Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:52

АҚШ ва ЕХҲТ интернетнинг назорат қилинишига қарши


Қўшма Штатлар ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Хитой, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг Интернет устидан назорат ўрнатиш уринишлари юзасидан хавотир изҳор қилди.

ЕХҲТнинг оммавий ахборот воситалари эркинлиги бўйича вакили Дуня Миятович 28 сентябр куни “бу каби ташаббуслар фикр эркинлигини хавф остига қўяди”, дея баёнот берди. Унинг фикрича, интернетни назорат қилиш “ахборот оқими йўлида янги тўсиқ”қа айланади.

12 сентябр куни Хитой, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг БМТдаги вакиллари ахборот жабҳаси ва киберфазодаги халқаро тартиб ва аҳлоқ мезонлари масаласини БМТ доирасида муҳокама қилиш учун Бош котиб Бан Ки Мунга мурожаат қилгандилар.

Улар мазкур мурожаатномани БМТ Бош ассамблеяси 66-сессиясида расмий ҳужжат ўлароқ тарқатилишини сўрагандилар.

Хитой, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон вакиллари тақдим қилган аҳлоқ кодексидан мақсад ахборот-коммуникацион технологиялар ва Интернет халқларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ва фаровонлигигина хизмат қилиши ҳамда халқаро барқарорлик ва хавфсизлик учун мамлакатларнинг ахборот фазосидаги ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, уларнинг конструктив ва масъулиятли бўлишига кўмаклашиш ҳамда ахборот фазосидаги умумий хавф-хатар билан курашда улар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш экани айтилган.

Кодексни ихтиёрий равишда имзолаган давлатлардан халқаро тинчлик ва хавфсизлик учун хатар туғдириш, душманона ёки тажовузкорона хатти-ҳаракатларни амалга ошириш учун ахборот-коммуникацион технологияларни, жумладан, интернетни қўлламаслик, қурол-аслаҳа ва унга оид технологиялар билан боғлиқ ахборотни тарқатмаслик сўралади.

Шунингдек, кодекс давлатларни ахборот-коммуникацион технологиялардан фойдаланаётган жиноий ва террористик фаолиятга қарши курашда ҳамкорлик қилишга, ахборот фазосидаги ҳуқуқ ва эркинликларни ҳурмат қилишга, Интернет устидан кўптомонлама, шаффоф ва демократик бошқарув ўрнатилишига кўмаклашишга чақиради.

ЕХҲТ вакили Дуня Митович дунё давлатлари ўз хавфсизлигини таъминлашга ҳақли эканини, бироқ бу инсонларни фундаментал ҳуқуқларидан маҳрум қилиш эвазига амалга оширилмаслиги лозимлигини қайд этади.

- Давлатларнинг ўз барқарорлиги ва турли жиноятлардан ҳимояланишни таъминлашга қонуний ҳақлари бор, бироқ ЕХҲТнинг тамойиллари – эркинлик ва хавфсизлик бир-бири билан чамбарчас боғлангандир, - деди Дуня Митович.

Америкада чиқадиган Huffington Post газетаси ҳам АҚШ давлат департаменти масъули Мишел Маркофф сўзларига таянган ҳолда Қўшма Штатлар Хитой, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон ташаббусини “интернетдаги эркинликни чеклаш” ўлароқ баҳолаётганини ёзди.

- Улар ўз давлатлари хавфсизлигини таъминлаш баҳонаси билан Интернет-ресурслар ва сўз эркинлиги устидан ҳукумат назорати ўрнатилишини оқлашга уринмоқдалар, - дея иқтибос келтиради Маркофф сўзларидан Huffington Post газетаси.
XS
SM
MD
LG