Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 03:11

Аркадияда бўлганмисиз?


Москва халқаро фестивалида иштирок этган ўзбек санъаткорлари.
Москва халқаро фестивалида иштирок этган ўзбек санъаткорлари.

ЕТ IN ARCADIA EGO / non EGO…(Мен Аркадияда бўлдим/бўлмадим...) Москвада бошланган IV Замонавий санъат биенналеси доирасида ўзбекистонлик ижодкорлар гуруҳи яратган санъат асарлари кўргазмаси очилди. Махсус лойиҳада утопик ҳаёлларга ишонч ва шахснинг ижтимоий маъсулияти тўғрисидаги ғоялар битилган экспонатлар намойиш этилмоқда.


Москванинг рассомлар маркази ҳисобланмиш Арбат кўчасида жойлашган “Аз Галереясида” 28 сентябр куни ўзбекистонлик рассомларнинг вернисажи очилди.

Ўзбек санъаткорлари Москвадаги биеналледа
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк



Футуризм ва модерн ғоялари акс этган ва бир қарашда ғаройиб туюлган бу лойиҳа “Маржони” жамғармаси, “Ijod” Ассоциацияси ва Москва Маданият департаменти ҳомийлигида амалга ошмоқда.

Москвадаги кўргазмага тошкентлик рассомлар Санжар Джабборов, Елена Камбина, Заур Мансуров, Александр Николаев, Бобур Исмоилов, Сергей Тичина, Вячеслав Усеинов, Жамол Усмонов, Муҳаммад Фозилий ўз асарларини қўйди. Уларни инсоннинг ҳаёлий оламдан реалликка ўтиши, борлиқни англашга интилаётгани ва турли ниқоблардан ҳозирча самарасиз воз кечишга уринаётгани каби ғоялар бирлаштиради.



Озодлик билан биеннале очилишида суҳбатлашган ижодкорлар гуруҳи куратори, Ўзбекистон Санъат Академияси Санъатшунослик институти бўлим мудираси Нигора Аҳмедова Москвадаги кўргазмани Ўзбекистон "contemporary art" ёки “замонавий санъатидан” бир кўриниш эканини айтади.

- Бизда, Ўзбекистонда мана 15 йил бўлди актуал санъат пайдо бўлганига. Сиз кўриб турган рассомлар шу йўналишни бошлаганлардан, десак хато бўлмайди. Ҳар бир санъаткор ўз фикр-ғояларини яратаётган асарлари орқали намойиш этишга интилади. Биз анчадан бери нуфузли Москва биенналесида иштирок этишга интилаётган эдик. Лекин имконимиз йўқ эди. Ниҳоят, “Маржони” жамғармаси директори Рустам Сулаймонов, “Ижод” ассоциацияси ёрдамида икки йиллик тайёргарликдан сўнг кўргазма очилди,- дейди Нигора Аҳмедова.

Гастарбайтерлар рейси.
Кўргазма ташкилотчиси ҳар бир халқ ўзининг утопик, яъни амалга ошириб бўлмайдиган орзу-истаклари, афсонавий ғояларига эга, дейди.
Кўргазманинг бир хонасини эгаллаб турган марказий экспонатларидан бири – пахса ғиштлардан ясалган самолёт олдида тўхтаган Нигора Аҳмедова бу учқични Советлар тузуми қулаши ортида юзага келган ижтимоий синдром рамзи эканини тушунтиришга уринди. Инсталляция “Гастарбайтерлар рейси”, деб номланган экан.

- Ҳаётдан олинди. Асарни яратган Вячеслав Усеинов самолётларда кўп учади ва уларда кетаётган саноқсиз йўловчиларга кўзи тушади. Бу одамлар бошқа мамлакатга ўз келажагини ўзгартириш, оиласи тирикчилигини тебратиш учун боради. Мен ҳам бу ерда кўплаб шундай одамларни кўрдим, уларнинг ҳаёти оғир, улар ўзларининг ҳаёлий оламини яратгани кетаёгандир. Шу оламни рассом рамзий маънода Аркадия, деб атади. Мана деворда юк ташийдиган сумкалардан ясалган гастарбайтерлар тасвирланган. Пахсадан яратилган гастарбайтерлар самолёти ҳеч қачон учмайди. Лекин улар пахса лойдан самолёт ясашни ҳам тўхтатмайди,- дейди кўргазма куратори Нигора Аҳмедова.

Нигора Аҳмедованинг айтишича, пахса ғиштлар Москвага самолётда олиб келинган ва учқич кўргазма залида ясалган.

"Бизнинг пахса самолётимиз у ёқдан бу ёққа учиб юрибди", дея кулади рассом.

Утопик учқичлар ғояси бошқа авангард рассомлари томонидан ҳам ишлатилган. Масалан, Россияда валенкалардан ясалган самолёт, Германияда эса кўкнори барглари билан қопланган наркосавдогарлар самолёти инсталляциялари ясалгани маълум.

