Линклар

logo-print

Бир неча соатлик томоша учун миллион доллар ваъда этилган бўлса-да¸ Шакира чечен президенти туғилган кунида ашула айтишга кўнмади.


Отаси ливанлик араб¸ онаси колумбиялик¸ ўзи эса АҚШда яшайдиган поп-юлдузи Шакира Чеченистон президенти Рамзан Қодиров сазасини синдирган кам сонли одамлардан бирига айланди.

Шу кунларда Чеченистон ҳукумати ўз президенти Рамзан Қодиров 35 ëшга кирадиган 5 октябр куни дунëни қойил қолдирадиган даражада катта томоша уюштириш иши билан банд.

Ўша куни ишга тушириладиган Грозний-Ситида ўтказиладиган асосий тантаналарга бир қатор Ғарб санъати юлдузлари таклиф қилинган. Улар орасида Футбол бўйича 2010 йилги жаҳон биринчилиги гимнига айланган Waka-Waka қўшиғи ижрочиси Шакирадан тортиб¸ Оскар мукофоти соҳиб ва номзодлари Ҳиллари Свонк¸ Кэвин Костнер¸ Эва Мендес¸ британиялик машҳур скрипкачи Ванесса Мае кабилар бор.

Чеченистон ҳукумати сўзчиси таклиф қилинганларнинг барчаси Рамзан Қодировнинг таваллуд байрамига келиши тасдиқланганини айтиши ҳамоно Шакира Twitterдаги мухлисларига "Чечен президенти учун томоша уюштириш режаси йўқ"лигини билдирди.

Ҳозирча¸ Рамзанни хурсанд қилиш учун бир-икки мусиқани ўйнаб бериш эвазига 500 минг доллар нақд пул ваъда этилган Ванесса Маенинг¸ шунингдек Ҳолливуд юлдузларининг 5 октябр куни Грознийга келиш-келмаслиги номаълумлигича қолмоқда.

Россиядаги асосий чекист - аввалги ва бўлажак президент Владимир Путиннинг Чеченистондаги ишонган тоғи Рамзан Қодировга¸ унинг мухолифларига кўра¸ Москва томонидан ўз ҳудудида билганини қилиш ҳаққи берилган. Чеченистон мустақиллиги учун курашганларнинг барини ë ўлдириб¸ ë мамлакатдан ҳайдаб чиқарган Рамзан Қодиров¸ ҳуқуқ фаолларига кўра¸ инсон ҳақларини топташнинг қўрқинчли намунасини кўрсатмоқда. Москва очган икки урушдан сўнг инфратузилмалари қарийб барбод бўлган Чеченистонда у бир неча миллион долларлик масжидлар¸ отчопар ва ўз садоқатли қўриқчилари учун ҳарамлар қуриш билан донг чиқарган.

Айтилишича¸ шу кунларда Грозний расмийлари ва Рамзаннинг гумашталари унинг 35-туғилган кунини беш йил бурунгисидан дабдабалироқ қилиб ўтказиш мақсадида миллионлаб долларни ҳавога совуриш билан бандлар.

Ўз хос зиëфатларига миллионларни бериб¸ Ғарб юлдузларини олиб келиш орқали обрў топмоқчи бўлаëтганлар постсовет бойлари ва киборлари талайгина.

Асли ўзбекистонлик экани айтиладиган олигарх Аъзам Асламов ўғлининг Қримда ўтказилган тўйига бир миллион доллар бериб Женнифер Лопезни олиб келган бўлса¸ президент Каримовнинг тўнғич қизи ўз машваратларига ҳар йили Ғарб номдорларини олиб келишни канда қилмайди.

Гулноранинг хос маъракаларини обод қилган Стинг, Хулио Иглесиас, Монсерат Кабалье, Род Стюарт, Таркан¸ Хосе Каррерас каби санъат юлдузларининг Тошкентга келиши учун уларнинг ҳар бирига камида 1 миллион евродан тўлангани айтилади.

Айни кунларда Тошкентда Гулнора Каримова кўзини қувнатиш ва унинг Ғарб санъати шайдоси эканини исботлаш учун юлдузи сўнган бўлса-да¸ яна бир машҳур санъаткорнинг келиши кутилмоқда. “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси хабарига кўра, Art Week Style санъат ҳафталиги доирасида 23 октябр куни Тошкентда таниқли италян бастакори Эннио Морриконе концерт беради. Ҳозирча 83 яшар маэстронинг Тошкентдаги томоша учун қанча ҳақ олиши маълум эмас.

Ғарб матбуоти пул эвазига диктаторлар пилигини кўтариб бераëтган юлдузларни танқид қилса-да¸ "санъатни сиëсатга қўшмаслик"ни тавсия этадиган айрим юлдузлар отарчиликни канда қилмаëтир.

Шундайлар фонида Шакиранинг Рамзан Қодировдек мустабиднинг туғилган кунига "бормайман" дейиши¸ унинг сиëсий жиҳатдан ҳушëрлиги¸ ахлоқий жиҳатдан тўкислиги белгиси сифатида кўрилмоқда.

Афтидан¸ Африканинг қашшоқ ўлкаларида маърифатдан маҳрум ўсаëтган болалар учун мактаб қуриб бераëтган Шакира¸ Чеченистон деган юрт ва унда Рамзан Қодиров томонидан содир этилаëтган жиноятларга оид хабарлардан огоҳ кўринади.

Аммо Шакиранинг бу қарори Ғарб юлдузларини жарақлаган миллионлар саси турганда номи нотаниш юртлардаги инсон ҳақлари бузилишига қарши эътироз билдирадиган юлдузларни кўпайтирадими¸ йўқми¸ буниси қоронғу.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG