Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:40

Сарез кўли 5 миллион одамни ўлдириши мумкин


Сарез кўли 1911 йилда пайдо бўлган.
Сарез кўли 1911 йилда пайдо бўлган.

Ўзбекистонлик мутахасислар Сарез кўлида тадқиқот ишлари олиб бориш истагини билдирдилар.

Роса бир аср аввал пайдо бўлган Сарез кўлининг Марказий Осиё давлатларига хавфи атрофидаги шов-шувлар орадан кўп йиллар ўтиб ҳам сўнмаётир.

Сарез кўли ва унинг хавфини ўрганишга олимлар ўтган асрнинг 20 йилларида киришган эдилар.

Ўша замонлардан буён олимлар ва соҳа мутахасислари кўл ўзанини ёриб чиқиб, тўлқин баландлиги 120 метрга етса, минтақа давлатларидан Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг ярми сув остида қолиши ва бу ҳудудлардаги тахминан беш ярим миллион аҳоли нобуд бўлишидан халқаро ҳамжамиятни огоҳлантириб келадилар.

Тожикистонлик сарезшунос олим Николай Ишук бунинг сабабини Сарез кўлидаги Усой кўчкиси ва ундан ҳосил бўлган тўғон ҳолати илмий жиҳатдан ўрганилмагани билан изоҳлайди.

-Усой кўчкиси ва ундан ҳосил бўлган тўғон ҳолати ҳозиргача ўрганилмаган. Мен “Усой хавфсиз”, десам, бошқа бири “Ҳамма хавф Усойдан” эканини айтади. Лекин мен ҳам, бошқалар ҳам ўз хулосаларимизни исботлаб бера олмаймиз. Чунки биз бугунгача Усой тўғонининг ички ҳолатини ўрганмаганмиз, - дейди тожикистонлик геолог Ишук жаноблари.

Эслатсак, 2009 йили тожик президенти Имомали Раҳмон Сарез кўлини ўрганиш бўйича халқаро консорциум ташкил этиш таклифини ўртага ташлаган эди.

Бироқ Тожикистон фавқулотда ҳолатлар вазирлиги масъули Саъдий Мирзоевнинг Озодликка маълум қилишича, ҳозирча бирорта давлат, жумладан, Ўзбекистон ва Туркманистон ҳукуматлари бу таклифига жавоб берганича йўқ.

- Гарчи Сарез кўлининг ўпирилиб кетиши хавфи Ўзбекистон ва Трукманистонни ҳам ташвишлантираётган бўлса-да, аммо шу кунгача қўшниларимиздан бирортаси халқаро консорцум тузишга оид таклифни жиддий қабул қилганлари йўқ. Шу боис бўлса керак, ҳозиргача биз улардан бирорта аниқ жавоб олмадик, - дейди вазирликнинг Сарез кўли масаласи бўйича бўлим мудири Мирзоев.

Шу ўринда айтиб ўтсак, ортда қолаётган ҳафтада Душанбе шаҳрида Сарез кўли муамосига бағишлаб ўтказилган халқаро конференцияда қатнашган ўзбекистонлик мутахасислар Сарез кўлида тадқиқот ўтказиш- га ҳозирликларини маълум қилдилар. Бу ерда фақат Тожикистон томонининг розилиги лозимлигини айтдилар.

- Сарез бугунги кунда жуда актуал муаммо. Биринчи навбатда шу тўғон хавфсизлигини таъминлаш керак. Усой тўғонининг ҳолати кўп йиллардан бери ўрганилмаган. Шунинг учун унинг бугунги ҳолатини ҳеч ким айтиб беролмайди. Усойнинг ҳолатини ва унининг хавфини илмий жиҳатдан ўрганганимиздан кейин бир хулосага келиш мумкин.

Бу тадбирларни ишлаб чиқишда биз ўзбекистонлик мутахасислар қатнашишни истаймиз. Чунки ўрганмасдан туриб, фақат четдан туриб Сарез кўли ва унинг хавфи ҳақида ҳозирча бир нарса дейишимиз қийин,- дейди Ўзбекистон Фанлар академиясининг баланд тўғонлар бўйича институти директори Эрназар Маҳмудов.

Эслатсак, 1911 йилнинг феврал ойида Помирнинг марказий қисмида (Тожикистоннинг Тоғли-Бадахшон мухтор вилояти ҳудудида - таҳр.) кучли зилзила содир бўлган. Ер силкиниши оқибатида Мурғоб дарёси водийсида катта кўчки тушган. Ўшанда кўчки Усой қишлоғини босиб қолган, қишлоқ аҳолиси эса ҳалок бўлган. Кўчки тушиши катта кўл барпо бўлишига сабаб бўлган. Пайдо бўлган кўл Сарез қишлоғини кўмиб юборган. Шунинг учун бу кўлга Сарез деб ном берилган.

Усой кўчкиси ва Сарез кўли овлоқ ерда жойлашган. Зилзила ўша пайтларда аҳоли пунктларини боғлаб турувчи тоғ сўқмоқларини бузиб ташлаган. Шунинг учун ҳам Усой кўчкиси ва Сарез кўлининг пайдо бўлгани ҳақида фақат 1911 йил ёзига келиб хабар топганлар. Сарез кўли пайдо бўлиши билан бир пайтда кўл сувларининг Усой кўчкиси қатламлари аро ёриб чиқиш хавфи ҳамда Бартанг ва Панж дарёлари водийсида даҳшатли сел тошқини пайдо бўлиш хатари юзага келган.

Узунлиги 60 километр, кенглиги 3 ярим километр чуқурлиги 500 метрли Сарез кўлида 17 миллиард куб метр сув йиғилган.

Сарез кўли ва ундадаги Усой тўғонининг ўпирилиб кетиш хавфини камайтириш борасида Тожикистон ҳукумати ва бир қатор халқаро ташкилотлар фаол сай-ҳаракатлар қилиб келаётгани кузатилади.
XS
SM
MD
LG