Линклар

logo-print

АҚШ ўз қўшинларини Афғонистонга Ўзбекистон орқали ташламоқчи

  • Барно Анвар

Шимолий Таъминот тармоғи аҳамиятининг ошиши Москванинг ғашига тегмоқда.

Шимолий Таъминот тармоғи аҳамиятининг ошиши Москванинг ғашига тегмоқда.

Россия матбуоти Ўзбекистон ва АҚШ президентлари яқинда айни масалани муҳокама қилгани ҳақида ёзмоқда.


Россияда чоп этиладиган "Коммерсантъ" нашрининг ёзишича, ўтган ҳафта пайшанба куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан телефон орқали суҳбатлашган АҚШ Президенти Барак Обама Ўзбекистондан ўтувчи Шимолий таъминот тармоғи орқали ноҳарбий юклар транзитини оширишдан ташқари, Америка қўшинларини ҳам ҳам олиб ўтиш масаласини муҳокама қилган.

Бу хабар манбаи The Telegraph нашрига интервью берган Оқ Уйдаги юқори мартабали мулозимлардан бири экани айтилмоқда.

2009 йилнинг феврал ойида ишга тушган Шимолий Таъминот тармоғи орқали Афғонистонда НАТО етакчилигидаги коалиция қўшинларига ташилаётган юк шу вақтга қадар ноҳарбий юклардан иборат экани айтилган.

Сўнгги бир йил ичида Покистондаги нобарқарор вазият боис АҚШ Шимолий Таъминот тармоғи орқали ташиладиган юклар ҳажмини 15 фоизга оширишини ҳам билдирган эди.

"Коммерсантъ" Эндиликда бу тармоқ орқали ҳарбийларнинг ҳам олиб ўтилиши Ўзбекистоннинг Вашингтон учун ҳарбий ҳамкор ўлароқ аҳамиятини янада кучайтириши ҳақида ёзмоқда.

Буни Eurasia.net интернет нашри таҳлилчиси Дейдре Тайнан ҳам эътироф этди.

- Аслида Шимолий таъминот тармоғи конспирация эмас, балки ҳақиқатда иш бераётган таъминот йўлидир. Бу тармоқ орқали ноҳарбий юклар ташилмоқда ва жуда яхши ташилмоқда. Эндиги воқеълик томонлар ўртасидаги муносабатларнинг фақатгина ҳарбий соҳада эмас, балки сиёсий соҳада ҳам анчагина ривожланаётганини кўрсатиб турибди,- дейди Дейдре Танан.

Бу эса, таҳлилчи фикрича, ҳар галгидек яна президент Каримов ҳукумати учун жуда катта имкониятлар эшигини очиб берди.

Зеро, Барак Обаманинг президент Каримов билан телефон мулоқоти, ундан бироз ўтиб АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволи яхшилана бошлагани ҳақида баёнот бериши томонлар ўртасидаги ҳамкорлик аҳамияти ошаётганидан ишорат бераётган эди.

Аслида ШТТ орқали нафақат ноҳарбий юклар, балки қачондир ҳарбийларнинг ҳам ташиш эҳтимоли ҳақидаги савол бу тармоқ ишга тушган даврдан буён АҚШ мулозимларига бериб келинаётган доимий саволлардан бири бўлиб қолмоқда.

2009 йилдан бери бу борада баёнот бериб келаётган АҚШ мулозимлари айнан ҳарбийларнинг олиб ўтилиши бўйича келгуси режаларга оид саволларни очиқ қолдириб келади.

Ҳозирда Тошкент ва Вашингтон ўртасида қалинлашиб бораётган муносабатларда The Telegraph нашри берган бу хабарнинг тез орада реалликка айланишини қувватловчи унсурлар ҳам талайгина.

Президент ва давлат котиби даражасида берилган жиддий баёнотлардан ташқари, АҚШ Сенатининг молиялаштириш қўмитаси 2004 йилда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи аянчлилиги сабабидан жорий қилинган бу мамлакатга ҳарбий ёрдамни тақиқловчи чекловларни бекор қилишга рози бўлди.

"Коммерсантъ"нинг ёзишича, Ўзбекистонга ҳарбий қурол-яроғ харид қилиш учун АҚШ томони маблағ таклиф қилмоқда ва яна айрим манбаларга кўра, Ўзбекистон томони Америкадан вертолёт, пилотсиз учқич, снайпер милтиқлари ва пистолетларни сўраб улгурган ҳам.

Бундан ташқари, яқиндагина Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев етакчилигидаги делегация Вашингтонда бўлиб, Ўзбекистон-АҚШ Бизнес форумида иштирок этиб қайтди.

Бизнес форумнинг эртасига Элёр Ғаниевни қабул қилган АҚШ Давлат котиби Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ўнгланаётгани ва сиёсий эркинликлар кенгаяётгани ҳақидаги кузатувларидан сўз очди.

Бошқача айтилса, томонлар ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик 2005 йил Андижон воқеаларидан олдинги ҳолига қайтиш арафасида.

Фақатгина унда АҚШдан ҳарбий кўмак олиш имконига эга бўлган Ўзбекистон томони бунинг эвазига Вашингтон ихтиёрига Қарши-Хонобод ҳарбий базасини ҳам тақдим қилган эди.

"Коммерсантъ"нинг ёзишича, ҳозир Россия томонини айнан ҳарбий база масаласининг АҚШ-Ўзбекистон ҳарбий ҳамкорлиги кун тартибига чиқишию бирор базанинг Америкага берилиши эҳтимоли хавотирга солмоқда.

Россия дипломатларидан бирининг ушбу нашрга айтишича, шунга қарамай, Москва президент Каримов ҳукуматининг Вашингтон мулозимлари билан изчил яқинлашувига бироз скептик назар билан қарамоқда.

"Ўзбекистон ШТТдаги муҳим ҳамкорлардан бири. Тошкент бу имкондан сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий-таранспорт соҳасига оид максимум фойдани ундиришга ҳаракат қилмоқда. Аммо, Тошкентдагилар АҚШнинг Муборак ва Қаддафий сингари дўстлари ҳоли не кунга тушганини яхши билади" дея иқтибос келтирди "Коммерсантъ" Россиянинг Марказий Осиёга масъул дипломатларидан биридан.

Бундан ташқари, президент Каримов Вашингтон билан муносабатларда бу гал янада узоқроқ бориб, жанубий вилоятлардаги ҳарбий базаларидан бирини тақдим этишини, афтидан, Москвадагилар эътибордан соқит қилмоқда.

"Бу ҳолда Тошкент нафақат Россия, балки Хитойнинг ҳам манфаатларига қарши чиққан бўлади ва бунинг оқибати ёмон", дея огоҳлантиради, жумладан, Россия Ташқи ишлар вазирлиги мулозими "Коммерсантъ" нашри билан суҳбатда.

Ўзбекистон-АҚШ ўртасидаги ҳозирги муносабатларни кузатаётган таҳлилчи Дейдре Тайнан ҳозирга келиб, Ўзбекистон-Россия муносабатлари ҳам аввалгидан ўзгачалиги ва хусусан, ШТТ борасидаги Тошкент ютуқлари Москва учун янгилик эмаслигини тахмин қилади.

- Яқинда Wikileaksда ошкор қилинган маълумотларда ҳам Россиянинг ШТТ тармоғига ҳеч бир эътирози бўлмагани ва аксинча, бошдан буён бу лойиҳани қувватлаб келаётгани айтилган эди. Яъни, Ўзбекистоннинг бу тармоққа оид Вашингтон билан янги келишувлари Россия учун янгилик бўлмайди ва Россия-Ўзбекистон ўртасидаги келишувларга зид ҳам келмайди, - деб ҳисоблайди Дэйдре Тайнан.

Ҳозир Шимолий тармоқ орқали Афғонистондаги амалиётларга қаратилган ноҳарбий юкларнинг 60 фоизи ташилмоқда.

Қолган 40 фоиз миқдордаги юк эса Покистон орқали етказилмоқда.

Покистонда НАТО карвонларига кетма-кет жиддий ҳужумлар ва сўнгги ойларга келиб, Вашингтон ва Исломобод ўртасидаги муносабатларнинг совуқлашгани Барак Обама маъмуриятини Ўзбекистон орқали ўтувчи ШТТга кўз тикишга мажбур қилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG