможнясидан энди шу даражада қийналиб ўтдикки, одам туғилганига пушаймон еяпти. Қозоғистонникида 10 таси турибди. Шарт-шарт босиб бераяпти. Ўзбекистонники тирбанд 2000 одам.

Озодлик: Нимада қийналдингиз? Шуни айтиб беринг.

- Навбат кутиб қийналиб кетасиз. Одам тирбанд. Паспортга кирди-чиқди печати бўлади-ку. Ўша ерда иккита одам турибди. Бу ëқда 2000 одам навбатда турибди. Қозоғистонникида 10 та турибди. Борганини боргандай қўйиб ўтказиб юбораяпти.

Озодлик: Қайси божхона пости эди бу?

- Қоплонбек, - дейди яккабоғлик суҳбатдош.


“Ўз оёғи билан келган одамни ўлдириб беришди”

дейди Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидан қўнғироқ қилган Ҳалима Хидирова.

62 ёшли бу собиқ ўқитувчининг айтишича, унинг эри оддий касаллик - простата бези хасталиги билан оғриган. Шифокорлар бир зумда операция қилиб беморни тузатамиз, деган ва ҳеч қандай тайёргарликсиз операция қилишган. Ҳалима Хидирова Республика шошилинч тез тиббий ёрдам касалхонасининг Самарқанд шаҳар бўлими касалхонаси шифокорларининг масъулиятсизлиги ва эътиборсизлиги унинг эри ўлимига сабаб бўлганидан шикоят қилади.

- Мен Ҳалима Хидироваман. Ўктам Хидировнинг хотиниман. У кун бизларни алдаб, икки миллионни олдиртириб, соғлом одамни хатога йўл қўйиб вафот эттирди 10 куннинг ичида. Ҳеч ким қарамади, яхши қарамади. Қаерга бориб мурожаат қилишни ҳам билмайман.

Озодлик: Эрингизнинг нима касали бор эди?

- Ичида ҳеч қандай касаллиги йўқ эди. Фақат простата безини олдириш учун борган эди. Бақувват, соғлом, яхши инсон эди.

Озодлик: Операция муваффақиятсиз ўтдими?

- Операция мутлақо муваффақиятсиз ўтди. Операция тайëрланмасдан кирилаяпти экан. Яна клизма қилмасдан, тайëрламасдан қилган икки соатда бирдан. Ўз оëғи билан ўйнаб-кулиб, соппа-соғ бўлган одамни 10 кунда ўлдириб берди бизларга. Улар яширди. Операция қилаëтган вақтда катта хатоликка йўл қўйган экан. Кейин билдим. Хўжайинимнинг нималарини қилиб бўлгандан кейин адвокатга айтиб, ҳаммасини очиб берсамми, деб ўтирибман. Яна болаларимга душман орттираманми, деб қўрқаман.

Озодлик: “Соппа-соғ эди. Ўз оëғи билан кириб келди. Оддий операция эди. Нима учун ўлди? Сабаби нима?” деб сўрамадингизми?

- Мен генералний директорига ариза қилиб кирдим. Кейин операция қилган врачларни айтди. Уришди уларни. Генералний директор: “Нима бўлса ҳам қарашинглар”, деди. Генералний директор тузук одам экан. Буларни шундай дўқлади, гапирди. Алматов операция қилгандан кейин тўртинчи куни келиб хабар олди. Операция қилган врач тўрт кундан кейин нима қилди. “Нимага бундай аҳволда? Нимага ичи шишиб келди?” десам, тўртинчи куни келди бирдан реанимацияга тушириб кетди, дейди.

Озодлик: Операция учун сизлардан пул ҳам олишдими?

- Пул олди. 370 минг пул олди. 350 мингни болалар молларни сотиб олиб бориб берди. Ëмон демайди-да, фақат яхши бўлади. Шунча дори қилиндими-қилинмадими реанимацияда, бизларга қоронғу. У ер шундай даҳшат экан энди. Буларни бир текширмаса бўлмайди. Порахўр, ҳаммаси порахўр экан, - дейди Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидан қўнғироқ қилган Ҳалима Хидирова.


