Линклар

Ўзбекистон халқ ҳаракати сўнмасин


Ўзбекистон халқ ҳаракатининг Каримов режимига қарши Истанбулда ўтказган намойишларидан бири, 1 сентябр 2011 йил.

Ўзбекистон халқ ҳаракатининг Каримов режимига қарши Истанбулда ўтказган намойишларидан бири, 1 сентябр 2011 йил.

Бундай тилак билдирган самарқандлик Салоҳиддин Ўзбекистон халқ ҳаракатини жадидлар ҳаракатига ўхшатганини айтади.


Ўзбекистон халқ ҳаракатига қўшилишни истайман

Москвада мардикорлик қилаётган самарқандлик Салоҳиддин Ўзбекистон халқ ҳаракати фаолиятини доимий равишда оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб борар экан.

- Бу ташкилот ҳақида анча-мунча танқидий фикрлар, анча-мунча ижобий фикрлар билдириб ëтибди. Мен бу ташкилотни бир нарсага ўхшатдим. 1917-1918 йиллар атрофида жадидчилик ҳаракатига ўхшатгим келди. Сабаби ўша вақтдаги жадидчилик ҳаракати маданиятни ривожлантириш, Ўзбекистон ҳурлигини кўриш йўлида жуда кўп кураш олиб борган ва бу йўлда ҳатто қурбонликлар берилган. Охир-оқибат йўқ бўлиб кетган. Шу ташкилотнинг тақдирини мен Ўзбекистон халқ ҳаракатига ўхшатмаган бўлардим. Лекин ўша йўлни танлагани учун бу ташкилотни тақдирлайман тўғриси. Ҳеч қачон сўнмасин, дейман. Ўзбекистон халқининг маънавиятини юксалтиришда ҳеч қачон орқага қайтмаслигини сўраб қолган бўлардим.

Озодлик: Россияда нима иш қиласиз?

- Мен оддий меҳнат муҳожириман. Россияга келганман 5 миллион муҳожир орасида. Кўп қизиқаман. Агар иложи бўлганда, албатта аъзо бўлган бўлардим. Ҳозир биз Татаристондамиз. Ҳеч эшитмадим бу ерда шунақа ҳаракат бор, келинглар деганини. Шунақа ҳаракат борлигини эшитдим узоқдан ва буни қўллаб-қувватлайман. Чунки ўзим Ўзбекистон қанақа аҳволда эканлигини кўриб юрибман. Шунинг учун буни инкор қилиб бўлмайди. Агар иложи бўлса, албатта қўшилган бўлардим, дейди Москвада мардикорлик қилаётган самарқандлик Салоҳиддин.


АҚШдаги акамни топишга ёрдам беринг

Андижонлик Фахриддин Каримов шундай илтимос билан мурожаат қилди.

- Мен Андижондан Фахриддин. Америкада акам бор эди. Шуни "Эркин микрофон" орқали тарқатсакмикан, деяëтган эдик-да. Акамни топишим керак мен. Ҳозир 17-18 йил бўлаяпти Бирлик партиясида фаолият кўрсатиб, Туркия орқали Америка штатига ўтиб кетган.

Озодлик: Акангизнинг исми нима?

- Фазлиддин Ëқубов Файзуллоевич. Туғилган йили 60-йиллар чамаси. Андижонда тиллар институтини битирган. Рус тили ўқитувчиси бўлиб ишлаган ўзимизда. 1997 йил чиқиб кетган.

Озодлик: Ўшандан бери бирор марта гаплашмаганмисиз у билан?

- Гаплашмаганман.

Озодлик: Нимага?

- Энди бизда биласиз-ку. Уйга кириб, “менга телефон номерини, адресини беринглар” дейишим билан улар ҳам бошқача тушуниб, бошқача нимага боради-да.

Озодлик: Бу сизнинг туғишган акангизми?

- Туғишмаган, лекин устозим-да. Жигаримдан яқин кўрган акам. Ўзимнинг акам бўлганида менда телефон номери, адреси бўлмасмиди? Америкадаги ўзбеклар саноқли. "Эркин микрофон" орқали берсак, тез топилар эди деб. 10 апрел куни сизларнинг радиода Фазлиддин Ëқубов деган акам интервью берган интернет орқали. Айтганки, ҳозир мухолифатда ким курашади, ярми қамалиб кетган бўлса, ярми муҳожиратда бўлган бўлса, деган ҳасратли гап гапирган, - дейди андижонлик Фахриддин.


Чироқчи бозорини ОМОНчилар босди

Россиядан қўнғироқ қилган қашқадарёлик Азизбек бу ҳақда Чироқчи бозорида сотувчилик қиладиган қариндошлари орқали хабар топган.

- Асли Қашқадарëнинг Чироқчи туманиданмиз. Исмим Азизбек. Бир-иккита нарсаларни айтмоқчи эдим. Кеча уйдагилар билан гаплашган эдик. Чироқчининг централний бозори бор, деҳқон бозори. Ўша бозорни милиция ходимлари, ҳоким, прокуратура ходимлари ОМОНчилар билан келиб, одамларнинг ҳаммасини машиналарга миндириб олиб бориб, дубинкалар билан уриб, халқни нима қилиб ëтибди, дейди. “150-200 та одам ҳали бозорнинг ичида. Жойи бор одамлар умуман қийналган. Нима қиламиз энди? Қанақа яшаймиз? Бу нима деган аҳвол? Президент биладими бунақа аҳволни? Нимага бундай бўлаяпти” деб кечадан бери 10 марта телефонлашдик. Сизга мана шу гапни айтмоқчи эдим, - дейди Россиядан қўнғироқ қилган қашқадарёлик Азизбек.


**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG