Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:10

АҚШ Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланаётганини сезиб қолди


Э. Ғаниев билан учрашувдан сўнг Ҳ. Клинтон Тошкент ҳукумати инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ҳаракат қилмоқда, қабилида баёнот берди.
Э. Ғаниев билан учрашувдан сўнг Ҳ. Клинтон Тошкент ҳукумати инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ҳаракат қилмоқда, қабилида баёнот берди.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланаётгани белгилари кўринаётганини баён қилди. Пайшанба куни Вашингтонда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев билан учрашган Клинтон, "Вашингтон Тошкент билан муносабатларни яхшилаш истагидадир"¸ деди. Икки дипломатнинг учрашуви АҚШ Конгрессининг Ўзбекистонга ҳарбий ёрдамни тиклаш масаласини кўриб чиқаётгани инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг танқидларига сабаб бўлаётган пайтга тўғри келди.


Ҳуқуқ ҳимоячилари сезмай қолган ишоратлар


"Қўшма Штатлар Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва сиёсий эркинликларга оид вазият яхшиланаётганини кўрмоқда", деди АҚШ Давлат котиби. Ўзбекистон Бош вазир ўринбосари ва Ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев билан учрашувдан кейин чиқиш қилган Ҳиллари Клинтон фикрича, буни АҚШ билан Ўзбекистон ўртасидаги мулоқот натижасидир, дейиш мумкин.

- Ҳукумат расмийлари билан давом этаётган мулоқотимиз муҳим аҳамият касб этади, деб ҳисоблаймиз. Бу мулоқот чоғида, аввал мен ва ҳукуматнинг бошқа вакиллари айтганидек, ҳар доим инсон ҳуқуқлари ва сиёсий эркинликларга оид хавотирларимизни билдирамиз. Лекин шу билан биргаликда ўзбеклар (Ўзбекистон ҳукумати - таҳр.) билан бу борада натижаларга эришиш устида ишламоқдамиз ва бунинг баъзи ишоратларини кўрмоқдамиз ва шубҳасиз, барча масалалар бўйича муносабатларимизни чуқурлаштириш истагидамиз,- деди АҚШ Давлат котиби.

Клинтон билан Ғаниев учрашуви АҚШ Конрессининг Ўзбекистонга ҳарбий ёрдам кўрсатишни тақиқловчи санкцияни бекор қилиш масаласини кўриб чиқаётган пайтга тўғри келди. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бундай сўровнома билан Конгрессга мурожаат қилган президент Барак Обама маъмуриятини танқид қилиб келмоқда.

Чоршанба куни Халқаро Амнистия, Озодлик уйи, Ҳюман райтс уотч, Очиқ жамият институти, Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи, Ўзбекистон-Германия форуми, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари, Халқаро меҳнат ҳуқуқлари форуми каби қатор ташкилотлар АҚШ ҳукуматига очиқ мактуб йўллаб, дуёнинг энг репрессив режимларидан бири бўлган Ўзбекистон билан муносабатларни яхшиламасликка чақирди.

Ҳечдан кўра¸ кеч


Клинтон-Ғаниев учрашувидан аввал, Оқ уй АҚШ президенти Барак Обама 28 сентябр куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга қўнғироқ қилиб, уни мамлакат мустақиллигининг 20 йиллиги билан табриклаганини маълум қилди. Обаманинг Каримовга байрамдан бир ой ўтиб қўнғироқ қилгани Вашингтоннинг Тошкентга мулозамати, аслида, инсон ҳуқуқлари яхшиланаётгани эмас, Афғонистондаги АҚШ қўшинларига юкларни етказишда Ўзбекистон орқали ўтадиган Шимолий таъминот тармоғига эътибор кучаяётганидан даракдир, деган фикрларга сабаб бўлмоқда.

АҚШнинг Покистон билан муносабатлари ёмонлашаётгани боис¸ қолаверса Афғонистонга транзитнинг асосий йўналиши ҳисобланиб келган бу мамлакатда хавфсизлик вазияти ёмонлашганини сабабидан АҚШ етакчилигидаги ҳарбий амалиётлар тақдири мавҳум бўлиб қолмоқда. Шунинг учун кейинги бир-икки йил давомида Вашингтон Шимолий таъминот тармоғига умид боғлаб келмоқда.

Қимматга тушган принципиаллик


2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кейин АҚШ етакчилигидаги Афғонистон истилоси эҳтиёжлари учун Ўзбекистон ва Қирғизистонда Америка базалари ташкил қилинди. АҚШнинг ўша пайтдаги Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд 2004 йилнинг февралида президент Каримов билан учрашиб, икки томонлама муносабатлар ривожланаётганини олқишлади ва инсон ҳуқуқларига оид танқидларни рад этиб, Вашингтон ўз муносабатларини “фақатгина битта қадриятга” асосланиб ўрнатмайди, дея баён қилди.

Бироқ орадан кўп ўтмай АҚШ Конгресси демократия ва инсон ҳуқуқлари принципларига амал қилган ҳолда, 2004 йил кузида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти аянчли бўлгани боис Тошкент ҳукуматига ҳарбий ёрдам кўрсатишни тақиқловчи санкцияни жорий қилади. АҚШ Сенатининг молиялаштириш қўмитаси жорий йил 22 сентябр куни айнан ана шу чекловларни бекор қилиш масаласининг Конгрессда кўриб чиқилишига розилик берди.

