Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:38

Ўқувчилар тарафини олган ўқитувчи пахтазорда калтакланди


Пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланаётган Ўзбекистон расмийлари уларга ҳеч бўлмаганда ҳаққини вақтида бермаётгани айтилмоқда.
Пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланаётган Ўзбекистон расмийлари уларга ҳеч бўлмаганда ҳаққини вақтида бермаётгани айтилмоқда.

Ҳуқуқ фаоли Зиёдулла Раззоқовни мактаб ва Ўзбекистонни ёмонотлиқ қилганликда айблаган мактаб директори калтаклади.


Жиззахнинг Зарбдор туманида истиқомат қиладиган мактаб ўқитувчиси ва ҳуқуқ фаоли Зиёдулла Раззоқов 3 октябр куни кечки пайт ўзи ишлайдиган мактаб директори уни пахта даласида калтаклаганини айтмоқда. Унга кўра, Шароф Рашидов номли 1-умумий ўрта таълим мактаби раҳбари уни хорижий оммавий ахборот воситаларида нотўғри маълумотлар билан чиқиш қилиб, мактаб шаънига доғ тушираётганликда айблаган.

- Мени пахта даласида ўқувчилар ва ўқитувчилар кўз ўнгида қаттиқ калтаклашди. Ўз мактабимизнинг директори Бахтиёр Элмуродов калтаклади. "Нега мактабиимизда бўлаётган ҳолатларни Европадаги ахборот воситасига, яъни Озодликка берасан?" деб калтаклади,- дейди Зиёдулла Раззоқов.

Ҳуқуқ фаоли бундан бироз муқаддам ўзи ишлайдиган мактаб ўқувчиларига пахта тергани учун бериладиган ҳақ кечикаётгани ҳамда ўқувчилар ўз ёнидан 400 сўмдан пул тўлаб, пахтага бориб келаётгани ҳақида Озодликка хабар берган эди.

З. Раззоқовнинг айтишича, шу хабардан бир неча кун ўтиб пахта даласига бир киши келган.

- Шу орада биттаси пахта даласига келди ва ўқувчилар билан эркин мулоқот ўтказди. "Неча кунлик пахта пулини олмадинглар?", деди. Болалар "Саккиз кунлик", деди. Кейин: "Автобусга қанча беряпсизлар?" деб сўради. "400 сўмдан", дейишди,- дейди ҳуқуқ фаоли.

Бу номаълум шахс вазиятни ўрганиб кетганидан бир неча кун ўтиб, яъни 3 октябр куни болаларга беш кунлик терган пахтаси учун пул тарқатила бошлаган ва болалардан йўл кира учун 400 сўмдан ҳақ олиш ҳам тўхтатилган. Аммо, афтидан, муаммонинг ҳал қилиниши баробарида мактаб директорига ҳам қаттиқ гап теккан ва у бунинг учун ўқитувчидан даланинг ўртасида, у раҳбарлик қилаётган 8-синф ўқувчиларнинг кўз ўнгида ўч олган.

З. Раззоқов: "Неки ҳақорат ва калтаклаш бўлса, чидаб беришга мажбур бўлдим", демоқда.

- Мен урсам, биласизми: "Тан жароҳати олди бошқа", дейдида мени осон йўл билан жазога тортишади. Шунинг учун мен тўйганингча ур, дедимда туравердим. Тўйгунича урволди. Кейин ўқитувчилар келиб ажратишди.

Ҳуқуқ фаоли, тан жароҳати олгани оқибатида боши оғриётганини қўшимча қилди.

З. Раззоқовдан олинган маълумот асосида Озодлик мухбири Жиззах вилояти Зарбдор тумани 1-умумий ўрта мактабнинг директори билан ҳам суҳбатлашишга уриндик.

Унга тегишли деб берилган ва охирги учта рақами "067" билан тугайдиган телефон билан боғландик ва қуйидаги жавобни олдик.

Озодлик: Ассалому-алайкум, Бахтиёр ака сизмисиз?

- Ҳа менман, яхшимисиз?

Озодлик: Раҳмат шукр, Бахтиёр ака Элмуродовсиз-а, ака?

- Ҳа, ҳа, ҳа.

Озодлик: Бахтиёр ака, мен журналистман, Барно Анварман. Озодлик радиосидан...

- Йўқ, бу бошқа телефон бу, бошқа, бошқа...

Озодлик: Бахтиёр ака...

- Бошқага тушяпсиз сиз, бошқага...,- дейилган жавобдан сўнг телефон ўчириб қўйилди.

Шу тариқа, 8-9 синф ўқучиларининг ҳам пахтага чиқарилиши, ҳам бунинг учун ўз ҳисобидан 400 сўмдан пул тўлаб, болаларнинг далага бориб келиши, ҳам ҳафталаб бу болаларга меҳнат ҳаққи берилмаётганига қарши чиққан ўқитувчисини калтаклаган мактаб директоридан бу ҳаракатлари учун изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Аммо, энг муҳими, ўқитувчи ва инсон ҳуқуқлари фаоли Зиёдулла Раззоқов кўтарган муаммолардан иккитасининг ижобий ҳал этилгани бўлмоқда.

- Вояга етмаган ўқувчилар пахта даласига чиқиб, ўзининг пахта теримидан топган пулидан 400 сўм автобусга йўлкира учун ҳақ тўлаши куни кеча бекор қилинди. Саккиз кунлик терган пахтаси ололмаган пулларини кеча олишга муяссар бўлди. Лекин, лекин мен бунинг учун фақат ҳақоратландим ва қаттиқ калтакландим, - дейди инсон ҳуқуқлари фаоли бўлган мактаб ўқитувчиси Зиёдулла Раззоқов.

Шу вақтга қадар ўқувчилар, ўқитувчилар, фермерлар ва оддий аҳоил вакиллари ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келган 45 ёшли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг Жиззах вилояти бўйича вакили Зиёдулла Раззоқовнинг ўзи бу гал ҳуқуқий ҳимояга муҳтож бўлмоқда.

- Албатта, мен Ички ишларга мурожаат қилдим. Менда ҳамма фактлар бор ва марҳамат, давлатимиз бу инсоннинг менга қилган муносабатини текшириб кўрсин, зарур чораларни кўрсин! Мен қонун доирасида ўз ҳаққимни ҳимоя қиламан, табиийки, - дейди ҳуқуқ фаоли.

Зарбдор тумани Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, тан жароҳати олган ва тез тиббий ёрдамга мурожаат қилишга муҳтож бўлган ўқитувчи Зиёдулла Раззоқовнинг аризаси қабул қилинган, қайд этилган ва айни кезда мактаб директори Бахтиёр Элмуродовнинг ҳаракатлари устидан суриштирув ишлари бормоқда.
XS
SM
MD
LG