Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:16

АҚШ Ўзбекистондан ўтувчи таъминот тармоғига кўз тикмоқда


АҚШ Президенти Обаманинг Каримовга қўнғироқ қилишидан сал ўтиб, Давлат котиби Клинтоннинг Ўзбекистон номига илиқ сўзлари Вашингтоннинг Тошкент билан ҳарбий ҳамкорликни тиклашга интилаётгани ва Ўзбекистон орқали Афғонистонга ўтувчи шимолий таъминот тармоғига АҚШнинг қизиқиши нақадар юқори даражада эканидан далолат берди.

Покистондаги беқарорликлар сабаб Вашингтон шу кунларда Афғонистонга Ўзбекистондан ўтувчи Шимолий таъминот йўлига қизиқиш билдирмоқда.

Пайшанба куни АҚШ Президенти Барак Обама ўзбекистонлик ҳамкасби Ислом Каримовга қўнғироқ қилиши ва уни Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги билан табриклаши ҳам ана шу таъминот тармоғига қизиқиш нақадар юқори даражада эканидан далолат беради.

Обама Каримовага қўнғироқ қилиши ортидан АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Ўзбек –Америка ҳамкорлигини ёқлаб баёнот берди.

Associated press агентлигига кўра, Ҳиллари Клинтон ўз баёнотида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва сиёсий эркинликлари вазияти яхшиланаётгани белгилари намаён бўлаётганини таъкидлаган.

Шунингдек, Клинтон хоним Афғонистонга таъминот юкларининг олиб ўтилишида Ўзбекистоннинг муҳим аҳамиятини тилга олган.

Janes ахборот гуруҳининг Россия ва МДҲ давлатлари бўйича таҳлилчиси Лилит Геворгиян фикрича, Американинг минтақадаги асосий иттифоқчиси ва таъминот йўли вазифасини бажариб келган Покистон билан алоқаларининг жиддий совуқлашуви ва жанубий йўлакда юзага келган нобарқарорликлар Қўшма Штатларни Ўзбекистон орқали ўтувчи шимолий таъминот йўлига қизиқишини орттирган.

”Покистондаги мураккабликлар боис АҚШ ва НАТО етакчилигидаги кучлар муқобил йўллар ҳақида бош қотира бошлашган. Сўнгги йилларда Покистондаги транзит йўлида амалга оширилган бир қатор ҳужумлар бу йўлакнинг ишончлилигини савол остига қўйди ва АҚШ ҳамда НАТО учун шимолий таъминот тармоғи ўта катта аҳамият касб эта бошлади”, - дейди Геворгиян.

Қўшма Штатларининг Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорлик тажрибаси бор. АҚШ 2001 йилдан 2005 йилгача Ўзбекистоннинг Қарши шаҳри яқинидаги Хонобод ҳарбий ҳаво базасидан фойдаланган эди.

2005 йилда ҳукумат қўшинлари Андижондаги тинч намойишчиларни ўққа тутгани ва буни оқибатида юзлаб одам ҳалок бўлганини АҚШ танқид қилиб чиқиши ортидан Ўзбекистон ҳукумати Америка ҳарбий контингентини мамлакатдан чиқариб юборди.

“Ҳозир АҚШ Ўзбекистонда базага эга эмас. Шу жиҳатдан қўшни Қирғизистон АҚШ учун жуда муҳим. Лекин салоҳияти жиҳатдан Ўзбекистон бундан ҳам муҳим.

Қирғизистондаги Манас ҳаво базаси билан солиштирадиган бўлсак Ўзбекистондаги база жуда қулайликларга эга, Афғонистонга юкларни қуруқлик орқали олиб ўтиш имконини ҳам беради, қолаверса Қирғизистонга қараганда Ўзбекистондан юкларни олиб ўтиш анча арзонга тушади”, - дейди Janes ахборот гуруҳи таҳлилчиси Лилит Геворгиян.

Қўшма Штатлар Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорликни қайта тиклаш эвазига туҳфа бериши керак. Ўтган ҳафтада АҚШ Сенати қўмитаси ўтган ҳафта Ўзбекистонга мўлжалланган ёрдам дастурларига қўйилган чекловни олиб ташлашга изн берувчи қонун лойиҳасини маъқуллаши ана шу туҳфа сифатида кўрилмоқда.

Президент Барак Обама хорижий иттифоқ кучларининг Афғонистондаги ҳарбий амалиётларида муҳим транзит нуқтасига айланган Ўзбекистонни рағбатлантириш учун 2004 йилда жорий этилган чекловни бекор қилишни сўраб Конгрессга мурожаат қилган.

Бу эса инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш ташкилотлари ғазабига учради.

20 та ташкилотдан иборат гуруҳ шу ҳафтада АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтонга мактуб йўллаб, Ўзбекистонга ёрдам дастурларини қайтиб тикламасликни сўрашган.

Пайшанба куни қилган баёнотида Ҳиллари Клинтон Қўшма Штатлар бундан буён ҳам Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари масаласига эътибор қаратишини таъкидлади.

Шунингдек, 60га яқин фаол Вашингтонда Ўзбекистон-Америка бизнес форуми ўтаётган бино олдида намойиш ўтказди.

Форум Америка-Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан ташкиллаштирилиб, унда Бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев ҳам иштирок этган.

Бундан олдин АҚШдаги фаоллар 8-15 сентябр кунлари Ню Йоркда бўлиб ўтган Мода ҳафталигида Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага қарашли Guli брэнди либослари томошасининг кўрсатилишига қарши қатор норозилик тадбирлари уюштирган.

Мазкур пикетлар ва АҚШ матбуотидаги кескин чиқишлар ортидан Мода ҳафталиги ташкилотчилари Гулнора Каримова томошасини бекор қилган эди.

Берлиндаги Конституция ва инсон ҳуқуқлари Европа маркази вакили Мириам Сааг-Маас фикрича, АҚШ ва Европа ҳукуматларининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аянчли аҳвол борасида жиддий хавотир билдириш мажбурияти бор.

Лекин, ғарб ҳукуматлари, жумладан Германия ҳам ҳарбий ва иқтисодий манфаатлар деб инсон ҳуқуқлари масаласини кўтаришга андиша қилади.

“Германия ҳарбий ҳаво кучлари Афғонистондаги халқаро оперция доирасида Ўзбекистон жанубидаги Термиз ҳарбий аэродромдан оралиқ база сифатида фойдаланиб келади. Шу база деб Германия Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бузилиш холларини етарли танқид қилолмайди. Бизнингча иқтисодий ва ҳарбий манфаатлар инсон ҳуқуқлари қадриятларидан устун қўйилмаслиги керак”, - дейди Мириам Сааг-Маас.
XS
SM
MD
LG