Линклар

logo-print

АҚШ Сенати Ўзбекистондаги коррупциядан хавотирда


АҚШ сенаторлари Шимолий таъминот тармоғи Ўзбекистондагидек коррупциялашган давлат амалдорлари учун мўмайгина доромад манбайига айланиб қолганидан ташвишланмоқда.

АҚШ сенаторлари Шимолий таъминот тармоғи Ўзбекистондагидек коррупциялашган давлат амалдорлари учун мўмайгина доромад манбайига айланиб қолганидан ташвишланмоқда.

АҚШ Сенати Пентагондан Ўзбекистон билан олди-берди қилишда шаффофликни талаб қилмоқда. Сенат қўмитаси ўтган ҳафта Ўзбекистонга ҳарбий ёрдам кўрсатишни таъқиқловчи чекловларни бекор қилган эди. Eurasia.net нашрининг ёзишича, мазкур қарор кўрсатилаётган ёрдамнинг порахўрлар чўнтагига тушмаслигини таъминлаш шарти билан қабул қилинган. Бунинг учун АҚШ сенати Мудофаа вазирлигидан Шимолий таъминот тармоғи доирасида Ўзбекистонда тузилаётган шартномалар тўғрисида ҳисоботларни тақдим этишни талаб қилмоқда. Яқин келажакда Афғонистондаги АҚШ ҳарбийларига етказиладиган ноҳарбий юкларнинг 75 фоизи айнан Ўзбекистон орқали ўтиши инобатга олинса, америкалик солиқ тўловчиларнинг пуллари коррупцияга аралашмаслигини таъминлаш бироз мушкул бўлиши мумкин, дейди Eurasia.net нашрининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Дейрдре Тайнан.


АҚШ Сенатининг молиялаштириш қўмитаси Ўзбекистонга ҳарбий ёрдамни тақиқловчи чекловни бекор қилишга 22 сентябр куни розилик берди. Санат бу санкцияни 2004 йилда, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти аянчли эканини ҳисобга олиб жорий қилган эди.

Якуний қарор жорий йил охиригача Конгресснинг иккала палатасида ўтказиладиган овоз бериш натижаларига кўра қабул қилинади.

Лекин, Eurasia.net нашри эълон қилган “АҚШ Сенати Пентагондан Шимолий таъминот тармоғи (ШТТ) доирасида тузилаётган шартномалар хусусида шаффофлик истаётир” номли мақолада ёзилишича, бу чекловлар бекор қилиниб, катта миқдордаги ҳарбий ёрдам Тошкентга берилишидан аввал АҚШ Конгресси америкалик солиқ тўловчиларнинг пуллари порахўрларга сарфланмаслигини таъминлаш лозимлигини истамоқда.

Сенат ШТТ устидан яхши назорат ўрнатилмагани, хусусан Ўзбекистондагидек коррупциялашган давлат амалдорлари учун мўмайгина доромад манбайига айланиб қолганидан ташвишланмоқда, дейлади таҳлилчи Дейрдре Тайнан ёзган мақолада.

Муаллиф АҚШ Сенатининг хорижий ёрдам бўйича ҳисоботида келтирилглан мана бу сўзларга эътибор қаратади: “Қўмита Ўзбекистонда коррупция чуқур илдиз отганига оид хабарлардан ташвишдадир”.

Маълум бўлишича, Пентагондан талаб қилинаётган ҳисобот махфий бўлади ва жамоатчилик унинг мазмунидан хабардор қилинмайди. Яъни Ўзбекистонга ҳарбий ёрдам кўрстаиш тиклансаю Пентагон ҳисоботларида у ердаги эҳтимолий порахўрликлар ҳақида гап борса ёки бу ҳисоботлар ҳақиқатга мос келмаса бу сир бўлиб қолаверди. Хўш чекловни бекор қилиш учун бундай шартни қўйишнинг нима кераги бор?

Eurasia.net нашри Марказий Осиё бўийча таҳлилчиси Дейрдре Тайнан бундай ҳисоботларнинг махфий бўлиши ўзи одатий ҳолдир, дейди. Лекин бошқа томондан Америка пуллари қандай сарфланаётгани сир қолаётгани мунофиқликнинг бир кўринишидир ва бу деярли ҳал этиб бўлмайдиган муаммо экани ҳеч кимга сир эмас, дея давом этади таҳлилчи.

- Албатта, бу ерда иккиюзламачилик бор. Шу пайтгача айтилган гапларга қарасангиз, яъни амекриалик солиқ тўловчиларнинг пуллари (Афғонистондаги) уруш мақсадларига қандай сарфланмоқда, деган масалага қарайдиган бўлсак, бу пулларнинг бир қисми дунёдаги энг коррупциялашган давлатлар, хусусан ва айниқса, Ўзбекистон орқали ўтадиган Шимолий таъминот тармоғига сарфланади. Ва америкалик солиқ тўловчилар ўз пуллари дунёнинг бошқа жойларида қандай сарфаланаётганини била олмасликларини албатта мунофиқлик, деб атаса бўлади, дейди Дейрдре Тайнан.

Ўзбекистонга ҳарбий ёрдамни илинаётган президент Барак Обама маъмурияти ва бунга розилик бераётган сенат қўмитаси кўрсатилаётган молиявий ёрдамнинг мақсадли сарфланиши ва коррупцияга аралашмаслигини қанчалик таъминлай олиши бошқа масала, дейди у. АҚШнинг Покистон билан муносабатлари ёмонлашаётгани ва умуман бу мамлакат орқали Афғонистонга юклар транзити мушкуллашиб қолгани шароитида Пентагон уруш эҳтиёжлари учун юкларни етказиб беришни асосан ШТТ орқали амалга оширишни кўзламоқда. Дейрдре Тайнан ўз мақоласида, жорий йил охирига қадар ноҳарбий юклар транзитининг 75 фоизи Ўзбекистон орқали амалга оширилишига эътибор қаратади.

Бу вазиятда ва Ўзбекистонда яқин орада коррупцияни енгиш истиқболлари некбин эмаслиги эътиборга олинса, Қўшма Штатлар ёрдами мақсадли сарфланишига эришиш мушкул вазифадир, лекин АҚШ Сенати қўйган шарт, ҳеч бўлмаганда, бу муаммога эътибор қаратиши мумкин, дейди таҳлилчи.

- АҚШ ҳукуматида, барча бошқарма ва даражаларда Америка қонунларига амал қилинишини истаганлар жуда кўп. Бу одамлар ўз мақсадини амалга ошира олишларига умид қиламиз албатта. Мудофаа вазирлигининг ўз вазифаси бор, у ҳам бўлса Афғонистондаги урушда қўйилган миссияни иложи борича муваффақиятли бажаришдир. Баъзан бу миссияни бажариш учун улар икки томонлама муносабатларнинг нозик томонларига эътибор берган ҳолда маълум хатоликларга йўл қўйишлари мумкин. Лекин Америкада бу икки жиҳат бир-бирига зид келмаслигини таъминлашнинг кўплаб воситалари бор, дейди Eurasia.net нашри таҳлилчиси Дейрдре Тайнан.
XS
SM
MD
LG