Линклар

Бишкекдаги “Манас” АҚШ ҳарбий транзит маркази учоқларини ёнилғи билан таъминлаш бундан буён Қирғизистон ва Россия давлат қўшма корхонаси зиммасига юклатилади.

27 сентябрда Бишкекда бўлиб ўтган тақдимот маросимида бундан буён Бишкекдаги АҚШ ҳарбий транзит марказини ёнилғи билан Америка ширкатлари эмас, Россия ва Қирғизистон ҳамкорлигида ташкил этилган “Газпромнефт-Аэро Қирғизистон” ширкати таъминлаши эълон қилинди.

Маълумотга кўра, “Газпромнефт-Аэро Қирғизистон” ширкати акцияларининг 51 фоизи Россияга, 49 фоизи Қирғизистонга тегишли. Бу ширкат АҚШ транзит марказини ёнилғи билан 90 фоизга таъминлайди ва Қирғизистон бюджети бундан бир неча юз миллион доллар фойда кўради.

- Ўтган йили президент Ўтунбаева АҚШ президенти Барак Обамага транзит марказини ёнилғи билан таъминлаш ҳуқуқини Қирғизистон ширкатига беришни илтимос қилган эди. Бир йиллик музокаралардан сўнг бу мақсадга эришилди. Мен иқтисодчи сифатида айтишим мумкинки, Қирғизистон бюджети бундан 150-200 миллион доллар фойда кўради, - дейди Қирғизистон нефтетрейдерлар бирлашмаси раҳбари Жумақадир Акенеев.

Расмий маълумотга кўра, “Газпромнефт-Аэро Қирғизистон” ширкати дастлабки уч ойда АҚШ ҳарбий учоқларига керакли ёнилғининг 20 фоизини беради. Кейинги ойларда ёнилғининг 50 фоизи, кейинроқ 90 фоизи мазкур ширкатдан сотиб олинади. 10 фоиз ёнилғи эса АҚШ Мудофаа вазирлиги тендерини ютиб олган Америка ширкатига берилади.

Мутахассисларнинг айтишича, дастлабки уч ойда АҚШ транзит марказини ёнилғи билан 20 фоизга таъминлаган “Газпромнефт-Аэро Қирғизистон” ширкати 350 миллион доллар фойда кўради. Чунки транзит марказининг дастлабки уч ойдаги ёнилғи эҳтиёжининг 20 фоизи 240 минг тоннага тенг бўлар экан.

Россия томони ҳам АҚШ ҳарбий транзит марказини ёнилғи билан таъминлаш масаласи Москва иштирокисиз ҳал этилмаганидан қониқиш ҳосил қилмоқда. Бу ҳақда Россиянинг Қирғизистондаги элчиси Валентин Власов маълум қилди.

- Бугун тақдимоти ўтказилаётган лойиҳа бизни қониқтиради. Бу ишни амалга ошириш жуда узоқ вақтга чўзилди. Охир-оқибат манфаатли қарорлар қабул қилинди, - деди Валентин Власов.

Қирғизистон ҳукумати расмийларига кўра, АҚШ марказини ёнилғи билан таъминлашда узилишлар бўлмаслиги учун Россия ҳамкор сифатида танланган ва унга “Газпромнефт-Аэро Қирғизистон” ширкати акцияларининг 51 фоизи берилган. Айни пайтда Россиянинг 3 та ёнилғи заводи мазкур ширкатни ёнилғи билан таъминлаш мажбуриятини олган.

Расмий Бишкек бир йилдан ортиқ вақт мобайнида Вашингтондан ҳарбий транзит марказини АҚШга қарашли “Мина корп” ширкати ёнилғи билан таминланишини тўхтатишни талаб қилиб келди. Қирғизистон ҳукумати бу ширкатни коррупцияда айблаган ва бу масала АҚШ конгрессида ҳам муҳокама қилинган эди.
XS
SM
MD
LG