Линклар

logo-print

Бишкекда сайловдан четлатилган номзодлар тарафдорлари митингга чиқди


Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси аъзолари Олий суд қароридан кейин айрим номзодлар йиққан имзолари яна бир карра текшириб чиқилишини айтмоқдалар.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси аъзолари Олий суд қароридан кейин айрим номзодлар йиққан имзолари яна бир карра текшириб чиқилишини айтмоқдалар.

Қирғизистон Олий суди Марказий сайлов комиссиясининг президентликка номзод 8 кишини сайловдан четлатиш тўғрисидаги қарорини бекор қилди.

Қирғизистон қонунчилигига биноан президентликка номзод 30 минг сайловчидан имзо йиғиб, Марказий сайлов комиссиясига топшириши шарт. Марказий сайлов комиссияси 8 номзод томонидан топширилган имзолардан кўпи қалбаки эканини даъво қилиб, уларни сайловдан четлатган эди.

Бироқ президентликка номзод Нариман Тулеев 136 минг имзо топширганини, уларнинг ичида ҳақиқий имзолар 30 мингга етмаслиги ҳақидаги иддаолар кулгили эканини билдирган эди.

Сайловдан четлатилган 8 номзод биринчи ва иккинчи инстанция судларида Марказий сайлов комиссияси қарорини бекор қилишга эришдилар. Бироқ Марказий сайлов комиссияси номзодлар тўплаган имзоларни қайта текшириш баҳонасида уларни президентликка номзод сифатида расман рўйхатга олишни яна уч кун орқага сурмоқда.

- Суд қарорида “бу номзодларни рўйхатга олинглар” деган банд йўқ. Суд қарорида Марказий сайлов комиссиясининг аввалги қарори ноқонуний экани айтилади, холос. Шунинг учун имзолар қайта текшириб чиқилмагунича ҳеч ким расман номзод сифатида рўйхатга олинмайди, - деди Марказий сайлов комиссияси аъзоси Жарқин Бапанова.

Айни пайтда Қирғизистон парламенти ҳам президентликка номзодлардан 8 нафари сайловдан ноқонуний четлаштирилгани ва уларнинг сайланиш ҳуқуқи қайта тикланиши зарурлиги ҳақида қарор қабул қилган. Бироқ Марказий сайлов комиссияси бунга жавобан “Қирғизистон парламенти, депутатлар, давлат раҳбарлари ва ҳукумат идораларининг Марказий сайлов комиссияси фаолиятига аралашишгиа ҳақи йўқ” дея баёнот берди.

Аснода 4 октябр куни бир қатор номзодларнинг тарафдорлари Марказий сайлов комиссияси олдида митинг ўтказдилар. Юзга яқин норози қўлларига “Акаев ва Бакиев давридагидек сайлов ўтказилишига йўл қўймаймиз” қабилидаги шиорларни кўтариб олишган эди. Митингчилар “Марказий сайлов комиссияси тарқатилсин, номзодлар рўйхатга олинсин” дея ҳайқирдилар.

Митинг ташкилотчиси бўлган “ЭрК” партияси лидери Раис Алимқулов бу биринчи митинг эканини, агар уларнинг талаблари бажарилмаса, митингга бошқа партиялар вакиллари ҳам қўшилишини билдирди:

- Бугунги тинч митинг фақат бошланиши, холос. Келажакда биз ўз кучларимизни президентлик сайловидан четлатилган бошқа номзодлар тарафдорлари билан бирлаштирамиз. Бизнинг акциямиз қонунийлик ғалаба қилмагунича давом этади, - деди Раис Алимқулов.

Айни пайтда “ЭрК” партияси қўллаётган номзод Турсунбой Бакир уули ўзи ва сайловдан четлатилган бошқа олти нафар номзод Марказий сайлов комиссиясини суд ҳукмини бажаришдан бош тортаётганликда айблаб, Бош прокуратурага ариза топширилганини билдирди.

Қирғизистонда президентлик сайлови 30 октябрда ўтади. Президентликка номзод қатори расман 20 одам рўйхатга олинган. Агар Олий суднинг 8 номзодга нисбатан чиқарган қарори бажарилса, унда президентликка талабгорлар сони янада кўпайиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG