Линклар

logo-print
Халқаро Қизил Хоч ташкилоти 100 минг аҳоли яшайдиган Ливиянинг Сирте шаҳрида вазият аянчли эканини маълум қилди.

Сирте аҳолиси ҳокимиятдан ағдарилган Ливия собиқ раҳбари Муаммар Қаддафийга содиқ кучлар ва шаҳарни ўз назоратига олишга уринаётган исёнчи кучлар ўртасида давом этаётган шиддатли отишмалар ўртасида қолган.

Қизил Хоч ташкилоти матбуот вакили шаҳар касалхонасида дори-дармонлар тугаб бораётгани ҳамда отишмалар ва НАТО учқичлари амалга ошираётган бомбардимон сабабли ярадорлар касалхонага етиб бора олмаётганини билдирди.

Қизил Хоч ташкилоти вакилларидан иборат гуруҳ 1 октябр куни Сиртега зарурий таъминот юкларини олиб борганидан сўнг Ливия ўтиш даври миллий кенгашига қарашли кучлар шаҳарга кенг кўламли ҳужум бошлади.

Қизил Хочнинг бошқа вакили Карен Страгг Рейтер ахборот агентлигига халқаро ташкилот етказган юклар аҳолининг муҳтож қатламига тақсимланишига умид қилаётганини айтди.

- Бир гуруҳ вакилларимиз бугун эрталаб Сирте томон йўлга чиқди. Худо хоҳласа, олиб борган нарсаларимизни бугун тарқатишга улгурамиз, - деди Қизил Хоч вакили.

Хабарларга кўра, шаҳарни тарк этиб отишмалардан қочиб қутулиш мақсадида одамлар битта автомобил бакини бензинга тўлдириш учун 800 доллар тўламоқда.
XS
SM
MD
LG