Линклар

Вашингтон Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланаётганини айтмоқда


АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг айтишича, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланаётганига ишоратлар бор.

Пайшанба куни Ўзбекистон Бош вазир ўринбосари ва ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев билан учрашувдан сўнг чиқиш қилган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон жумладан бундай деди.

- Ҳукумат расмийлари билан давом этаётган мулоқотимиз муҳим аҳамият касб этади, деб ҳсиоблаймиз. Бу мулоқот чоғида, аввал мен ва ҳукуматнинг бошқа вакиллари айтганидек, ҳар доим инсон ҳуқуқлари ва сиёсий эркинликларга оид хавотирларимизни билдирамиз. Лекин шу билан биргаликда биз ўзбеклар (Ўзбекистон ҳукумати) билан бу борада натижаларга эришиш устида ишламоқдамиз ва бунинг баъзи ишоратларини кўрмоқдамиз ва шубҳасиз, барча масалалар бўйича муносабатларимизни чуқурлаштириш истагидамиз,- деди АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон.

Давлат котиби шунингдек Ўзбекистоннинг Афғонистондаги АҚШ кучларига таъминот юкларининг олиб ўтилишида кўрсатаётган ёрдамини юқори баҳолади.

- Биз Ўзбекистон билан алоқаларимизни қадрлаймиз. Шимолий таъминот йўли масаласида улар бизга катта ёрдам бериб келмоқда. Шунингдек, Афғонистонни қайта тиклашда, ривожланиши ва мамлакатда тинчлик ўрнатилишида Ўзбекистон афғонлар ва Афғонистон ҳукуматига ҳам ёрдам кўрсатмоқда,- дея баёнот берди Ҳиллари Клинтон.

Афғонистондаги НАТО кучларига асосий таъминот йўли ҳисобланган Покистонда хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашгани ҳамда Исломободнинг Вашингтон билан муносабатлари таранглашгани боис АҚШ шимолий таъминот йўлини кенгайтириш истагини билдирган.

Оқ уй АҚШ Президенти Барак Обама чоршанба куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга қўнғироқ қилиб уни Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги билан табриклаганини маълум қилди.

Мулоқот чоғида икки давлат раҳбарлари Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик қарор топишидан ҳам АҚШ ҳам Ўзбекистон манфаатдор эканини билдирган.

Вашингтон инсон ҳуқуқлари борасида Каримов режимини танқид қилиб келган.
XS
SM
MD
LG