Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:31

Ўзбекистонга қайтарилган уч қочқинга ҳукм ўқилди


Ўзбекистонга қайтарилган ўзбек қочқини Шухрат Ботиров Олмаотадаги суд пайтида.
Ўзбекистонга қайтарилган ўзбек қочқини Шухрат Ботиров Олмаотадаги суд пайтида.

Июн ойида Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган 29 нафар қочқиндан 3 нафарига суд ҳукми ўқилди.

30 сентябр куни Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари мустақил ташаббус гуруҳи тарқатган хабарга кўра, Олмаотадан Тошкентга экстрадиция қилинган уч қочқинга ҳукм эълон қилинди.

Сурхондарё жиноят ишлари суди 17 август куни қочқинлардан бири бўлган Аҳмад Болтаевни 15 йилга ҳукм қилингани ҳақида хабар берганмиз. Аҳмад Болтаев Ўзбекистон республикаси жиноят кодексининг 244, 159 - моддалари бўйича Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш, жиноий уюшмалар тузиш, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материаллар тарқатишда айбланиб, 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари мустақил ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов айни пайтда Аҳмад Болтаевнинг жазо муддати аппеляция шикоятига кўра қисқартилганини маълум қилди:

- Аҳмад Болтаевнинг ўзи аппеляцияга топширган. Аппеляцияда кўрилиб, 13 йилга қисқартириб берилган.15 йил берган ҳукмидан икки йилини олиб ташлаган,- дея маълум қилди Суръат Икромов.

Суд ҳукми ўқилганлар орасида 1966 йилда туғилган Қобилжон Қурбонов ҳам бор. Қурбоновга шу йилнинг 13 сентябр куни Қибрай туман жиноят ишлари суди Ўзбекистон республикаси жиноят кодексининг 216-моддаси бўйича "ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш ёки уларнинг фаолиятини тиклаш, шунингдек, бундай бирлашмалар ёки ташкилотлар фаолиятида фаол қатнашиш” айби қўйилиб ҳукм ўқилган.

- У фақат бир модда билан айбланди, 4 йил жазо муддати берилди. Онасининг гапи бўйича судя унга: "Аппеляция бермаганингиз яхши, тезроқ муддати ўтиб кетади", деган. Худди шу воқеа Сирдарёда ҳам бўлган,- деди ҳуқуқ фаоли Икромов.

17 август куни Сирдарё вилояти жиноят ишлари суди 21 ёшли Файзиллахон Акбаровни Ўзбекистон жиноий кодексининг 244 -моддасининг 1 - қисмига биноан, яъни жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайëрлаш ëки тарқатиш бўйича айбдор деб топди. Суд ҳукми билан у 5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Файзиллахон Акбаровнинг суд маҳкамасида ҳимоячиси бўлмаган.

- Аппеляцияга бериш масаласида уларга ҳам маслаҳат беришибди: "Кам муддат берилган, бор-йўғи 5 йил. Шу учун тезда чиқиб кетади", деб ваъдалар беришибди. Шу пайтгача булар аппеляцияга беришмаган,- деди Суръат Икромов.

Жорий йилнинг 9 июн куни бир ярим йилдан ортиқ Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги икки ҳибсхонада сақланган 29 қочқин Ўзбекистонга экстрадиция қилинган эди.

Ўзбекистонга келтирилганидан буён бу қочқинлардан беш нафарининг яқинлари Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳига мурожаат қилган. Шу боисдан ҳам фақат қочқинлардан беш нафарининг тақдирини билвосита кузатиш имкони бўлмоқда.

Қолган қочқинлар тақдири эса мутлақо номаълум қолмоқда.

29 қочқин Олмаотадаги ҳибсхонада сақланаётган кезда Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан уларнинг экстрадицияси сўралиб, юборилган сўровномада бу қочқинларнинг айримлари 1999 йилдаги портлашлар, айримлари 2008 йилда Анвар қори Турсуновга суиқасд ва Ички ишлар вазирлиги мулозими Ҳасан Асадов ўлимига алоқадорлик, яна айримлари эса “Жиҳодчилар”, “Ваҳҳобийлар” каби диний оқимларига алоқадорликда айблангани ҳақида норасмий манбалар маълум қилган эди.
XS
SM
MD
LG