Линклар

Инсон танаси иммун тизимининг турли инфекцияларга қарши кураши бўйича изланишлар олиб борган уч олим тиббиёт бўйича бу йилги Нобел мукофотини қозонди.

Стокҳолмдаги Каролинска институти томонидан берилган мукофот эгалари америкалик Брюс Бейтлер, люксембруглик Жюль Ҳоффман ва канадалик марҳум олим Ралф Стейнманлардир.

Канадалик олим Ралф Стейнман шу йилнинг 30 сентябрида оламдан ўтган.

- Брюс Бейтлер, Жюль Ҳоффман ва Ралф Стейнман иммун тизими фаолиятининг муҳим жиҳатларига оид тадқиқотлари билан бу ҳақдаги тасаввурларимизда инқилобий ўзгаришлар ясади. Бу билан улар касалликларнинг табиатини тадқиқ қилиш, инфекцион касалликлар, саратон, яллиғланишлар олдини олиш ва даволаш, аутоиммунитет ҳамда вакцина соҳаси ривожида янги даврни бошлаб бердилар, - деди Нобел Ассамблеяси аъзоси Ҳанс-Густав Люнггрен номзодларни эълон қилар экан.

10 миллион швед кронасидан иборат бўлган мукофот пулининг ярми — 1 миллион 460 минг долларини Бейтлер ва Ҳоффманлар бўлиб олади. Қолган ярми эса Ралф Стейнманга бериладиган бўлди.

Тиббиёт бўйича Нобел мукофоти анъанага кўра ҳар йили биринчи бўлиб эълон қилинади. Ҳали олдинда кимё, физика, адабиёт ва тинчлик учун Нобел мукофотлари тақдимоти кутилмоқда.

Мукофот 1901 йилда таъсис этилган.
XS
SM
MD
LG