Ўзбек актуал санъати намояндалари кўргазмасига чиқарилган асарлардан яна бири – Сергей Тичинанинг “Биринчи ўқитувчи” асари мухлисларнинг қизиқишини ўзига жалб қилди.

Сергей Тичинанинг "Биринчи ўқитувчи" асари.
Муаллифнинг айтишича, бу лойиҳа 1961 йилда суратга олинган кинорежиссёр Андрей Кончаловскийнинг “Биринчи ўқитувчи” филмининг 50 йиллигига бағишланган.

Бу инсталляция картондан ясалган “девор” билан ажратилган икки қисмдан иборат. Ўнг тарафта болшевиклар ҳарбий кийимидаги “ўқитувчи” ерда ўтирган учта болакайга “замонавий сиёсий билимларни” ўргатмоқда. Доскада катта ҳарфлар билан “ТОВАРИЩ, РЕВОЛЮЦИЯ, ТРУД, ДЕМОКРАТИЯ, БРАТСТВО, СВОБОДА, СПРАВЕДЛИВОСТЬ, КОЛХОЗ, НАРОД, ДИКТАТУРА ПРОЛЕТАРИАТА” ва Шўролар тузуми билан биргаликда ҳаётимизга сўровсиз кириб келган иборалар ёзилган.

“Девор” ортида ҳудди ўша болакайларга саксофон чалаётган Билл Клинтон тасвирланган. Фақат доскага “СВОБОДА, ДМОКРАТИЯ” сўзларидан ташқари “ВАУЧЕР, ФОЙДА, ПРОЦЕНТ, ИНФЛЯЦИЯ, ХУСУСИЙ МУЛК, ВАЛЮТА МЕНЕДЖЕР, БАНК, КРЕДИТ, ИНДЕКС, АКЦИЯ” ва ҳоказолар ёзилган.

“Замон, сиёсат ўзгаргани билан ҳар бир тузумнинг моҳияти ўзгармасдан қолади. У ўзининг ғояларини сингдиришга уринади, халқ эса ўзининг дунёқараши, ўзининг ички тартибларига мос ҳаёт кечиришни давом этади. Ўқитувчилар эса ўтаверади”, дейди бу асарни шарҳлаган кўргазма ташкилотчиларидан бири.

Бобур Исмоиловнинг “Юз”, деб номланган видеотасвири вернисажда алоҳида қизиқиш уйғотмоқда.

Бобур Исмоиловнинг “Юз” видеоинсталляцияси.
Паранжига ўралган аёл филм давомида юзидан паранжини олиб ташлашга уринади, қўп қаватли ёпинчиқни ечади. Лекин бир ниқоб остида бошқаси борлиги туфайли у филмнинг охирида барибир паранжида қолади.

IV Москва Замонавий санъат биенналесида ўз асарлари билан иштирок этаётган рассом, архитектор ва дизайнер Муҳаммад Фозилий замонавий санъат кўргазмасига ижодкорлар томонидан айнан шундай ном берилгани сабабларини тушунтирар экан, аста-секин одамларда утопияларга, ҳаёлий оламга ишонч сўниб бораётганини гапиради. “Одамлар онгида жиддий ғоявий ўзгаришлар юз бермоқда. Бундан кейин нима бўлади?”, дея савол қўяди санъаткор.

- Бу ерда асосан инсталляциялар ва видеоартлар намойиш этиляпти. Бизнинг гуруҳимиз 7 кишидан иборат. Ўзимнинг ишим ҳақида...
Ҳар кимнинг ўз Аркадияси бор...

“Аркадия кутяпти”, деган иш. Бу ерда бизнинг ҳаётимиз тасвирланган. Аркадия – афсонавий дунё, жой. Шу жойга одамлар интилиб бораман дейди. Ҳар бир инсон ишонч-умидлар билан яшайди, лекин Аркадия ўзи йўқ ҳисоб. У афсонавий жойга етаман деб кўпчилик бошқаларни хафа қилади, ўлдиради, қоралайди... Лекин у ерга кетаётганида ҳаёти узилади. Нимага деганда ҳаётимиз тугайди қачонлардир. Рассом Николя Пуссенда “Мана мен Аркадияда”, деган асари бор ва шу ёзув қабрида ҳам битилган. У ҳаётдан кўз юмиб жаннатни кўраман, демоқчи бўлган. Шунинг учун, ҳар бир инсон ўзининг Аркадиясига интилиши керак, интилганда ҳам қайси йўлни танлагани муҳим, деди Муҳаммад Фозилий.

Ўзбек замонавий санъат усталари асарларининг кўргазмаси Москвада 9 октябрга қадар намойиш қилинади.
XS
SM
MD
LG