Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:41

Душанбега инсон ҳуқуқлари бўйича тавсиялар берилди


Женева Кенгашида АҚШ вакили Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоновга нисбатан эълон қилинган айбловлар олиб ташланишини тавсия қилди.


3 октябр куни Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгаши мажлисида юқори даражали Тожикистон ҳайъатининг ҳисоботи тингланди.

Айтиш лозимки, Тожикистон ҳукумати Женева Кенгашига илк бор шундай мукаммал бир ҳисоботни тақдим этмоқда.

Ҳисобот муҳокамаси чоғида дунё давлатларидан қатнашган вакиллар Тожикистон ҳукуматига бу мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни халқаро стандартларга мослаштириш борасида бир неча тавсиялар берди.

Жумладан, Тожикистон ҳукуматининг Адлия тизими ва қонунчиликни яхшилашга қаратилган ҳаракатларини олқишлаган АҚШ вакили Жон Мариз тожик расмийларига бешта тавсия берди.

Тожикистондаги Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоновга нисбатан эълон қилинган айбловларни олиб ташлашга оид тавсия улардан биридир.

Америкалик вакил, шунингдек, ўз давлати Тожикистон шимолида бундан тўққиз ой аввал ҳибсга олинган Муҳаммадюсуф Исмоилов тақдиридан ҳам хавотирда эканини маълум қилди.

Тожикистонда яқинда қабул қилинган “Фарзандлар тарбиясида ота- оналар масъулияти тўғрисидаги қонун” айрим бандларини танқид қилган Жон Мариз, жумладан, Тожикистон ҳукуматини аёлларнинг рўмол ўрашини тақиқлаган қарори ва дин уламолари томонидан қабул қилинган аёлларнинг масжидда намоз ўқишларини тақиқлайдиган фатвосини ҳам бекор қилишга чақирди.

Ҳисобот муҳокамасида қатнашган Россия вакили Михаил Лебедев Тожикистон ҳисоботини ижобий баҳолаб, ҳукуматнинг одам савдоси ва қашшоқликка қарши курашишга янада жиддийроқ эътибор беришни тавсия қилди.

Швейцария вакили эса Тожикистонда қочқинлар ҳуқуқлари ҳимояланиши зарурлиги ҳамда оиладаги зўровонликларга қарши қонун қабул қилинишига чақирди.

Аснода Канада ва ғарб бир неча давлати вакиллари Тожикистонда болалар меҳнатидан фойдаланишга оид ҳолатлардан ташвиш билдириб, бунга чек қўйиши борасида тожик ҳукуматига айрим тавсиялар берди.

Тожикистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази раиси Суҳроб Шарипов Женева Кенгашидаги дипломатик суҳбатларга муносабат билдирар экан, “маслаҳат характерига эга бўлган бундай тавсияларнинг кўпи бемаъни” эканини таъкидлади. Шуни назарга олган ҳолда, унингча, мустақил давлат саналмиш Тожикистон бу тавсияларнинг ҳаммасини бажариши шарт эмас.

- Гап шундаки, ғарб давлатлари тавсия қилаётган сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқларининг риоя қилиниши ва ҳоказоларнинг ҳаммаси Конституциямизда, қонунчилигимизда бор. Маслаҳат характерига эга бўлган бундай беъмани тавсияларни бераётганларнинг кўпчилиги Тожикистон дунё харитасининг қаерида жойлашгани, қандай маданият ва қандай сиёсий тузумга эгалигини билмайди ва ҳаводан олиб гапираверади. Шуни назарга олган ҳолда, бу тавсияларни бажаришга зарурат сезмаймиз, - деди тожик расмийси Суҳроб Шарипов.

Шу ўринда айтиш лозимки, Ер юзида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни кузатиб бораётган кўплаб халқаро ташкилотлар ўз йиллик ҳисоботларида тожик жамиятида болалар ва аёллар ҳуқуқлари, матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазиятдан ташвиш билдириб, Тожикистон ҳукуматига айрим тавсиялар ҳам бериб келади. Лекин, кузатувларга кўра, тожик расмийлари бундай тавсияларни ҳеч қачон жиддий қабул қилмаганлар.

Мустақил таҳлилчи Раҳматулло Валиев фикрича, БМТ ва бошқа бир қатор халқаро ташкилотларга аъзо бўлиб кирган Тожикистон ташкилот ва унга аъзо давлатлар тавсияларини инобатга олиши ва энг зарурларини эса баражриши лозим.

- Тожикистон БМТ ва бошқа шу каби ҳуқуқий ва молиявий институтларга аъзо саналади. Ундан ташқари, Тожикистон БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бир қатор ҳужжатларини ратификация қилган ва бир қатор мажбуриятларни ўз зиммасига олган. Шу нуқтаи назардан, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни Женева Кенгашида таъкидлангани каби халқаро меъёрларга мослаштириши лозим, деб ўйлайман, - дейди мустақил таҳлилчи Раҳматулло Валиев.

Тожикистон 1995 йили БМТнинг қийноқлар қарши конвенциясини ҳам ратификация қилган эди.

Тожик жамиятида қийноқларнинг систематик тус олаётгани бугунги кунда энг дардли мавзулардан саналади.

БМТ Кенгашининг 3 октябр кунги йиғилишида Тожикистон Бош прокурори Шерхон Салимзоданинг бу мамлакатда қийноқлар масаласига оид маърузаси тингланди.

Бош прокурор ўтган йилнинг саккиз ойи давомида ўз идорасига қийноқлардан шикоят қилган етмишга яқин фуқародан ариза келиб тушганини, ўшандан 16 ҳолат ўз исботини топганини ва мазкур ҳолатлар бўйича зарур чоралар кўрилаётганини билдирди.
XS
SM
MD
LG