Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:53

Каримов фермерларга кенгаш тузишни таклиф қилди


Ўзбекистон президентига кўра, бундай кенгаш илғор фермерлар ва мутахассислардан иборат бўлиши керак.

Фермерлар олдида турган долзарб муаммоларни ҳал қилиш мақсадида тузилажак мазкур кенгаш, Каримов фикрича, фермерлик ҳаракатини янада ривожлантиришда, илғор фермер хўжаликлари тажрибасини оммалаштиришда, соҳани замонавий талаблар даражасида ривожлантиришда муҳим ўрин тутиши керак.

Бу ҳақда Ислом Каримов 1 октябр куни Андижон вилоятига қилган сафари чоғида маълум қилди.

- Фермерлик ҳаракати келажаги фақатгина деҳқончилик билан боғлиқ эмас. Фермерларимиз ўзи етиштирган маҳсулотни қайта ишлаши, саноат ривожида муҳим ўрин эгаллаши лозим. Бу халқ фаровонлигини янада ошириш, мамлакат иқтисодий қудратини мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга. Масалан, фақатгина пахтанинг ўзидан 92 хил маҳсулот ишлаб чиқарилади. Бу қайта ишлаш саноатининг нақадар муҳим аҳамиятга эга эканидан далолатдир, - дея иқтибос келтиради Ислом Каримов сўзларидан Регнум ахборот агентлиги.

Ўзбекистон президентига кўра, Ўзбекистон пахтаси сифати бўйича жаҳон бозорида ўзининг муносиб ўрнига эгадир.

- Шундан келиб чиққан ҳолда, унинг (пахтанинг – таҳр.) нархи ҳам, деҳқонларимизнинг манфаатдорлиги ҳам шунга яраша бўлиши керак, - деди Ислом Каримов.

У бугунги фермер замонавий талабларни чуқур тушиниши лозимлигини қайд этди.

- Шу маънода фермерлар фақат халқ фаровонлигини юксалтиришдагина эмас, мамлакат иқтисодий барқарорлигини таъминлашда ҳамда сиёсатда, ҳар бир ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожида ҳал қилувчи кучга айланиши лозим, - деди Ислом Каримов.

Айни пайтда Ўзбекистон президенти сиёсат ва жамият ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий ривожида “ҳал қилувчи кучга айланиши лозим” бўлган фермерларга қанчалик сиёсий эрк берилиши, улар қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича қарорлар қабул қилишда нақадар мустақил ҳаракат қила олишлари мумкинлигига аниқлик киритмади.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2011 йилнинг 1 июлигача бўлган ҳисоб-китобларга мувофиқ 66134 фермер хўжалиги фаолият юритмоқда ва уларга 5,295 миллион гектар ер ижарага берилган.

Озодлик манбаларига кўра, бугунги кунда ўзбекистонлик фермер ўзига берилган ерга хоҳлаган экинини экиш, банкда ўзига тегишли бўлган пулни ўзи истагандай харжлаш, маҳсулотини ўзи истаган баҳосида хоҳлаган харидорига сотиш ва шу каби бошқа имкониятлардан маҳрумдир.

Каримовнинг кеча очиқлаган ташаббуси бу “тартиб”га ўзгартириш киритадими-йўқми, ҳозирча бу номаълум бўлиб турибди.
XS
SM
MD
LG