Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:13

Тожикистонда яна электр муаммоси кузатилмоқда


Чекка ҳудудларда яшовчи тожикистонликлар янги ой бошидан электр таъминотида узилишлар бўлаётганидан шикоят қилаяптилар.

Маълум бўлишича, Тожикистоннинг айрим туман ва қишлоқларида аҳолига бир кеча-кундузда 7-8 соат, баъзи ҳудудларда эса ундан ҳам камроқ электр берилмоқда экан.

Душанбе шаҳрига қарашли Шаҳринав, Ҳисор, Рудакий ва Ваҳдат туманлари ҳамда Хатлон вилоятининг айрим туманлари аҳолиси октябр ойи бошидан электр таъминотида узилишлар бўлаётганидан шикоят қилаяптилар.

Бу йил кутилмаганда электрга жорий қилинган чеклов аҳолига баъзи қийинчиликлар туғдираётгани кузатилади.

- Кеча тунда ўғлим нохос бетоб бўлиб қолди. Ҳаммаёқ қоп-қоронғу, шам ҳам, фонар ҳам йўқ эди, роса қийналдик. Одамнинг бир касали бор, бемори бор, дегандек ахир, ёнимизда эркагимиз йўқ, қўрқасан киши, - дейди Рудакий туманида яшовчи тўрт фарзанднинг онаси Мадинахон.

Маълум бўлишича, айрим туманларда маҳаллий ҳукумат масъуллари аҳолини электр чеклови борасида олдиндан огоҳлантирган ва қиш ғамини ҳозирдан ейишини уқтирганлар.

- Бизда лимит бошланди. Эрталаб ҳам ўчиради, кечқурун ҳам ўчиради. Эрталаб соат 9 дан ўтганда, кечқурун соат 10 да ўчираяпти. Маҳаллада мажлис қилган эди, ўша ерда “бу йил ҳам вазият чатоқроқ, шунинг учун қишликларингни тайёрланглар”, дейилди, - дейди шаҳринавлик Гуландом опа.

Ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталаридан буён тожикистонликлар йилнинг олти ойи давомида электрсиз қолади. Электрга чеклов ҳар йили ноябр ойидан бошланади. Бунинг сабабини расмийлар мамлакат гидроиншоотлари ишлаб чиқараётган электр қувватининг аҳоли эҳтиёжини қондириш учун етарли эмаслиги билан изоҳлайдилар.

Аснода бу йилги чеклов октябр ойидан бошланганига оид маълумотлар “Барқи тожик” ширкати масъуллари томонидан тасдиқланмади.

Республика аҳолиси ва корхоналарига электр сотиш вазифаси бўлган “Барқи тожик” ширкати матбуот хизмати бошлиғи Нозиржон Ёдгорий мамлакатнинг баъзи ҳудудларида электр берилмаётганини электр узатиш тармоқларида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани билан изоҳлади.

Бироқ Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлигининг исми ошкор қилинмаслигини сўраган масъулининг билдиришича, октябр бошидан Тожикистон Афғонистонга электр узатиш ҳажмини аввалги 10 мВтдан 75 мВтга оширган.

Айтиш лозимки, вазир муовини Пўлат Муҳиддинов ҳам шу йил июл ойида журналистларга берган бир матбуот анжуманида ўз давлати октябр ойида Афғонистонга электр узатиш ҳажмини оширишини маълум қилганди.

- Биз 2011 йил охиригача Афғонистонга кунига 11 миллион кВт/соат электр экспорт қилишни режалаштиргандик. Бироқ Сангтўда – Пули Хумри 220 киловольт кучга эга электр узатиш тармоғининг Афғонистонга тегишли қисми охиригача қуриб тугатилмади. Шунга қарамай, биз октябр ойида Афғонистонга электр узатиш ҳажмини 75 мВтгача оширамиз, - деган эди вазир муовини Муҳиддинов.

Таҳлилчилар шу кунларда Тожикистоннинг айрим ҳудудларида аҳоли электр доимий таъминотидан узилиб қолганига ҳам айнан тожик электрининг афғонларга пулланаётгани сабаб бўлаётганини айтмоқдалар.

Мустақил таҳлилчи Искандари Фирузга кўра, Тожикистон электр экспорти бўйича Афғонистон билан шартнома имзолаган ва унинг шартларини бажаришга мажбур. Лекин бу шартномалар Тожикистоннинг ўзида электрга унчалик эҳтиёж бўлмаган ёз мавсуми учун имзоланган эди. Бироқ ҳаво совий бошлаганига қарамай, “Барқи тожик” ширкати Афғонистонга электр сотишни тўхтатмаяпти.

- Бунинг икки сабаб бор. Биринчидан, Афғонистон электр бозорини қўлга киритиш борасида Ўзбекистон билан рақобат қилаётган Тожикистон афғонларга электр экспортини тўхтатишни истамайди. Иккинчидан, мамлакат ичкарисида сотилаётган электр нархи билан Афғонистонга сотилаётган электр нархи қарийб икки баравар фарқ қилади. “Барқи тожик” ширкати эса қулай вазиятда бу имкониятни қўлдан бергиси келмайди, - дейди мустақил таҳлилчи Искандари Фируз.

Таҳлилчининг айтишича, 2000-йиллар бошида Тожикистон халқаро молия институтлари ва хорижий ширкатлар билан шартнома имзолаб, бу мамлакатда қурилажак ГЭСлар учун сармоя ётқизган давлатларга йилнинг исталган фаслида ишлаб чиқарилган электрни ташқарига сотиш имкониятини бериш мажбуриятини олган.

- Шу сабабли, - дея сўзида давом этади таҳлилчи Искандари Фируз, - бугун Россия сармояси эвазига қурилган Сангтўда-1 ва Эрон сармояси эвазига қурилган Сангтўда-2 ГЭСлари ишлаб чиқараётган электрнинг асосий қисми Афғонистонга сотилмоқда. Тожикистон ҳукумати эса бунга қаршилик кўрсатишга юридик жиҳатдан ҳақсиздир.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистонда бир кеча-кундузда тахминан 38 миллион кВт/соат электр ишлаб чиқарилади. Афғонистонга сотиладиган ҳар кВт электр энергияси нархи 3,5 центни ташкил қилади. Тожикистонликлар эса маҳаллий электр ҳар киловатти учун 9 дирамдан (1,9 цент – таҳр.) тўлайдилар.
XS
SM
MD
LG