Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:27

Ўзбек мутахассислари Зарифий иддаоларини рад этмоқда


Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий фикрича, дарёлар қуйисидаги мамлакатларда йирик сув омборларининг қурилиши Оролнинг қуришига олиб келган.
Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий фикрича, дарёлар қуйисидаги мамлакатларда йирик сув омборларининг қурилиши Оролнинг қуришига олиб келган.

Улар Тожикистон ташқи ишлар вазирининг Орол муаммосига дарёлар қуйисидаги мамлакатларда жойлашган сунъий кўллар сабаб экани ҳақидаги сўзлари асоссизлигини айтмоқдалар.

27 сентябр куни БМТ минбаридан сўзлаган Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий йиғилганлар эътиборини Орол фожеасига қаратар экан, уни сув заҳираларидан оқилона фойдаланмаганлик натижаси ўлароқ баҳолади.

Унингча, дарёлар қуйисидаги мамлакатларда йирик сув омборларининг қурилиши Оролнинг қуришига олиб келган.

Тожик мулозимидаги маълумотларга кўра, ана шундай сув омборларининг сони минтақада юзтадан ошган. Зарифий бу сув омборларидаги сув ҳажми бугунги Орол денгизидаги сув ҳажмидан бир ярим баравар кўплигини билдирди.

- Айнан шунинг учун Тожикистон Марказий Осиёдаги сувдан фойдаланиш барча тизимида БМТ раҳбарлигида комплексли экспертиза ўтказишни таклиф қилди. Шунингдек, мавжуд барча сув омборларининг самарали ва рационал фаолияти масаласи ҳам кўриб чиқилиши лозим, - деди Тожикистон ҳукумат расмийси Ҳамрохон Зарифий.

Шу билан бирга, Тожикистон ташқи ишлар вазири ўз давлати умумминтақавий аҳамиятга эга бўлган сув заҳираларидан фойдаланиш бўйича Марказий Осиё барча давлатлари билан тиғиз ҳамкорликка ҳозирлигини қўшимча қилди.

Минтақа сув заҳираларидан унумли фойдаланиш атрофида баҳслар минтақа мамлакатлари ўртасида кўпдан буён давом этиб келади. Бу масалага халқаро ҳамжамият диққат-эътиборини қаратишга уринаётган қўшнилар ҳар гал бир-бирларини айблайди ва “бу муаммони чуқурроқ ўрганиш учун халқаро текширув бошлаш лозим” деган таклифни ўртага ташлашади.

Аснода ўзбекистонлик соҳа мутахассислари Тожикистон таклифига қарши эмасликларини, зеро, минтақадаги сув омборлари ва тўғонлари бир неча марта экспертизадан ўтгани ва бу ҳамма учун очиқ мавзу эканини айтмоқдалар.

Ўзбекистон республикаси Фанлар академияси сув муаммолари институти директори Эрназар Маҳмадов Тожикистон ташқи ишлар вазирининг иддаолари асоссизлигини айтади.

Ундаги маълумотларга кўра, Орол денгизи ҳавзасида жойлашган барча сув омборларининг ҳажми 64 миллиард куб метрни ташкил қилади. Шундан 40 миллиарди, Маҳмадов жанобларининг айтишича, фойдали ҳажмдир.

- Шундан ҳудудимиздаги 52 та сув омборида атиги 20 миллиард метр куб сув бўлса, биздан юқоридаги Тожикистон ва Қирғизистонда 40 миллиард метр куб ҳажмга эга бўлган сув омборлари мавжуддир. Ўзингиз нисбатни кўраяпсиз, ким кўпроқ таъсир қилиши мумкин? - дея савол ташлайди ўзбекистонлик мутахассис Эрназар Маҳмадов Тожикистон ташқи ишлар вазирининг айтганларига муносабат билдирар экан.

Маҳмадовга кўра, Ўзбекистонда сув омборларида фойдаланиш маданияти жуда юқори.

Айни пайтда Ўзбекистон Фанлар академияси масъули минтақа сув заҳираларидан унумли фойдаланиш масаласида асосан сув бошидаги республикалар муаммо туғдираётганидан норозилик билдирди.

- Ҳозирги кунда Қирғизистон ҳеч кимга сув бермай, Тўқтоғулда 19,5 миллиард метр куб сувни ушлаб ўтирибди. Қурилганига 40 йил бўлган бўлса, биринчи марта шундай бўлаяпти. Тожикистоннинг Норак сув омборида эса 10,5 миллиард сувни ушлаб туришибди. Муаммони сунъий равишда шакллантириш имконига фақат юқорида ўтирган давлатларгина эга. Чунки у ерда сув омборлари ҳажми биздаги сув омборларидагига нисбатан бир неча баравар катта, - дер экан ўзбекистонлик мутахассис ўз ҳукуматининг сув заҳираларидан тўғри фойдаланишга қаратилган саъй-ҳаракатлари юқоридагилар туғдираётган муаммолар боис яхши натижалар бермаётганини қистириб ўтди.

Жаноб Маҳмадов Ўзбекистон Орол фожеаларини бартараф қилиш борасида ҳам кўплаб чора-тадбирлар кўраётганини қайд этди.

- Орол ва Оролбўйи муаммолари билан биринчи навбатда экологияга тааллуқли бўлган энг катта ташаббуслар Ўзбекистондан чиқаяпти. Пахта майдонларини камайтириш, сувдан кам фойдаланиш кабилар шулар жумласидандир. Сувга таъсири бўлган экологик муҳитни яхшилаш учун бизда фаол саъй-ҳаракатлар қилинаяпти. Шунинг учун Орол билан боғлиқ муаммода Ўзбекистонни айблаш бу нотўғридир, - дейди Ўзбекистон Фанлар академияси масъули Эрназар Маҳмадов.

Унинг айтишича, Ўзбекистондаги соҳиллар ва ички дарёлар суви ҳисобига тўлдирилаётган жами 52 та сув омбори аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш ва қишлоқ хўжалик соҳасида ишлатилади. Шунингдек, бу сув омборлари тошқин юз берганида, яъни фавқулотда ҳолатларда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга хизмат қилади.
XS
SM
MD
LG