Линклар

logo-print

Ҳиллари Клинтон: АҚШ Ўзбекистон билан муносабатларни кучайтиришни хоҳлайди


АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва сиёсий эркинликлари вазияти яхшиланаётгани белгиларини намаён этаётганини таъкидлаган.

Пайшанба куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев билан учрашган Клинтон хоним Афғонистонга таъминот юкларининг олиб ўтилишида Ўзбекистоннинг муҳим аҳамиятини тилга олган ва АҚШ Марказий Осиёнинг бу мамлакати билан муносабатларни кучайтиришни истаётганини қайд этган.

Бир кун олдин 20 та ташкилотдан иборат гуруҳ АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтонга мактуб йўллаб, Ўзбекистонга ёрдам дастурларини қайтиб тикламасликни сўрашган эди.

Пайшанба куни қилган баёнотида Ҳиллари Клинтон Қўшма Штатлар бундан буён ҳам Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари масаласига эътибор қаратишда давом этажагини таъкидлади.

Бундан олдин АҚШ Президенти Барак Обама ўзбекистонлик ҳамкасби Ислом Каримовга қўнғироқ қилиб, уни Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги билан табриклаган эди.

Улар АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришни, хусусан фуқаролик жамиятлари ва хусусий сектордаги алоқаларни мустаҳкамлашга келишганлар.

Покистондаги беқарорликлар сабаб Вашингтон шу кунларда Афғонистонга Ўзбекистондан ўтувчи Шимолий таъминот йўлига қизиқиш билдирмоқда.

АҚШ Президенти Барак Обаманинг Каримовга қўнғироқ қилиши ва Ҳиллари Клинтоннинг сўнгги баёнотлари ана шу таъминот тармоғига қизиқиш нақадар юқори даражада эканидан далолат беради.
XS
SM
MD
LG