Линклар

logo-print

Бурятиядаги ёнғинда бир ўзбекистонлик нобуд бўлди, иккиси бедарак кетди


Россияда ўзбек мардикорлари меҳнат пайтида ҳалок бўлиши биринчи марта учраётгани йўқ.

Россияда ўзбек мардикорлари меҳнат пайтида ҳалок бўлиши биринчи марта учраётгани йўқ.

Бурятиядаги қўлқоп ишлаб чиқарадиган корхонада чиққан ёнғин оқибатида 4 нафар ишчи халок бўлди, икки нафари бедарак йўқолди. Нобуд бўлган меҳнат муҳожирларидан бири Ўзбекистон фуқароси экани аниқланди. Яна икки нафар ўзбекистонлик бедарак йўқолган.


Бурятия Республикасининг Прибайкал туманига қарашли Турунтаево қишлоғида 23-дан 24 сентябрга ўтар кечаси чарм қўлқоп ишлаб чиқарадиган фабриканинг икки қаватли биносида чиққан ёнғин оқибатида 4 нафар меҳнат муҳожири нобуд бўлди, икки нафари бедарак йўқолди.

Бурятия Республикаси Тергов қўмитаси расмийси Евгений Лагацкий Озодлик билан суҳбатда корхона меҳнат муҳожирларини ноқонуний тарзда ишга ёллаган ва фаолияти ҳам қонун доирасида бўлмаган, дейди. Унинг айтишича, топилган тўрт жасаддан бирининг шахси аниқланган.

- Вафот этган 4 кишининг бири 1985 йилда туғилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси экани аниқланди. Ундан ташқари ёнғинда йўқолган яна икки нафар Ўзбекистон ва икки нафар Қирғизистон фуқаролари шахслари аниқланмоқда, ҳозирча менда бу шахсларнинг рўйхати йўқ. Яна бир топилган жасаднинг кимга тегишлилигини аниқлашнинг ҳозирча иложи йўқ, чунки қаттиқ куйиб кетган. Биз уни генетик экспертизага топширамиз. Фабриканинг ўзи бу турдаги ишлаб чиқаришга ҳеч қандай рухсатномаси бўлмаган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ҳозирча ёнғин жойида суриштирув ишларини давом эттирмоқда,- дейди Бурятия Республикаси Тергов қўмитаси вакили Евгений Лагацкий.

Тергов қўмитаси ахборот маркази бошлиғидан олинган хабарга кўра, Турунтаево қишлоғидаги ноқонуний фабрикада чиққан ёнғин бўйича Россия Жиноят Кодексининг 219 моддаси 3 қисми, яъни ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслик бўйича жиноий иш очилган. Бурятия Ички ишлар вазирлиги томонидан қўзғатилган бу жиноят иши бўйича жавобгар деб топилган фабрика эгаси 7 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.

Озодлик Турунтаево фабрикасида бўлган ёнғин тафсилотларини аниқлаш мақсадида ўт ўчириш ва қидирув ишларига раҳбарлик қилган маҳаллий тергов бошқармаси бошлиғи Цирен Циримпилов билан боғланди.

Унинг сўзларига кўра, олов кечки смена пайтида резина қўлқоп ишлаб чиқарадиган станоклардан бирида чиққан ва ишчилар ўз кучлари билан уни ўчира олмаган. Аланга қисқа вақт ичида бутун иккинчи қаватга ёйилган, одамлар иккинчи қават деразаларидан пастга сакрай бошлаган, улардан бири оёғини синдириб олган, дейди у.

- Ҳозирга келиб нобуд бўлганлардан фақат бир киши шахси аниқланди. Бу ўзбекистонлик Мирзаев Рустам Оғажонович. Ҳозирча фақат 4 кишининг мурдаси топилди, ёнғин пайтида бинода бўлган яна икки киши бедарак йўқолган. Бино тўлиқ бузилиб кетган. Жасадлар эса Улан-Удэ шаҳридаги Суд тиббий экспертиза бюросига жўнатилди, дея сўнгги маълумотларни берди ёнғин жойини кўздан кечираётган терговчилар гуруҳи раҳбари Ц. Циримпилов.

Терговчилардан олинган маълумотга кўра, фабрика биносида 100 дан ортиқ асосан Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келган меҳнат муҳожирлари ишлаган. Уларнинг аксари шу бинода ишлаб истиқомат ҳам қилган.

Бинода шунингдек лак-бўёқ маҳсулотлари, газ баллонлари бўлган.

Фабрикадаги ёнғин натижасида жароҳат олганларнинг аҳволини билиш мақсадида Прибайкал марказий туман шифохонасига қўнғироқ қилдик.

- Уларни бизга келтиришган эди. Лекин жароҳатлари оғир бўлмагани туфайли ётқизилмади. Оёғи синган йигитга гипс қўйдик, у ҳам кетворди. Фабрикадан келтирилганлардан бирортаси ҳозир шифохонада йўқ,- деди шифохонанинг терапия бўлими врачи.

Терговчилар жасадларнинг кимга тегишли эканини аниқлаш учун генетик экспертиза зарур бўлишини таъкидладилар.

Бурятия Республикаси Тергов идораси ходимлари шунингдек Россия Жиноят Кодексининг 143 моддаси (меҳнат мухофазаси қоидаларини бузиш) юзасидан жиноий иш қўзғатиш учун терговолди тафтиш ишларини олиб бормоқда.
XS
SM
MD
LG