Линклар

logo-print

Тиббиëт бўйича янги совриндорлардан бирининг 30 сентябр куни вафот этганига қарамай¸ Нобел қўмитаси мукофот марҳумда қолажагини билдирди.


3 октябр куни Швеция Қироллик институти Нобел мукофотининг 2011 йилги совриндорларини эълон қилишга киришди ва шу куни Тиббиëт бўйича Нобел мукофотига лойиқ топилган уч олим номини ошкор қилди.

Нобел қўмитаси илм-фан соҳасида дунëдаги энг нуфузли саналмиш бу мукофотнинг инсон туғма иммун системасини ўрганиш йўлида олиб борган буюк тадқиқот ва кашфиëтлари учун америкалик Брюс Бойтлер¸ люксембурглик Юлес Ҳоффман ва канадалик Ралф Стейнманга берилганини эълон қилди.

Бу янгилик ортидан Стейнман ишлаб келган Ню Йоркдаги Рокфеллер университети канадалик олимнинг 30 сентябр куни саратондан вафот этганини маълум қилди.

Университет эълон қилган баëнотда¸ Стейнманнинг тўрт йил муқаддам ошқозон ости бези саратонига чалингани ва унинг умри олимнинг ўзи яратган иммунтерапеяси воситасида 30 сентябрга қадар чўзилгани айтилади.

Бу хабар Нобел қўмитасини¸ ўз тарихидаги қийин қарорлардан бири қаршисида қолдирди - зотан қўмита низомига 1974 йили киритилган ўзгартиришга кўра¸ Нобел мукофотлари фақат тирик олим ва арбобларга берилиши шарт.( Мукофот эълон қилиниши ва унинг тақдимоти орасида юз берадиган ўлим¸ бундан мустасно.)

Шу боис душанба куни халқаро жамоатчилик Нобел қўмитаси Стейнманнинг тақдирланиши борасидаги қарорини ўзгартириш-ўзгартирмаслиги борасида мубоҳаса бошлади. Аммо бу баҳс кўпга чўзилмади ва саноқли соатлар ичида қўмита Ралф Стейнманнинг вафот этганидан бехабар ҳолда қабул қилинган қарор ўз кучида қолажагини эълон қилди.

- Брюс Бойтлер¸ Юлес Ҳоффман ва Ралф Стейнман биргаликда иммун тизими ишлашининг энг муҳим принципларини кашф қилиш орқали бизнинг ўз иммун тизимимизни тушунишимизда инқилоб ясадилар. Ўз кашфиëтлари билан бу учала олим касаллик механизмига оид янги қарашларни барпо қилдилар. Улар юқумли касалликлар¸ саратон¸ яллиғланиш¸ авто-иммун касалликларини даволаш ва улар олдини олиш¸ шунингдек эмлаш тараққиëтида янги истиқболлар очдилар¸ деди Нобел қўмитаси қарорини ўқиб эшиттирган қўмита аъзоси Ҳанс-Густаф Лянггрен.

Инсон иммун тизими билан боғлиқ бу кашфиëтлар¸ мутахассисларга кўра¸ иммунитет бузилиши билан боғлиқ астма¸ саратон¸ ревматик артрит каби касалликларни даволашда янги дорилар яратиш учун замин бўлмоқда.

Нобел қўмитаси қарорига мувофиқ¸ Бойтлер ва Ҳоффман инсон иммун тизимини фаоллаштирувчи рецептор оқсилларни қашф қилганлари учун мукофот пулининг ярми - қарийб 1¸5 миллион АҚШ долларини ўзаро бўлишиб оладилар.

Қўмитанинг дастлабки қарорига биноан¸ 1973 йили иммун тизимига зарарли микро-организмлардан ҳимояланиш имконини берувчи ҳужайраларни кашф қилгани учун Ралф Стейнман мукофот пулининг қолган ярмини олиши лозим эди. Аммо унинг ўлими эълон қилингач¸ бу пулнинг кимга берилиши номаълум қолмоқда.

Нобел мукофоти 10 декабр¸ бу мукофот асосчиси Алфред Нобел ўлган куни¸ ўз янги эгаларига топширилади.

Жорий ҳафта давомида физика¸ кимë¸ адабиëт ва тинчлик бўйича 2011 йилги Нобел мукофоти совриндорлари номи эълон қилинади.

1968 йили Швеция Марказий банки томонидан таъсис этилган иқтисод бўйича Нобел мукофотининг 10 октябр куни эълон этилиши кутилмоқда.

Халқаро майдонда энг машҳур мукофот - Тинчлик бўйича Нобел мукофотининг янги совриндори номи жума куни Ослода эълон қилинади ва беш аъзодан иборат Норвегия Нобел қўмитаси ўз анъанасига содиқ қолган ҳолда¸ танланган сўнгги номзодлар номини қаттиқ сир тутмоқда.

Бу йил мазкур мукофотга 241 арбоб номзодининг қабул қилингани ва улар орасида афғонистонлик ҳуқуқ фаоли Сима Самар¸ Россиядаги Мемориал инсон ҳақлари ташкилоти¸ Зимбабве Бош вазири Морган Цвангирай¸ Германия собиқ канцлери Ҳелмут Кол ва Европа Иттифоқининг борлиги айтилмоқда.

Тинчлик бўйича 2010 йилги Нобел мукофоти Хитой қамоғида қолаëтган диссидент Лю Сяобога берилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG