Линклар

"У ажойиб ва ғаройиб, гўзал, ниҳоятда гўзал, гуноҳларини тутдек тўккан инсон эди."


Рауф ака хафа бўлишни билмасди.

Устоз Рауф Парфи "Орамиздан кета туриб" иборасини кўп ишлатар эди. Масалан, суҳбат асносида "… деди у орамиздан кета туриб" деб қўяр эди.

Ўз ибораси билан айтганда, устознинг орамиздан кетганига ҳам олти йил бўлибди. Олти йилдан бери Рауф Парфисиз яшамоқдамиз. Лекин унинг дарвишона қиёфаси, шеър ўқишлари, ҳазил-ҳузиллари ҳамон кўзларимизнинг ўнгида.

Мен Рауф Парфи шахсиятини чуқур билиш жиҳатидан мақтана олмайман. Аммо, 1995 йил ёзидан токи 2004 йил ёзигача - тўққиз йил мобайнида кўп бора суҳбатлашиб шахсиятининг баъзи қирраларини кўрдим, тушундим. Назаримда, устоз ҳеч кимдан хафа бўлмаган. Яъни содир бўлган воқеликни худди туш каби қабул қилган.

Хафа бўлиш туйғусидан кейин туғилганман, - дерди у, - Мени хафа қилишнинг турли усулларини ўйлаб топишади. Энди иш столим ғаладонидан қўлёзмаларимни ўғирлаб кетадиган бўлишибди…

Бу гапларни айтганида устоз "Жаҳон адабиёти" журнали таҳририятида ишлаётган эди. Ҳаммуаллифликда қилган таржималарим - ХХ аср олмон шеъриятидан намуналарни устозга топширган эдим. Ўғирланган қўлёзмалар ичида ўша битиклар кетган шекилли, ҳеч топилмади.

Рауф акани яхши кўрадиган аёллар амалга оширарди бу ишни. Жаҳлини чиқариб эътиборини ўзига жалб этиш учун.

Рауф ака пул санашни ёқтирмасди.

Кафега кириб овқатланиб, у-бу нарса ичсак, ҳақини тўламоқчи бўлиб чўнтакка қўл юборсам, менинг олдимга пул санаманг, дер эди. Мол-дунёга, менимча, умри мобайнида парво қилмаган. Шунингдек, кимдир пакетга солиб пул берса, санаб кўрмасди.

Бир гал ичкилик мавзуида гап борганида: " Сиз ўзи мулойим одамсиз. Лекин ичсангиз ваҳшийга айланасиз. Ваҳший!", - деди. Мен ўзимнинг бу қусурим ҳақида кўп уйлаб кўрдим ва нега шундай ҳолат содир бўлишини ҳеч тушуна олмадим.

Устоз ичишнинг беозор усулларини биларди, ҳеч кимга сездирмасдан ҳўплаб-ҳўплаб, кам-кам ичарди, суҳбат асносида бировга оғир ботадиган ибораларни ишлатмасди, ҳаттоки, "Зулм" сўзини чиройлигина алфозда айтардики, инсон сўз ҳуснига қойил қолиши мумкин эди. Сўкинганини эслай олмайман. Ҳа… дарвоқе… Кунлардан бир куни хотинига "Синекдоха!" деб сўккан. Бу адабий термин маъносини англамаган хотини шунда йиғлабди.

Ғалати саволлар беришарди устозга.

Бир гал "Ёзувчи"нашриёти йўлагида турганимизда мухлисларидан бири:

- Рауф ака , аёлларингиз кўплигини биламиз. Фарзандларингиз ҳам кўпдир. Бу ёғи нима бўляпти? - деб астойдил қизиқиб сўради.

- Бу ўзи…, - деди устоз кулимсираб, - қудуққа ўхшаган нарса экан. Қазийсан: одам чиқади. Яна қазийсан: одам чиқаверади.

Ажобтовур гапларни эшитган мухлис ҳайрон бўлди. Бир-икки эшитгувчилар ёнимиздан кулиб ўтиб кетишди.

Кимларгадир телефон қилса, нариги ёқда "Кимсиз?" сўроғи янграса "Рауф Парфи деган девонаман" - деб қўярди. Ҳақиқатдан у девона - шеър ва ишқ йўлидаги савдойи инсон эди.

У ҳамма нарсасини оз-оздан йўқота бошлади: уйини, аёлларини, пулини, дўстларини, шогирдларини. Охир - оқибат ўзи ҳам биздан узоқ-узоқларга йўқолиб кетди. Лекин унинг сиймосини ўйласанг ич-ичинг ёришгандек туюлади. У ажойиб ва ғаройиб, гўзал, ниҳоятда гўзал, гуноҳларини тутдек тўккан инсон эди.

Баҳром Рўзимуҳаммад

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG