Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:35

Душанбе пахта сотишда муаммо йўқлигини айтмоқда


Тожикистон расмийлари кўра, ҳозирча Ливерпул бозорида тожик пахта толасини сотиш муаммо бўлмаётир.

“Тожикстандарт” пахтани назорат қилиш давлат бошқармаси бошлиғи Қурбонали Алимардонов маълум қилишича, бозорда пахта нархи, жумладан, тожик пахтасининг нархи ҳам тез-тез ўзгаради.

- Аммо бу ўзбек пахтасининг ғарбликлар томонидан бойкот қилингани билан боғлиқ эмас. Бу фақат харидор ва сотувчига боғлиқ, холос. Бозорда нарх ҳар куни ўзгариб турибди. Баъзида қиммат, баъзида арзонга сотилаяпти пахтамиз, - дейди Қурбонали Алимардонов.

Аввалроқ айрим оммавий ахборот воситалари Ливерпул биржасида Марказий Осиё, жумладан, Тожикистон пахтасига нарх белгиланмаётгани ва натижада харидорлар нархнинг номаълумлиги сабабли пахта сотиб олмаётганларини ёзганди.

Айтилишича, бунга минтақа айрим республикаларида пахта йиғим-теримида болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланилаётганлик ана шундай қарор қабул қилинишига сабаб бўлган.

Тожикистон ҳукуматига яқин бўлган ва исми сир қолишини сўраган манбанинг айтишича, Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон пахтасининг 60 дан ошиқ ғарб ширкатлари томонидан бойкот қилиниши тожик пахтаси бозорига ҳам салбий таъсир қилган.

Манбага кўра, гарчи эътирозлар асосан Ўзбекистонга тегишли бўлса-да,
Тоқикистон пахтаси ўзбек пахтаси индекси билан сотилаётган сабабли ҳам харидорини тополмаётир.

Тожикистон ҳукумат мулозими Қурбонали Алимардонов ҳам тожик пахтаси ягона индекс асосида жаҳон бозорига олиб чиқилаётганига оид маълумотни тасдиқлади, аммо ўз мамлакатида пахта теримида болалар меҳнати ихтиёрий эканини билдирди.

Эслатсак, жорий йил ёзида Халқаро меҳнат ташкилотининг Тожикистондаги ваколатхонаси тожик пахтасининг 40 фоизини болалар териб беришини эълон қилганди. Мазкур ташкилот экспертларига кўра, ҳар йили пахта йиғим терими учун тожикистонлик ўқувчиларининг тахминан 70 фоизи жалб этилади.

Халқаро меҳнат ташкилоти масъулларининг билдиришича, бундай статистика Тожикистон ҳукумати норозилигига сабаб бўлган. Ташкилот масъуллари шу кунларда Халқаро меҳнат ташкилотининг Тожикистондаги ваколатхонаси ва давлат статистика қўмитаси экспертлари тожик ҳукумати талаби билан бу масала юзасидан тадқиқот олиб бораётганларини билдирди.

Айтиш лозимки, АҚШ Меҳнат вазирлиги ўтган йили тожик пахтасини бу мамлакатга экспорт қилиниши таъқиқланган маҳсулотлар рўйхатига киритганди. Америка расмийлари бунинг сабабини Тожикистон ҳукумати болаларни пахта далаларида мажбуран ишлатаётгани билан изоҳлашган эди.

Тожикистон расмийлари эса ҳукумат қарори билан пахтачилик соҳасида мажбурий болалар меҳнати расман таъқиқланганини ва ҳозирда тожикистонлик болалар собиқ шўро замонларидаги каби пахта теримида қатнашмасликларини такрорлашдан чарчамайдилар.
Пахта импорти Тожикистон учун алюминийдан кейин валюта асосий манбаи саналади. Маълумотларга кўра, пахта импорти ортидан Тожикистон ҳар йили тақрибан 70 миллион доллар даромад кўради.

Гарчи 2009 йил Таълим вазирлиги ўқувчиларнинг пахта йиғим-теримига жалб қилинмаслиги борасида қарор қабул қилган эса-да, жорий йилда Сўғд вилоятининг бир қатор туманлари ва мамлакат жанубида болаларнинг пахта йиғим-теримида қатнашаётгани кузатилади.

Ортда қолаётган ҳафтада Восеъ туманида болаларни пахта теришга мажбурлаган маҳаллий ҳукумат расмийлари жиноий жавобгарликка тортилгани хабар қилинганди.

Мустақил таҳлилчилар минтақа бошқа республикаларидаги сингари Тожикистонда ҳам мажбурий болалар меҳнати расман таъқиқланган бўлса-да, аслида бу мамлакатда ҳам турли йўллар билан болалар меҳнатидан кенг фойдаланилади.

“Саодат” жамоатчилик ташкилоти раҳбари Манзура Султонова, гарчи шўролар давридаги сингари мактаблар эшигига қулф солиниб, болалар оммавий тарзда пахта далаларига олиб чиқилмаса-да, маҳаллий ҳукумат мулозимлари баҳор ва куз мавсумида ўқувчиларни “ота-оналарга ёрдам” баҳонасида далага ҳайдашаётганини таъкидлайди.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йилда Тожикистон 400 минг тонна пахта етиштиради ва у асосан Ҳолландия, Швейцария, Латвия, Австрия Эрон, Россия ва қўшни Ўзбекистонга экспорт қилинади.
XS
SM
MD
LG