Фуад Рустамхўжаевга таъзиялар

Қозоғистондаги меҳнат муҳожирлари, Ўзбекистон халқ ҳаракатининг сурхондарёлик аъзолари:

- Биз бир гуруҳ сурхондарëлик Ўзбекистон халқ ҳаракатининг аъзоларимиз.

Озодлик: Қозоғистондамисизлар ҳозир?

- Ҳа, шу ëқда ҳозир муҳожирликда ишлаб юрибмиз. Кеча радиоларингиздан эшитиб қолдик. Ҳаракатнинг Россиядаги меҳнат муҳожирлари координатори сафдошимиз, биродаримиз Фуад Рустамхўжаевнинг отиб ўлдирилиши қалбимизни ғазабга келтирди. Унинг ўлими муносабати билан оиласига ва яқин қариндошларига чуқур таъзияларимизни изҳор этмоқчимиз. Уларга Оллоҳдан сабр-тоқат тилаймиз. Ватанни золим зулмидан қутқариш йўлидаги бошлаган ҳаракатини насиб бўлса амалга оширамиз. "Фуаджон, жойингни жаннатдан ато этсин Оллоҳим" деб, таъзия изҳор этиб қўймоқчи эдик.


Исми сир қолишини сўраган ўзбекистонлик ўқитувчи:

- Ўзбекистон халқ ҳаракатининг аъзоларидан бири Фуад Рустамхўжаевнинг Ивановода ўлдирилиши тўғрисидаги хабар бизнинг қалбларимизга жуда оғир қайғу, алам солди. Шу муносабат билан мен Ўзбекистон халқ ҳаракатига, Рустамхўжаевнинг оила аъзоларига ўзимнинг самимий, чуқур таъзиямни изҳор этаман. Оллоҳ уларга сабр берсин. Фуад Рустамхўжаев озодлик иши учун қурбон бўлди. Мен Ўзбекистон халқ ҳаракатига шуни таклиф қилардимки, ўз аъзолари ҳаëтининг хавфсизлигини сақлаш учун ҳамма ишни қилиш керак. Бу ëвузона, жинояткорона ишни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати уюштирганига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Шунинг учун Ўзбекистон халқ ҳаракати бундай ëвузона ишларга қарши чет эллардаги 100 минглаб ўзбекларни норозилик намойишларига, митингларга олиб чиқишлари керак, деб ҳисоблайман.


Рашод қори Камолов, қирғизистонлик диний уламо:

- Фуад акани яқиндан танирдим. Фуад ака билан танишлигимиз у кишининг дадаси Шокир ҳожи ака бизнинг дадамиз билан қадрдон дўст бўлган одамлардан эди. Фуад аканинг ўзи, билмадим энди гувоҳномаларда Андижон деб, лекин аслида ўзи Ироқда туғилган бола эди. Шокир ҳожи ака СССР пайтида Ироқда элчихонада ишлаëтганда туғилган. Шунинг учун ҳам исми арабча Фуад. Арабларга алоқаси йўқ, лекин ўша ерда ишлаëтганларга муҳаббати тушганми, Шокир ҳожи аканинг Фуад деб қўйилган. Бизнинг ўзбек тилида ғариб исм. Ўзбекча исм эмас, арабларга хос исмлардан. Дубайда анча муддат яшаган. Шунда бевосита суҳбатлашганмиз, имонлашганмиз. Ўртамизда анча муҳаббат бор эди. Йиллар олдин ўртада алоқаларимиз ҳам бор эди шу Россияда юрган пайтида. Эшитиб қалбим ачинди. Фарзандлари, оилаларига ўзимнинг номимдан бир таъзиямни билдириб қўйишни, қандай бўлса ҳам шу таъзиямизни билса, шуларнинг кўнгли кўтарилса, иншооллоҳ, у биродаримизни ҳам шаҳидлардан бўлди, мазлумлар қаторида вафот топди деб гумон қиламиз. Оллоҳ таоло шаҳидлигини қабул қилсин. Олий даражалар насиб қилсин.

***********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG