Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:10

Таҳлилчилар: АҚШ ҳарбийлари минтақада қолиши керак


Тожикистонда 29 сентябр куни АҚШ ҳарбийларининг Афғонистондан чиқарилиши масаласи муҳокама қилинди.
Тожикистонда 29 сентябр куни АҚШ ҳарбийларининг Афғонистондан чиқарилиши масаласи муҳокама қилинди.

“Америка қудратли бўлиб қолишни истаса, ҳарбийлари Афғонистон ва Марказий Осиёда қолиши лозим”.

Бундай баёнот 29 сентябр куни “НАТО кучларининг Афғонистондан чиқиб кетиши ортидан минтақа мамлакатларидаги хавфсизлик масалалари” га бағишлаб, Душанбе шаҳрида ўтказилган халқаро конфренцияда янгради.

Халқаро тадбирда дунёнинг 14 та мамлакатидан келган ҳарбий таҳлилчилар ва сиёсатшуносларнинг кўпчилиги “АҚШ афғонлар тупроғини бутунлай тарк этмаслиги лозим”лигини таъкидладилар.

Германиялик ҳарбий таҳлилчи Йорг-Дитрих Накмайр “Америка кучларининг Афғонистондан чиқиб кетиши Америка давлати қулашининг бошланиши бўлади”, деб айтди.

Бу таҳлилчи фикрича, Афғонистон дунёдаги йирик давлатлар учун катта бир қабристон экани 21 асрда тўла ўз исботини топди.

“Америка Афғонистонда ўз миссиясини тўла бажаришга муваффақ бўлолмади. Балким асосий мақсад уни бажариш ҳам бўлмагандир. Менимча, муҳими Американинг Афғонистонда жойлашиши эди”, деди немис таҳлилчиси Накмайр жаноблари.

Фридрих Эберт жамғармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси масъули Вулф Лапинс мулоҳазасича, “Афғонистон Совет Иттифоқи армияси учун совуқ урушнинг энг катта қабристони эди, бироқ Америка Шўро давлати йўл қўйган хатодан ўзига етарли сабоқ олмади”.

Лапинс жанобларидаги маълумотларга кўра, Совет Иттифоқи Афғонистондаги уруш учун кунига 15 миллион доллар маблағ сарфлаган. Америка ҳукумати эса йилига 20 миллиард доллар сарфлайди.

Таҳлилчи ҳисобича, бу миқдордаги маблағ Марказий Осиё давлатларидан Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг йиллик бюджетини ташкил қилади.

Фридрих Эберт жамғармаси вакили фикрича, толиблар бу урушда ҳозирданоқ ўзларини ғолиб деб биладилар ва улар 2014 йили НАТО кучларининг Афғонистонни тарк этишини кутмоқдалар. Шу сабабли ҳам, толиблар Афғонистоннинг иқтидордаги ҳукумати билан музокарага эҳтиёж сезмайдилар.

- НАТО кучларининг Афғонистондан олиб чиқилиши ортидан бу мамлакатдаги вазият кескинлашади, аммо бу кескинлик Марказий Осиёдаги вазиятга жиддий таъсир қилмайди,- деди Фридрих Эберт жамғармаси вакили Вулф Лапинс.

Қозоғистонлик сиёсий таҳлилчи Аскар Нурша НАТОнинг Афғонистонни тарк этиши ортидан бу мамлакатда қавмлараро уруш бошланиб кетиши мумкинлигини айтади:

- Бу уруш минтақа мамлакатларидан Ўзбекистон ва Тожикистон учун кўплаб муаммолар туғдиради. Бу ҳолтада иккала давлат афғонистонлик ўзбеклар ва тожикларга моддий ёрдам кўрсатиш билан бирга ўз чегараларида қочқинларни қабул қилиб олиш учун ҳам жуда катта маблағ сарфлашга мажбур бўлади, - дея мулоҳаза билдиради қозоғистонлик сиёсий таҳлилчи Нурша жаноблари .

Унингча, минтақа давлатлари фақат КҲШТга умид қилиш билан чекланиб қолмай, балки эҳтимолий таҳдидларни биргаликда бартараф қилишга ҳозирдан киришишлари лозимдир.

Тожикистон президенти қошидаги Стратегик тадқиқотлар маркази расмийси Сайфулло Сафаров Марказий Осиё мамлакатларида ўзаро ҳамкорлик истиқболлари ва хавфсизлик масалалари ғарблик ҳарбийларнинг Афғонистондан чиқиб кетиши масаласи билан чамбарчас боғлиқлигини таъкидлайди.

- Гарчи минтақанинг баъзи давлатлари ўртасида сув ва энергетика заҳиралари ва шу каби бошқа иқтисодий масалаларда айрим келишмовчиликлар мавжуд бўлса-да, Марказий Осиё давлатлари ташқаридан келаётган хавф - ҳатарларга қарши бирлаша оладилар. Шуни ҳам айтиш лозимки, 2002 йили Россия, Ўзбекистон ва Тожикистон террорчиликка қарши биргаликда курашиш борасида учёқлама шартнома ҳам имзолаган. Шундан хулоса қилган ҳолда, қўшнилар ташқи хавфларга қарши биргаликда курашишларига шубҳам йўқ, - дея хулоса қилади Стратегик тадқиқотлар марказ расмийси Сафаров жаноблари.

Аснода Афғонистоннинг Душанбедаги элчиси Абдуғафур Орзу Ахтармуҳаммад “Бордию ғарб кучлари Афғонистонни бутунлай тарк этгудек бўлса, у ҳолда 2001 йил Америкада юз берган террор хуружи дунёнинг бир қатор давлатларида қайта такрорланиши мумкин” лигидан огоҳлантирди.

- Агар Афғонистонда терроризм ва экстримизмга қарши кураш давом эттирилмаса, у ҳолда АҚШда ва умуман дунёда ҳеч қачон тинчлик бўлмайди. Ҳаммамиз 11 сентябр воқеаси гувоҳимиз. Бундай террор ҳужумларининг қурбони биринчи галда Марказий осиёликлар бўлиши табиий, - деди афғонистонлик дипломат Абдуғафур Орзу Ахтармуҳаммад.

Қирғизистон миллий унверситети ўқитувчиси Мурат Суюбаев Америка ўз кучларини Афғонистондан олиб чиқиб кетган ҳолда ҳам ҳали узоқ вақт минтақада қолишига ишонишини айтади.

“Чунки, - дейди қирғизистонлик таҳлилчи Суюбаев, - Америка кучларининг Афғонистонга олиб кирилишидан кўзланган асосий мақсад Форс кўрфази ва Туркманистондан Ҳиндистон ҳамда Хитойга нефт ва газ экспорт қилинишига халақит беришдир”.
XS
SM
MD
LG