Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:46

Эннио Морриконе Тошкентда концерт беради


23 октябр куни соат 20.00да Тошкентдаги “Ўзбекистон” халқаро форумлар саройида таниқли италян бастакор Эннио Морриконе концерт беради.

“Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси хабарига кўра, Морриконе концерти Art Week Style санъат ҳафталиги доирасида ташкил қилинаяпти.

Жамғарма сайтида концертга чипталарнинг ярми мамлакатдаги ёш иқтидор эгаларига бепул тарқатилиши айтилган.

Эннио Морриконе ярим асрлик фаолияти мобайнида Италия, Испания, Франция, Германия, Буюк Британия, Россия ва АҚШда суратга олинган 480 дан ортиқ фильм ва телесериалларга мусиқа басталаган.

Кино бастакори сифатида Морриконе жами беш маротаба “Оскар” мукофотига номзод бўлган ва кинематографияга қўшган улкан ҳиссаси учун 2007 йилда ушбу мукофотга лойиқ топилган.

83 ёшли Эннио Морриконенинг концерти Гулнора Каримова томонидан ташкил қилинаётгани айтилмоқда.

Бундан аввал италиялик таниқли қўшиқчи 68 ёшли Ал Бано "Шарқ тароналари" фестивалида қўшиқ куйлаб, президент Каримовга эҳтиром кўрсатган эди.

Шунингдек, кейинги йилларда Гулнора Каримова таклифи билан Стинг, Хулио Иглесиас, Монсерат Кабалье, Род Стюарт, Валинтино Таркан, Валентин Юдашкин каби санъат ва мода олами юлдузлари Тошкентда меҳмон бўлганлар.
XS
SM
MD
LG