2005 йил 13 май куни Андижонда тинч намойишчилар Ўзбекистон ҳукумат қўшинлари томонидан ўққа тутилгани АҚШ ва Ғарб томонидан кескин танқид қилингач, Тошкент-Вашингтон муносабатлари жуда совуб кетди ва америкалик ҳарбийлар Ўзбекистондан ҳайдалди.

Покистондаги вазият ёмонлашаётгани боис АҚШ ва НАТО Афғонистондаги қўшинларига юкларни етказиб беришнинг бошқа йўлларини қидиришга мажбур бўлиб қолди ва кейинги бир неча йил давомида америкаликлар Шимолий таъминот тармоғи орқали транзит операциялар кўламини ошириш ҳақида гапира бошладилар. Натижада АҚШ ва Ўзбекистон мулозимларининг ўзаро борди-келдилари қалинлашиб қолди.

2009 йилнинг июлида АҚШ Давлат котиби ўринбосари Уильям Бернснинг Тошкентга ташрифи; 2009 йил декабрида Нью Йоркда икки томоннинг юқори амалдорлари иштирокидаги АҚШ-Ўзбекистон сиёсий маслаҳатлашувлари ўтказилиши; 2010 йил январида президент Каримов Ўзбекистон-АҚШ муносабатларини ривожлантириш тўғрисида махсус фармон эълон қилиши ва кўп ўтмай Брюсселда Европа Кенгаши президенти Хосе Мануэл Баррозо томонидан қабул қилиниши ва 2010 йил декабрида АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг Ўзбекистонга келиши Ғарбнинг Тошкент режими билан яқинлашиш уринишларининг бир қисми бўлди.

АҚШнинг Қирғизистонда базаси бўла туриб¸ Ўзбекистонга каттароқ эътибор бераётгани, жойлашув нуқтаи назаридан юклар транзити учун Ўзбекистоннинг қулайлигидадир¸ демоқда кузатувчилар.

Лилит Геворкян Jane's Information Group тадқиқот марказининг Россия ва МДҲ масалалари бўйича таҳлилчиси:

- АҚШнинг Ўзбекистонда базаси йўқ, шу нуқтаи назардан қўшни Қирғизистон муҳимроқ бўлиши мумкин. Лекин потенциал нуқтаин назаридан¸ Ўзбекистон жуда муҳимдир. Чунки Қирғизистондаги Манас ҳаво базасидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистондан Афғонистонга қуруқликдан ўтиш имкони бор ва бу йўналишда транспорт харажатлари сезиларли даражада арзонроқ бўлади,- дейди таҳлилчи Лилит Геворкян.

Президент таъналарига жавоб


Яқинда WikiLeaks Интернет сайти эълон қилган АҚШ дипломатик ёзишмаларига оид махфий ҳужжатлардан бирида айтилишича, президент Каримов Тошкентда АҚШ Давлат котиби ўринбосари Уильям Бернс билан учрашув пайтида Афғонистондаги ҳарбий операцияларнинг амалга оширилишида Ўзбекистон қўшган ҳисса етарли баҳоланмаётганидан ҳафсаласи пир бўлиб гапирган.

29 сентябр куни Ҳиллари Клинтон Ўзбекистон раҳбарининг таъналарига бундай жавоб қайтарди.

- Ўзбекистон ҳукумати Шимолий таъминот тармоғи масаласида бизга жуда катта ёрдам кўрсатмоқда. Улар шунингдек Афғонистонда қайта қуриш ишларида ҳам ёрдам бермоқда. Улар афғонлар ва Афғонистон ҳукуматининг ўз мамлакатларини қайта тиклаш ва равнақ топган тинч мамлакатга айлантириш уринишларида ҳам яқиндан ҳамкорлик қилмоқда,- деди АҚШ Давлат котиби.

Айни пайтда АҚШ ва Ғарб ҳукуматларининг Тошкент билан яқинлашувига қарши норозилик кампанияси кучаяётганини кўриш мумкин. Ҳуқуқ ташкилотларининг Ўзбекистон режими билан муносабатни яхшиламаслик чақирувидан ташқари чоршанба куни Вашингтонда АҚШ-Ўзбекистон Савдо ва саноат палатаси ҳомийлигидаги бизнес форум ҳуқуқ гуруҳлари ва муҳожиратдаги ўзбек мухолифати томонидан пикет қилинди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев ва АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Роберт Блэйк ҳам бу форумда иштирок этди.

Ўтган ҳафта, Ўзбекистонда пахта етиштирилишида болалар меҳнатидан фойдаланилаётгани боис дунёнинг 60 етакчи ширкати ўзбек пахтасига бойкот эълон қилди.

Шу ой бошида эса, Нью Йоркда президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Ню Йорк Мода ҳафталигидаги иштирокига қарши уюштирилган намойишлар натижасида тадбир ташкилотчилари Ўзбекистон президенти қизини расмий дастурдан чиқариб юборган эди.
XS
SM
MD
LG