Линклар

logo-print

Бу фикрни айтган Мухторжонга кўра, агар терилган пахтанинг ҳар килограммига 200 сўмдан берилса, ҳосилни маҳаллий аҳолининг ўзи йиғиб олаверади.

Навоий вилоятининг Нурота туманидан қўнғироқ қилган Мухторжон уч муаммо ҳақида сўзлади.

“Терим пули арзирли бўлса, ёрдамчига ҳожат қолмайди”

- Охирги фикрим пахта борасида. Навоий санъат ва маданият коллежининг Навоий вилоятининг Навбаҳор туманига олиб борди. Ўша ернинг халқи, масалан, ҳашарчилар келганини ëқтирмаяпти. Суҳбатлашдим биттаси билан. “Бизларнинг ўзимиз терганимиз маъқул эди. Буларнинг нима кераги бор?” деб хуш кўрмаяпти-да. Бошқа жойлар ҳам ҳашарчиларни хуш кўрмайди. Мен бир нарсага амин бўлдимки, 200 сўмдан нархини қилиб қўйса, ўқувчилар ва талабаларнинг пахтага чиқиши шарт эмас. Халқнинг ўзи теришга тайëр. “Ҳашарчилар териб бизларнинг нонимизга шерик бўлди” деб, халқ хуш кўрмайди ҳашарчиларни. Нима кераги бор экан талабаларни пахтага олиб чиқиб, - дейди Мухторжон.

“Саволингизни ўзгартиринг”

Мухторжоннинг айтишича, Ўзбекистон маҳаллий радиоларига қўнғироқ қилган одам аввал-бошдан цензурага дуч келади.

- Ўзбекистон радиолари ҳақида гапирмоқчи эдим. Ушбу радиоларга хонанда, актëр ва актрисалар меҳмон бўлиб келадию улар билан мулоқот бўлади. Телефон қилиб, савол бермоқчи бўлсак, бояги операторми, режиссëрми телефонни кўтариб: “Қанақа савол берасизлар? Бу савол бўлмайди” деб, ўзлари савол айтади. “Ўша саволни беринг ëки саволни ўзгартиринг”, дейди. Хуллас калом, бизлар хонандаларга “Оилангиз ҳақида гапириб беринг. Устозингиз ҳақида гапириб беринг. Қанақа овқат, қанақа ранг яхши кўрасиз?” деган савол беришимиз керак экан-да, - дейди Мухторжон.

“Санъатнинг сиёсатга алоқаси бор”

Гулнора Каримовани ҳимоя қилган ўзбекистонлик журналист Жасур Ҳамроев ҳақиқатни билмас экан, дейди Мухторжон.

- 15-20 кун аввал Жасур Ҳамроев деган журналист билан суҳбат бўлди. Ўша суҳбатдаги бир фикрига менинг саволим бор эди-да. У киши: “Бу ерда мода кетаяпти. Санъат кетаяпти, санъат намойиш этилаяпти. Сиëсат билан санъатнинг нима дахли бор? Мен ҳайронман”, деди. Менинг у кишига саволим бор. Сиëсат билан санъатнинг дахли йўқ бўлса, Юлдуз Усмонова, Обид Асомов, Абдулазиз Каримлар қаëққа ғойиб бўлди? Ўзбек телевидениесидан кўринмай қолди-ку. Ўзбекистон раҳбарларининг бундан хабари йўқ, дейиш хато бўлса керак. 14 йил мустақиллик байрамини ëпиб берган Юлдуз Усмоновани наҳотки Ўзбекистон раҳбари кўрмаган бўлса? Масалан, мустақиллик майдонида Бобомурод Ҳамдамов, Дадахон Ҳасанов, Озод Нурсаидова, Юлдуз Усмонова, Шерали Жўраевлар чиқса, нақадар чиройли бўларди, - дейди Мухторжон.


“Валюта қора бозорига ҳимоячилар хотинлардан қўйилди”

дейди Тошкент шаҳридан қўнғироқ қилган 48 ёшли Адҳам ака.

- Валюта алмаштириш шаҳобчалари бор-ку, ҳаммаси уюшган жиноятчи гуруҳ томонидан назорат қилинади. Ҳамма кўриб туриб, бирортаси реагироват қилмайди. Нимага сиëсий партиялар бу нарсага нисбатан жиддий қарашмайди? Мана ҳуқуқни муҳофаза қиладиган идоралар бор. Прокуратураси бўладими, МВДси бўладими, СНБси бўладими - ҳеч кимнинг иши йўқ. Шу нарсадан ҳукуматимиз боши президентимизнинг хабари йўқ, деб биламан мен. Мен ўзим шу нарса бўйича буларга телефон қилиб хабар бераман десам, “Қаëққа хоҳласангиз, хоҳлаган жойингиздаги шаҳобчага бориб олаверинг” дейди. Борсангиз, яна хотинлар ҳар доимгидай биринчи бўлиб ҳужумни бошлашади. Орқасида ëш йигитлари бор. Буларнинг илдизи ҳуқуқни муҳофаза қиладиган айрим ходимларга нисбатан боғланаркан.

Озодлик: Мана хотинлар уришади, деяпсиз. Шу қандай бўлади? Тушунтириб беринг.

- Шаҳобчанинг олдига борасиз. Дарров шаҳобчанинг олдида, ўзининг гуруҳи бор, ўша гуруҳ дарров ҳужумни бошлайди. Биринчи келиб: “Биз бу ерда турибмиз”, деб айтади. Ëки бўлмаса ëш йигит келиб: “Бу ерда очеред катта”, дейди. Агар сиз: “Йўқ, мен барибир туравераман”, десангиз, уч-тўртта хотин бўлиб келишади. Ана ундан кейин: “мен бир ойдан бери ололмаяпман, мен бир ҳафтадан бери ололмаяпман” деб, хуллас, баҳона. Мақсад шаҳобчанинг олдидан ҳайдаб чиқариб юбориш. Булар тил бириктирган. Ҳар биттасининг ўзининг театрда ўйнагандай роли бор. Ана ундан кейин яна подкрепление керак бўладиган бўлса, прямой буларнинг криша деган бўлади, ўшанга телефон қилиб ўша ëқдан тўғирлашади. Неча йилдан бери-да бу. Битта Тошкентнинг ўзида 600 та шаҳобча бўладиган бўлса, ҳар битта шаҳобчага ҳар куни банкдан сотиш учун тахминан 30 минг доллар келиб тушадиган бўлса, шуни 1-2 соат ичида тинчитишади. Шунинг фарқи, давлат курси ва расмий курс орасидаги фарқ, ҳозир 800 сўм олинадиган бўлса, тахминан-да энди ҳаммаси, где-то 24 миллион бўлаяпти. Битта шаҳобчанинг ўзидан бир кунда бу. Мана энди буни 600 га кўпайтиринг. Ана ундан кейин уни бир йилга кўпайтиринг. Триллиондан ошиб кетаяпти. Арзимаган копейкага олиб бориб тиқиб қўяди, мана бу ерда шунча пул кетаяпти. Буни пенсияга ишлатса бўлади, тадбиркорларга имтиëзли кредит сифатида банк орқали берса бўлади.

Озодлик: Мана ўша ердаги хотинлар, бошқалар қўриқлаб туришади? деяпсиз. Демак, ўша шаҳобчаларга Марказий банкдан валюта келар экан-да сотишга?

- Марказий банкдан валюта келиши аниқ. Марказий банкдан бу ëқдаги қолган банклар сотиб олишади. Уларнинг ўзининг шаҳар бўйича шаҳобчалари бор. Ҳақиқатан валюта бўйича олди-сотти кетаяпти. Лекин у кимларнинг манфаатига кетаяпти? Асосийси, билишимизга қараганда, банк ходимларининг бевосита иштироки бор. Олдиндан келишмаган ҳолда банк ходимлари билан 5-10 та одам бўлиб, бориб кўриб туринг, ўша банкда ўша куни валюта бермайди. Бирор жойда мана шунақа нарса борлигини эшитмаганман-да. Уялиб кетасан, - дейди тошкентлик Адҳам ака.


“20 йилдан буён қафасда яшаймиз”

дейди асли cўхлик Махсим Назиров.

- Мен Фарғона вилояти Сўх анклавидан. Муаммо бор-да. Сўх анклавида 1998 йил Каримов коридор обешат қилган. Ваъдасининг устидан чиқмаяпти-да ҳали ҳам. Сўх райони бу Қирғизистоннинг ичида. Ўзбекистонга қарайди. Аҳолининг ҳаммаси тожиклар. Ўзбекистонга кириш учун аҳволимиз баттар. Жуда қийин. Ўзбекистонга пулсиз кира олмаймиз. Ўзбекистоннинг чегараси деб, масалан, чегарани ҳам айлантириб миналарни қўйиб чиққан. Қўшни районимиз Риштон. Риштоннинг халқига ўхшаб озод юрмаймиз. Нима учун? Мана мустақилликка 20 йил бўлган бўлса, нима учун биз мустақилликдан бу ëғига қафаснинг ичида яшаймиз? Шу саволларимни мен президент аппаратига ë шахсан президентнинг ўзига мен савол бермоқчиман. Ўзбекистон фуқароси паспортини олиб юрамиз, аммо қафаснинг ичида яшаймиз. Шароитимиз оғирлиги майли бизга очиқ, озод юриш бўлса бўлди. Нима учун биз қирғизларга паст келамиз? Саккизтами, тўққизтами қирғиз постидан ўтамиз Ўзбекистонга ўтиш учун. Мен Ўзбекистоннинг фуқаросиман. Ўзбекистон республикаси паспортини кўтариб туриб, Ўзбекистонга ўтиш учун азобдан ўтасиз. Масалан, Риштон ëки бошқа райондан бўлсангиз, сизга отделно қоғоз, чақирув келади. Масалан, мен сўхлик. Мен сизни чақирмасам, сиз районга ўта олмайсиз. Шунақа блокадада яшаймиз, - дейди сўхлик Махсим Назиров.

***********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG